Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Пул ҳаммага керак, лекин...

Баҳо:
+4 | -

Ўз вақтида келажаги порлоқ ҳужумчи сифатида эътироф этилган Санъат Шихов янги мавсумни “Навбаҳор”да бошлашга яқин турибди. Сўнгги бир неча мавсумни Самарқанднинг “Динамо” клубида ўтказган Шихов янги мавсумга “Олмалиқ”да тайёргарликни бошлаганди. Ҳужумчи жамоа сафида бир нечта назорат учрашувларида ҳам майдонга тушишга улгурди. Бироқ сўнгги паллада клубни тарк этди. Маълум бўлишича, у ўз хоҳишига кўра жамоадан кетган. 

Санъатни  “Олмалиқ”да қолиши деярли аниқ бўлган. Чунки ҳужумчининг ҳаракатлари мураббийлар штабига манзур бўлиб, футболчини клубда олиб қолишни режалаштиришган. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, Шихов ўз хоҳиши билан жамоадан кетишини сўраб, Игорь Шквиринга мурожаат қилган. Ваҳоланки, ўша вақтда футболчининг олдида ҳеч қандай таклиф бўлмаган. Шунчаки, у мураббийга жамоада ўйини “очилиб” кетмаётганини айтиб, кетишга рухсат сўраган. Шундай бўлса-да, мураббийлар қўйиб юборишни истамаган, аммо футболчининг ўзи хоҳлаб турса, қолаверса, ўйини чиқмаётганини айтса, наилож!  

Очиғи, Санъатнинг тутган бу йўли шахсан мени хурсанд қилди. Нега дейсизми? Охирги вақтларда футболчиларимиз пулни биринчи ўринга қўяётгани кишини хафа қилаётганди. Ўйнамасада захирада ўтириб, пул топиш айрим ўйинчиларимизнинг одатига айланиб қолганди. Тинмай жамоа алмаштиради-да, сабабини сўрасангиз захирада қолиб кетаётганини пеш қилади. Аслида уни захирада қолиб кетиши мавсум аввалидаёқ аниқ бўлади. Шунчаки, бошида буни айтсангиз тан олгиси келмайди. Боиси, мақсад пул ишлаш! Қандай қилиб дейсизми? Ойлик-маош, мукофот пуллари ўз йўлига. Чунки футболчиларимиз бунга қараб қолишмаган. Улар учун мавсум аввалида бериладиган кўтарма пуллари муҳим. Кўтарма пуллари шундай пулки, йил давомида оладиган маош ва мукофот пулларидан ҳам кўпроқ. Қолаверса, ҳали ўйнамасданоқ бу пулга эга чиқиш мумкин. Бели оғримаганни нон ейишини кўр, дейди доно халқимиз. Клубларимизда фаолият кўрсатаётган мутасаддилар ҳам футболчиларга ўзининг чўнтагидан пул бермайдида, истаган ўйинчисига истаганича кўтарма пули бериб юборади. Оқибати нима бўлди? Футболчиларимиз ҳам ўз-ўзидан шунга ўрганишди. Захирада ўтирса нима? Йил бошида кўтарма пули олиб бўлган. Мавсум ярмида клубдан кетадида, бошқасига ўтиб яна кўтарма пули олади. 

Шунинг натижаси ўлароқ футболчиларимиз узоғи 23 ёшдан кейиноқ катта-катта орзуларни пулга алмаштиришмоқда. 23 ёшга етиб бормасдан мақсади ўзгараётган юлдузларимиз ҳам талайгина. Асосий мақсад қисқа вақт ичида пул топиш бўлиб қолмоқда. Худди бутсасини михга илганидан кейин ишсиз қолиб кетадигандек! Тўғри, футболчилик даври қисқа давом этади, аммо фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам қандайдир иш билан шуғулланади-ку, бекорчи бўлиб қолмайдику! Ҳеч бўлмаса футбол мактабида мураббий бўлиб ишлайди. Бизнинг футболчилар фаолиятини якунлаганидан кейин худди оч қоладигандек, фақат пул ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолишган. Қайси ўйинчига нима сабабдан жамоанинг ўйин савияси тушиб кетди, натижалар ёмонлашяпти, дея савол берсангиз, аксари бир хил жавоб қайтаради: “Молиявий муаммолар, раҳбарият берган ваъдаларини бажармаяпти. Бундай ҳолатда қандай қилиб ўйнагингиз келади? Сизга ҳам пул беришмаса ишлагингиз келмайдику, тўғрими”, дея оғзингизни ёпишга ҳаракат қилади. Бирор бир футболчи кучимиз етмаяпти, тайёргарлигимиз жойида эмас демайди. Айбдор фақат пул!

