Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Александр Волков: «ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритишимиз шарт»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз ўтган ойда Австралияда ўтказилган Осиё кубоги - 2015 мусобақасида қатнашиб, чорак финалгача етиб борди. Бош жамоамизнинг ўша турнирдаги иштироки кўп бора муҳокама қилинди. Олдинда эса Миржалол Қосимов шогирд­ларини яна-да жиддий синов - ЖЧ -2018 саралаш баҳслари кутиб турибди. Терма жамоамизнинг Осиё кубоги - 2015даги иштироки ҳамда Россияда 2018 йили ўтказиладиган мундиалга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилишини билиш мақсадида, миллий терма жамоамизнинг мураббийлар штабида фаолият юритадиган Александр Волков билан суҳбат уюштирдик. 

- Александр Геннадьевич, мулоқотимизни январь ойида Австралияда ўтказилган Осиё кубоги - 2015га оид умумий фикрларингиз билан бошласак...

- Тўрт йил олдин Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубоги - 2011 билан таққосланганда, бу йилги қитъа чемпионати анча савияли ўтди. Боиси, 4 йил ичида Осиё футболининг савияси анча кўтарилибди. Ўйин сифати, футболчиларнинг ижрочилик маҳоратлари анча юксалибди. Айниқса, Австралия, Япония ва Жанубий Корея терма жамоаларининг кўплаб ўйинчилари кучли хориж чемпионатларида ўйнашаётгани ҳам уларнинг ўйинларида юксалиш пайдо қилган. 

Миллий терма жамоамиз тўғрисида тўхталадиган бўлсам, бизда авлодлар алмашинуви юз беряпти. Қатардаги биринчиликда бош жамоамизнинг таркиби анча тажрибали футболчилардан иборат бўлиб, улар ҳақли равишда кучли тўртликдан ўрин олишганди. Бу сафарги мусобақада эса термамиз сафида кўплаб ёш ўйинчилар бор эди. Улар гуруҳ баҳсларининг 3-тури  доирасидаги Саудия Арабистони (3:1) термасига қарши кечган учрашувда ўзларининг энг яхши сифатларини намо­йиш этиб, саудияликларни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлишди. Лекин чорак финалдаги Жанубий Корея (0:2) термаси билан бўлган ўйинда вазиятлардан самарали фойдалана олмай, мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди. Кореяликларга қарши кечган учрашувда футболчиларимизнинг индивидуал маҳоратлари бироз камлиги, бунинг устида ишлаш лозимлиги намоён бўлди.

Аммо ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, бош мураббий Миржалол Қосимов ёш ўйинчиларнинг руҳиятларида ўзгариш ясай олди. Саудия Арабис­тони билан бўлган учрашувда бунга барча мухлислар гувоҳ бўлишди.

Чорак финалда бирорта араб жамоаси бизга рақиб бўлганида, уни бемалол мағлубиятга учратган бўлардик. Бунга ишончим комил.

Футболда омаднинг ҳам муҳим роль ўйнашини унутмаслик лозим. Бир сўз билан айтганда, чорак финалда омадимиз келмади. Масалан, Япония терма жамоаси финалда ўйнашга қодир эди. Лекин БАА термаси билан бўлган чорак финал баҳсида 4 йил олдинги Осиё чемпиони пенальтилар сериясида имкониятни бой берди. Миллионлар ўйини шундай кутилмаган натижалари билан ҳам қизиқ.

- Терма жамоамизнинг мураббийлар штаби натижадан қониқиш ҳосил қилдими?

- Йўқ. Боиси, биз йигитларнинг иқтидорларини тўлиқ намойиш этишларига эришолмадик. Жамоамиз бундан ҳам яхшироқ натижа қайд этишга қодир эди. Жанубий Корея термасига қарши кечган учрашувнинг «овер-тайм»ларида вакилларимизнинг эмас, айнан кореялик футболчиларнинг оёқлари томирлари тортишиб қолди. Ваҳоланки, шахсан мен бунақасига ҳеч қачон дуч келмагандим. Боиси, кореялик ўйинчилар майдонда робот каби ҳаракатланадилар. Лекин бош жамоамиз билан бўлган ўйинда кореяликлар толиқиб қолишди. Бу эса футболчиларимизнинг жисмоний ҳолатлари талаб даражасида эмас, деган айрим кишиларга ўзига хос жавоб бўлди.

 - Лекин КХДР ва Хитой терма жамоаларига қарши кечган учрашувларда вакилларимизнинг жисмоний ҳолатларида камчиликлар кўзга ташланди. Термамизнинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи сифатида бу хусусда нима дея оласиз?

