Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хитойча «музқаймоқ» ёки Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги «қиёфа»сига муносиб баҳо

Баҳо:
+ | -

“Uzbekistan show that possession doesn't mean everything as they score the lone goal of the first half. Might get an ice cream for the second half...”.

Бугун хориж сайтларининг бирида (“www.reddit.com”) Ўзбекистон-Хитой учрашувидан уюштирилган онлайн трансляция матнини кўздан кечира туриб, шу сўзларни ўқиб қолдим. Ўзбек тилига қуйидагича таржима қилиш мумкин: “Ўзбекистон тўпга кўпроқ эгалик қилиш у қадар муҳим аҳамиятга эга эмаслигини биринчи таймдаги биргина голи билан кўрсатиб қўйди. Балки, ўйиннинг иккинчи ярми учун музқаймоқ олишар”. (Қаранг-а, машҳур сўз устасининг репертуари хорижда ҳам “бренд”га айланибди).

Жиддий айтганда, ўйинни шарҳлаган чет эллик мутахассис юқоридаги иборани қўллаётганда айнан нимага ишора қилганини тушунмадим-ку, аммо, кечаги ўйинда ўзбекистонлик футболчилар иккинчи таймда ҳақиқатда муздаккина “музқаймоқ” (“Made in China”) “егани” аниқ.

Хўш, нега? Нима учун биринчи ўйиндан сўнг кўпчиликка қудратлидек (ҳар ҳолда чет эл оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон терма жамоаси турнир фаворитларидан бири сифатида кўрсатилаётган эди) кўринган терма жамоамиз Хитой қаршисида ип эшолмай қолди? Нега ҳеч кимдан, тўғрироғи, футболимиз “дарғалари”, “таҳлилшунослар”, “футболшунослар”имиздан садо чиқмаяпти? Шимолий Корея мағлубиятга учратилганда ҳамма (футболчилар, мураббийлар, журналистлар... ва ҳоказо, ва ҳоказо) “булбулигўё”дек “навозиш” қилаётган эди-ку!

Миржалол Қосимов интервьюларида Осиё кубогига тайёргарлик жараёнида асосий эътибор жисмоний машқларга қаратилаётганига алоҳида урғу берган эди. Футболчилар ҳам айнан жисмоний машғулотлар жуда “оғир” ўтаётгани, аммо, “машқда қийин бўлса, жангда осон” бўлиши ҳақида бот-бот гапиришди. Қизиқ, юқоридаги шунча гап-сўздан кейин Хитойдан қабул қилиб олинган “зарба”... жамоанинг жисмоний жиҳатдан тайёр эмаслиги билан изоҳланди! (Жепаровнинг интервьюси ёдингиздадир?). Унда хориж йиғинларида жамоа нима билан машғул бўлди?...

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида нега шу ҳақда мураббийга саволлар берилмади? Қани ўйин ҳақида, учрашувнинг умумий манзараси, футболчиларнинг майдондаги хатти-ҳаракати, интизоми, руҳияти тўғрисидаги таҳлилий чиқишлар (мақолалар, кўрсатувлар, эшиттиришлар, мутахассис фикрлари...)? Ёки турнир якунланишини кутяпмизми?
Тасаввур қилинг, Россия терма жамоаси бирон йирик турнирда ўзидан кучсизроқ саналган термага ютқизиб қўйди! Ўшанда ҳақиқий таҳлилни кўрасиз — қайси футболчи ўйиннинг умумий “картинаси”га тушмагани, футболчилар қанча масофа югургани, ким қанча тўп узатишни амалга оширгани, қайси футболчи ўша куни руҳий ёки жисмоний жиҳатдан толиқиб қолгани, жамоа ўйин мобайнида яна қандай тактикаларни қўллаши мумкинлиги ҳақида мулоҳазалар тинмайди. Афсуски, бизга бу даражада юқори профессионаллик етишмайди.

Яна бир гап. Ўзимизникилар панада турган бир пайтда хориж сайтларида Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубогидаги ўйинлари ҳақида ўринли ва асосли, энг муҳими, футболимиз мутасаддилари учун сабоқ бўладиган фикрлар билдириляпти, таҳлиллар янграяпти. Мени эътиборимни “www.sportsdaily.ru” веб-сайтида Ўзбекистон-Хитой ўйинидан кейин эълон қилинган “Простая азиатская химия” сарлавҳали материал тортди:

“Эссиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси умумий фонда гўё тош асрининг вакилларига ўхшаб кўринди. Бу туришда жамоанинг кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалаши жуда қийин. Замонавий футболда жамоанинг 80-90 фоиз учрашуви бир-биридан фарқ қилмаса, бу — жамоанинг келажаги йўқлиги, шунингдек, ўйинчиларнинг мураббий кўрсатмаси, тактика ва интизомни менсимаслиги ёки амал қилмаслигини билдиради.

Кейинги йилларда Осиёнинг бир қатор футбол жамоалари ўйин услубига қандайдир янгиликлар сингдирилди, аммо Ўзбекистон қотиб қолгандек. Австралия, Япония, Корея терма жамоалари футболчилари ўйинлардан роҳат олади, оёқларига тўп тушса завқ билан ҳаракат қилади, ўзбекистонлик чарм тўп усталаридан фарқли равишда ўйинда қўлини белига тираб юрмайди, учрашувга ўз шахсий нуқтаи-назари ёки манфаатидан келиб чиқиб ёндашмайди. Чунки, улар — юлдуз, Миржалол Қосимов жамоасининг энг яхши ўйинчиси эса 2008 йилда Божовичнинг ўртамиёна “Амкар”ига ҳам тўғри келмаганди.

Умуман, кўпгина Осиё жамоалари кейинги 15 йил орасида Европа ва бошқа қитъа вакилларининг энг яхши жиҳатларини миллий футбол хусусиятларидан келиб чиқиб бойитиб борди. Оддий кимёвий тажриба шуни кўрсатадики, баъзида, “эски гвардия”сиз ривожланиш кўпроқ самара беради. Бу мулоҳаза нафақат кадрлар масаласи, балки, футболга бўлган умумий муносабатга ҳам тегишлидир”

Аччиқ, аммо, очиқ гаплар, шундай эмасми? Тўғри, юқоридаги фикрларнинг барчасини ҳам мутлақ ҳақиқат, деб бўлмайди. Бироқ, йўқдан кўра бор, ўша таҳлил. Менимча, ўзбек футболининг айни шароитдаги ҳолатига бундан бошқа “муносиб” таъриф ҳам йўқ, аслида.
Бизда ҳозирча ҳаммаси айқаш-уйқаш. Парадокс. ЖЧ саралашидан кейин Қосимовнинг зиммасига жамоани ёшартириш, янги қон олиб кириш вазифаси юклатилган эди, аммо, ҳали ўша “қон”ни кўрмадик. Аксинча, бизнинг ўйинимизда “эски гвардия” ҳамон олдинги сафда! Ёки мухлислар ҳозир ҳам жамоанинг олдига Осиё кубогида қандай вазифа қўйилганини аниқ билмайди. Биридан сўрасанг гуруҳдан чиқиш дейди, бошқаси чемпионликни ваъда қилади, яна бирови ўтган йилги натижани такрорлаш, ҳатто, яхшилаш мақсадида эканликларини жар солади...

Буларнинг сабабини сўрайдиган “тирик жон” эса йўқ.

Саломат бўлинг!

Дилшод Нуруллоҳ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:43, 16.01.2015.
Ўқилди: 17965 марта.
Фикрлар: 65 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.