Ҳар бир футболчи ёшлигида қайсидир клубда тўп суришни орзу қилади. Ўз устида ишлаган, тинимсиз машаққатларда тобланган футболчига бир кун келиб дунёнинг гранд клубларидан ажойиб таклифлар тушиши табиий. Бугун сизлар билан Каталониянинг «Барcелона» клубидан тушган таклифларни рад этган чарм тўп усталари ҳақида фикр юритамиз.
1. Ўзига хос рейтингни «Реал»нинг асосий футболчиси Криштиану Роналду очиб беради.
2009 йил у «Манчестер»дан кетар чоғида Мадридга кўчиб ўтишни истаганди. Бироқ сер Алекс Роналдуни «Барcелона» мутасаддиларига таклиф қилди. Ўз-ўзидан каталония раҳбарлари ҳам бу футболчини ўз таркибига қўшиб олишни исташади. Бироқ мадридликлар собиқ президенти Роман Калдерон Роналду фақат Мадридга келади, дея барча масалага ойдинлик киритганди.
2. Антуан Гризман
Футболчининг айтишича, у «Реал Сосьедад»да 2010 йил ўйнаб юрган кезлари Каталония клубидан таклиф тушган. «2009/2010 йилги мавсумда «Барcелона» агентим билан музокара олиб борган. Улар мени дастлаб «Барcелона Б»да, кейин ўйиним маъқул келса, бош жамоага ўтишимни айтишганди. Ўшанда ўз жамоам билан эндигина Сегундадан қайтганимиз боис, у ерга яна қайтишни истамаганман», – дейди Гризман.
3. Давид Луис
2013 йил Давид Луис Каталонияга кўчиб ўтишига бир баҳя қолганди. «Ҳа, менга «Барcелона»дан таклиф тушганди, аммо ўзим рад этдим. Терма жамоадаги шерикларим Неймар ва Дани Алвес «Барcелона» либосини кийишга роса ундашганди. Таклифни рад этишда ҳеч кимнинг алоқаси бўлмаган. Ҳаммаси ўзимнинг хоҳишим билан бўлган», – дея изоҳ беради Луиз.
4. Кейсуке Хонда
2013 йил япониялик футболчи ЦСКА билан шартномасини узайтирмасликни очиқчасига айтганидан кейин бир қанча клублардан таклиф тушди. Хонда болаликда «Милан» сафида ўйнашни орзу қилган ва шу йили ниятининг рўёби амалга ошиши учун қулай вазият юзага келди. Шу ўринда каталонияликлар ҳам япон футболчисини ўз сафига қўшиб олиш учун бир уруниб кўришди, бироқ Хонда болаликдаги орзуси армонга айланиб қолишини истамади.
5. Тибо Куртуа
Виктор Валдес «кўк-анорранглилар»ни тарк этиши маълум бўлгач, жамоада дарвозабон муаммоси очиқчасига кўриниб қолди. Қизиқиш доирасида Каталония клуби Тибо Куртуага ҳам шартнома таклиф қилди. Лекин бельгиялик посбон «Челси»га қайтишни лозим топди.
6. Бранислав Иванович
2013 йили Европа лигасининг финалидан сўнг «Барcа» ўнг қанот ҳимоячиси билан музокараларни бошлаб юборди. «Моуриньо жамоага қайтганидан сўнг у билан трансферим борасида гаплашиб олдик. У менга шундай сўзлар айтдики, жамоани тарк эта олмадим. Менга клубдаги ўрним қай даражада муҳим эканлигини уқтира олди», – дейди футболчининг ўзи.
7. Рафаэль Варан
Охирги ёзги трансфер чоғида «Барcа» марказий ҳимоячи қидириш билан қаттиқ банд бўлди. Варан учун 20 миллион евро таклиф қилинди, аммо футболчининг ўзи Рамос ва Пепе соясида қолиб кетса ҳам Каталония клубига ўтмаслигини айтб ўтди.
8. Коке
Ўтган мавсумдаги ажойиб ўйинларидан сўнг Кокени бир қатор клублар ўз сафига қўшиб олишни режалаштиришди. Улар орасида «Барcелона» ҳам бор эди. Лекин Коке барча таклифларни рад этди. Хусусан, каталонияликларнинг таклифи ҳақида шундай деди: «Албатта, мана шундай топ-клуб сен ҳақингда қизиқиб, таклиф билдирса, ёқимли. Лекин мен «Атлетико»да қолишни истайман. Айни дамда менинг уйим Мадридда».
9. Марко Ройс
Марко Ройс мавзуси Бундеслигада муҳокама қилинган энг катта баҳслардан бирини бўлди. «Барcелона» ўзига қўйилган чеклов туфайли Ройсга 2016 йилгача чидаб туришни айтди. Лекин Марко буни қабул қилмади. «Мен «Барcа»да қайси чизиқда ўйнайман? Менинг чизиғимда Месси, Неймар ва Суарес триоси ҳаракат қилади. Қисқаси, менга у ерда жой йўқ», – дейди Ройс.
10. Хуан Куадрадо
Бир неча кун олдин «аристократлар» орасига қўшилган Куадрадо ҳужумни севадиган футболчилар тоифасидан эканлиги сир эмас. «Барcелона» унга қанот ярим ҳимоясидан жой таклиф қилди. Чемпионлар лигасидаги ўйинларни, унда голлар киритишни муҳимроқ деб ҳисоблаган колумдиялик футболчи бу таклифни рад этган.