"Пахтакор" ва "Нафт" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманига дастлаб эронликлар бош мураббийи ташриф буюрди.
— Яхши ва қийин ўйин бўлди. Ҳар иккала жамоа яхши ўйнашга ҳаракат қилди. "Пахтакор"нинг биринчи голи биз учун кутилмаганда киритилди. Бизнинг айрим футболчилар ўз савиясида ўйнай олмади. "Пахтакор" эса яхши ўйнади. Қизил карточка уларнинг ўйинини кучайтирди. Бугунги ўйин тарихга айланди, биз энди навбатдаги турда бўладиган "Ал-Айн"га қарши ўйин борасида ўйлай бошлаймиз.
— Қизил карточкадан кейин "Пахтакор" кўп хатоларга йўл қўя бошлади. Ўша пайтда шогирдларингиз нима учун тез ўйнамади?
— Биз жисмоний жиҳатдан яхши чиниққанмиз, ёмон ўйнамадик. "Пахтакор"нинг 2-рақамдаги футболчиси (Егорь Кримец — std.uz) яхши ўйнади. У ҳужумда яхши ўйнашимизга изн бермади. Биз ҳисобни тенглаштирганимиздан кейин мезбонлар ҳимояда янада жипслашган ҳолда ўйнай бошлашди. "Пахтакор" иккинчи голни уриб олганидан кейин ҳимояга катта эътибор қаратди ва деярли бизга имконият қолдирмади.
— Совуқ об-ҳаво ўйинга таъсир кўрсатди, деб ўйлайсизми?
— Эронда ҳам шундай об-ҳаво ҳукм сурмоқда, шу боис бу борада муаммога дуч келдик деб айта олмайман.
— Яқинда ОФК таркибида Марказий Осиё футбол ассоциацияси ташкил этилди. Бунга аъзо бўлган Ўзбекистон ва Эрон мамлакатлари қандай манфаатга эга бўлишади.
— Икки давлат футболи бир биридан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Ташкилотга аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон футболи яқин 5 йил ичида анча ўсишга эришади. Бу минтақада Ўзбекистон ва Эрон футболи бошқалардан кучли. Лекин ташкилотнинг бошқа мамлакатларида футбол секин ўйналади. Мен анчадан бери ўзбек футболини кузатиб келаман. У пайтда Миржалол Қосимов ҳали футбол ўйнарди. Сўнгги ЖЧ саралаш босқичида ҳам мен Эрон миллий терма жамоасида Кейрушга ёрдамчи бўлдим. Ўзбек футболи ҳақида илиқ фикрларга эгаман. Ўйлайманки, Ўзбекистон ва Эрон минтақанинг бошқа мамлакатлари футболи ўсишида ёрдам беришади.
— Нима учун "Нафт"нинг икки нафар легионери ўйин қайдномасига киритилмади?
— Сафимизда Эрон миллий ва олимпия терма жамоаларининг бир қанча аъзолари бор. Уларга халқаро тажриба тўплаш имкониятини бердим.