Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Керакли мавзу ёки сизни қизиқтирган саволларга жавоблар

Баҳо:
+ | -

Футбол мухлиси стадионда ўзини қандай тутиши керак? Унга нима мумкин, аксинча, қайси ҳаракатлар тақиқланган? «Футбол ва ҳуқуқ» рукнидаги навбатдаги мақолани ўқиш асносида шулар ҳақида маълумот олиш баробарида турли саволларга ҳам жавоб олишингиз мумкин.

Футбол ишқибози қандай бўлиши керак?

Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 22 февралда 2430-сон билан «Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш қоидалари» рўйхатга олинди. Таъкидлаш керакки, бу қоидаларда келтирилаётган меъёрий талаблар футбол мухлисларига қўйилаётган илк жиддий талаблардир.

Телефон мумкинми?

Спорт иншоотига кириш вақти томошабинлар (мухлислар) чиптага асосан спорт иншоотига кириш ва жойлашиш, пластик сурнайлар, дастаси пластикдан бўлган байроқчалар, дастаси йўқ байроқлар, фотоаппаратлар, мобиль телефонларини ўзлари билан олиб кириш ҳуқуқига эгалар.

Мухлисларнинг гуруҳларига спорт иншоотига ичи кавак (телескопик) дастали байроқлар ва барабанларни олиб киришга рухсат берилади. Бунда байроқнинг максимал ҳажми 1 х 2 метр, дастасининг максимал узунлиги эса 1,2 метр бўлиши керак.

Бўянмай келинг!

Томошабинлар (мухлислар)нинг маст ҳолда спорт иншоотига киришлари, спиртли ичимликларни олиб келишлари, тамаки маҳсулотлари ёки бошқа маст қилувчи воситаларни спорт иншооти ҳудудида истеъмол қилишлари мумкин эмас.

Бундан ташқари, мухлис ўзи билан санчадиган ёки кесадиган предметлар, чемоданлар, портфеллар, катта ўлчамдаги ўрамлар ва сумкалар, шиша идишлар, шунингдек, бош­қа томошабинларга ва тадбир ўтказишга халал берувчи турли буюмларни олиб келиши мумкин эмас. Юз ёки тананинг бошқа қисмларини бўяш, тадбирга жониворлар билан келиш тақиқланиши қонунчиликдаги жиддий янгиликлардан биридир.

Федерацияни ҳурмат қилиш керак

Футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилаётган вақт томошабинлар бошқа жамоаларнинг мухлисларига нисбатан қўпол муносабатда бўлмасликлари, давлат рамзлари, шунингдек, Ўзбекистон футбол федерацияси, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, клублар ва жамоаларнинг рамзларига ҳурмат билан ёндашишлари шарт.

Футболчини ўпишга уринманг!

Футбол бўйича баҳс ўтказилаётган вақтда мухлисларнинг турли буюмларни майдонга, ўйин иштирокчиларига қараб улоқтиришлари, машъа­ла ёки гулханлар ёқишлари, футбол майдонига чиқишлар, жамоалар, ҳакамлар, мураббийлар ва захира ўйинчилари ўрин олган жойга, допинг назорати хонасига, расмий шахслар учун мўлжалланган хона ва VIP-ложа ёки стадионнинг бошқа махсус хоналарига киришлари тақиқланади.

Пулингиз куйди!

Қоидаларнинг талабларига риоя этмаган ёки унга бўйсунишдан бош тортган шахслар спорт иншоотига қўйилмайдилар ёки чиптанинг ҳақи тўлаб берилмасдан мусобақадан четлаштириладилар.

 

Турли савол-жавоблар

Мадҳияни ижро этамиз!

Савол: - Юртимизда кўплаб спорт мусобақалари ўтказилади. Биламиз, мусобақалар миллий мадҳиямиз билан бошланади. Унинг ижро этилишига оид аниқ бир талаб борми?

Жавоб: - Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 3 декабрда 2533-сон билан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари»га мувофиқ, спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Давлат мадҳиясининг ижро этилиши мусобақа ташкилотчилари томонидан таъминланади.

Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари, миллий терма жамоалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимлариниўтказиш вақтида ижро этилади.

Давлат мадҳияси тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, давлат байроғига юзини бурган ҳолда куйланади (тингланади).

Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш маросими халқаро спорт ташкилотларининг мавжуд амалиётини инобатга олган ҳолда белгиланади.

 

Допингга қонунларимиз нима дейди?

Савол: - Футболда «допинг» атамаси кўп ишлатилади. Қонунларимизда бу борада нима дейилган? Допингдан фойдаланган футболчини четлаштириш масаласи ҳақида маълумот берилса...

Жавоб: - «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонуннинг (янги таҳрирда) 16-моддасига биноан, спорт билан шуғулланишда жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органлари, халқаро спорт ташкилотлари томонидан ман этилган воситаларни қўллашга йўл қўйилмайди.

Юқори спорт кўрсаткичларига эришиш мақсадида стимуляторлардан, допинг моддаларидан, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ман этилган бошқа воситалардан фойдаланган спортчи мусобақалардан четлаштирилади.

Стимуляторлар, допинг моддалари ва бошқа ман этилган воситаларни тарқатиш ёки ишлатишга қасддан кўмаклашаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ, жавобгарликка тортиладилар.

 

Буюртма қилган бўлсангиз, нима дердик...

Савол: - Танишларим орқали Туркиядан спорт жиҳозлари топтирдим. Уларни олиб киришда сертификатлаш мажбурийми?

Жавоб: - Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган «Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати»нинг 76-позициясига биноан, спорт анжомлари ҳам бундай маҳсулотлар сирасига киритилган.

 

Мураббий бўлиш учун фирма очиш шартми?

Савол: - Маҳаллада футбол тўгараги очиб, унда ёш болаларга мураббийлик қилмоқчи эдим. Бунинг учун фирма очишим шарт эмасми?

Жавоб: - Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати»нинг 54-позицияси «Жисмоний тарбия-соғломлаштириш фаолияти (шейпинг, аэробика, спорт секциялари, саломатлик гуруҳлари), тренерлик хизматлари», 55-позицияси эса «Тўгараклар ташкил этиш ва юритиш», дея келтирилган. Кўриниб турибдики, сиз бу фаолият тури билан бемалол юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланишингиз мумкин.

 

40 фоиздан кам бўлмасин

Савол: - Футбол ўйинлари пайтида ташкил этиладиган лотереялар масаласи ҳақида савол бермоқчи эдим. Унинг ютуқ жамғармаси қанча бўлиши керак?

Жавоб: - Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сон қарори билан тасдиқланган «Лотереяларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ўйин ташкилотчиси (ёки муассис) деб «лотереялар ташкил этиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳамда ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирларнинг бутун комплексини ўтказишни ташкил қилувчи ва маблағ билан таъминловчи юридик шахс - Ўзбекистон Республикаси резиденти» кўрсатиб ўтилган.

Ўйинларнинг ютуқ (мукофот) фондлари қуйидаги миқдорларда белгиланиши керак:

- тиражли ва лаҳзали лотереялар учун - лотерея билетларини тарқатишдан олинган пул маблағлари суммасидан қатъий назар, чиқарилган лотереялар ҳажмининг камида 40 фоизи миқдорида;

- лотереяларнинг бошқа турлари учун - тарқатилган лотерея билетлари умумий суммасининг камида 40 фоизи миқдорида.

Маълумот ўрнидаЛотерея  юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ихтиёрийлик асосида ўйин билетларини тарқатиш йўли билан жалб қилишни назарда тутувчи таваккалчиликка асосланган ўйин бўлиб, улар бўйича тушган маблағларнинг бир қисми ўйин қатнашчиларига буюм ёки бошқа ютуқлар ҳолида ўйин (тираж) натижаларига кўра тўланади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:12, 21.02.2015.
Ўқилди: 9841 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.