Тўғри, маошда узилиш бўлса, ҳеч кимнинг кайфияти юқори бўлмайди, аммо кимнинг молиявий муаммоси йўқ? Ким осонликча пул топаяпти? Ҳамма қанчадир маош учун ҳам тер тўкиб меҳнат қиляпти. Аҳамиятлиси, футболчилар яхшигина шароитларда, яхшигина пулларга меҳнат қилмоқда. Шуни ҳисобга олишса бўлмайдими? Худди Месси ёки Роналду олаётган пулни уларга беришса ўша юлдузлардек ўйнаб кетадигандек! Кечирасизку, ҳозирда олий лигада тўп тепаётган футболчиларимизнинг тўртдан уч қисмини савияси жуда паст. Ўша маҳаллада тўп тепаётган ҳаваскор ўйинчиларни бир-икки ой яхшилаб шуғуллантирсангиз олий лигада ўйнаб, ўзларини профессионал санаётган футболчиларнинг даражасига бемалол чиқади. Чунки олий лигада тўп тепаётган “юлдузларимиз”да ҳайратга соладиган жиҳат йўқ. Буни ҳеч кимга сир эмас. Улар бир неча йиллардан буён оддий ўйин намойиш қилиб келишаётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Яна бир гап. Айрим футболчиларимиз етакчи клублар сафига қўшилади. Сабабини пул билан боғласангиз қатъий инкор қилиб, ўйнаш учун келганлигини изоҳлайди. Тўғри, инсон орзу қилишга ҳаққи бор, бунга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Қолаверса, ҳаётда бир марта бундай имконият бўлиши мумкин, шу боис ҳаракат қилиши шарт! Бироқ инсон ҳар қанча уринмасин максималидан ортиғини бажара олмайди. Оддий мисол, бугунги кунда мамлакатимизнинг энг кучли футболчилари Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаровни “Реал” ёки “Барселона”га олиб бориб қўйсангиз ўйнаб кета оладими? Албатта йўқ. Агар ўйнаб кета олишганида аллақачон уларни испан клублари харид қилиб улгуришган бўларди. Бундан хафа бўлмаслик керак. Сабаби, инсон Яратган томонидан берилган иқтидорнинг максималидан фойдаланади. Ундан ортиғига кучи етмайди. Бизнинг футболчилар шуни тан олгиси келмайди. Етакчи клубга келадида, биз учун кутилганидек ярим мавсум захирада ўтириб, кўтарма пулини ишлаб олганидан сўнг танаффусда жамоасини ўзгартиради. Лекин ўша вақтда ҳам жамоага пул учун ўтгансиз, десангиз тан олмайди. Захирада қолиб кетганини ё мураббийнинг ишончсизлиги ёки ўзининг тайёргарлиги паст бўлгани билан изоҳлайди. Қизиғи, у бундан ортиғига қодир эмаслигини ўзи ҳам, бошқалар ҳам биларди. Шунчаки, пул уни етакчи клуб сафига ўтишини таъминлаганди.  

Санъат Шихов ҳам индамасдан камида ярим мавсум “Олмалиқ”да ўйнаб, балки захирада ўтириб, пул ишлаб олса бўларди. Аммо у буни ўзига эб кўрмабди. Гарчи унга ҳеч қандай таклиф бўлмасада, қўрқмасдан ўйини чиқмаётганини инобатга олган ҳолда клубдан кетишни лозим, деб топибди. Агар барча футболчиларимизда шундай ирода бўлганида, пулни эмас, касбини ўйлаганида бугун олий лигада савиясиз ўйинчиларнинг сони бу қадар кўпайиб кетмасмиди? Майли, Санъат “Навбаҳор”да ҳам “портлаш” қилиб юбормасин, лекин бу “Олмалиқ”нинг захирасида ўтириб, пул топгандан яхшироқ. Бошқача айтганда, пулини ҳалоллаб олиш десак муболаға бўлмайди. Инсон ўз имкониятини чамалашни билиши шарт. Акс ҳолда ҳаётда жуда кўп қоқилади ва танқидларга учрайди.  

Сўзимиз якунида шуни айтмоқчимиз. Албатта, пул ҳаммага керак, чунки пул ҳаётнинг бир бўлаги, аммо пул деб касб масъулиятини унутмаслик лозим. Акс ҳолда ҳам касбга, ҳам сиздан нималарнидир кутаётган халқимизга ҳурматсизлик қилган бўласиз!

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 23:42, 10.02.2015.
Ўқилди: 6952 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.