- Тўғри, кўпчилик гуруҳ баҳсининг 2-тури доирасидаги хитойликлар билан бўлган ўйиндан кейин йигитларнинг жисмоний тайёргарликларида муаммолар борлигини гапирди. Лекин 3 кундан ке­йин Саудия Арабистони билан бўлган учрашувда бу сўзлар ўз исботини топмади. Нима, 3 кун ичида футболчиларнинг жисмоний тайёргарликлари яхшиланиб қоладими? Йўқ, албатта. Бу ерда руҳий омил катта  роль ўйнади. Осиё кубоги - 2015 турнирига тайёргарлик йиғинлари доирасидаги назорат учрашувларида ҳеч қайси рақибдан мағлубиятга учрамадик. КХДР билан бўлган ўйинда кичик ҳисобда ғалаба қозондик (1:0). Лекин ўша учрашувда ҳисоб камида 5:0 бўлиши керак эди. Аммо футболчилар вазиятлардан фойдалана олишмади.

Хитойликлар билан бўлган ўйинда эса ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан кейин футболчиларимиз рақибни осонликча мағлубиятга учратамиз, деб ўйлашди чоғи, хотиржамликка берилишди. Футбол эса бундай хатоларни кечирмайди. Оқибатда чин юрти вакиллари якунда ғалабани илиб кетишди - 2:1.

Таъкидлаш жоизки, Хитой термасидан олинган қақшатқич зарба йигитларга катта сабоқ бўлди. Улар бир дақиқа ҳам бўшашишга ҳақлари йўқ экани, Осиёнинг энг нуфузли ушбу турнирида барча рақибларни ҳурмат қилиш лозимлигини тушуниб етишди. Уларга жисмоний тайёргарлик эмас, аксинча,  психология панд берди. Чунки 3 кун ичида жисмоний тайёргарликни маромига етказиб бўлмайди. Шунинг учун бундай мусобақаларда футболчиларнинг руҳиятларига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Физиологияга мурожаат қиладиган бўлсак, мушакларни асаб тизими бошқаради. Мабодо асаб тизими бўшашса, мускуллар ҳам яхши ишламай қолади. Бу ерда асосий роль психологияга боғлиқ. Биз эса йигитларнинг руҳиятларини кўтаришга муваффақ бўлдик.

- Футболчиларимизнинг кўплаб қулай вазиятлардан самарали фойдалана олишмаганини қандай изоҳлайсиз?

- Бу терма жамоа ва клубда ишлайдиган барча мураббийларнинг муаммоси.  Айрим терма жамоаларнинг ўйинчилари хавфли вазиятларни ҳам юзага  келтира олишмади. Футболчиларимиз эса аксинча, қулай вазиятларни кўкка совуришди. 

Терма жамоага юқори савияли ўйин­чилар таклиф этиладилар. Биз маш­ғулотларда футболчилар билан 5 метр­дан очиқ дарвозани ишғол этишни машқ қилсак, унда жиддий нарсаларни ўргатишга вақт етмайди.

Йигитларнинг хавфли вазиятларни амалга ошира олмаганликларига, клуб миқёсидаги сўнгги ўйинни ноябрь ойининг бошларида ўтказишгани ҳам сабаб бўлди. Чунки ўтган йилги мавсум 8 ноябрда ўз якунига етганди. 12 ноябрь санасида эса «Локомотив» ва «Бунёдкор» ўйинчилари Ўзбекистон кубоги финалида майдонга тушишганди. Кейин эса таътил, сўнгра Осиё кубогига тайёргарлик. Шунчаки, футболчиларда ўйин ритми бузилганди.

Ишончим комил, улар 2 ойдан ке­йин хавфли вазиятлардан самарали  фойдалана олишади. Расмий ўйинлар билан назорат  учрашувларининг барибир фарқи бор. Масалан, янги мавсумга тайёргарликни хорижда олиб бораётган клубларимиздан бири - «Бун­ёдкор» вакиллари назорат ўйинларида 1 ёки 2тадан ортиқ тўп кирита олишмаяпти. Бу эса уларда ўйин амалиётининг йўқлиги билан боғлиқ. Йигитларда уйғунлик бор, лекин ўйин амалиёти йўқ эди. Уйғунлик бўлмаганида, хавфли вазиятлар юзага келмасди. Вазиятлардан фойдаланолмаслик эса бу энди бошқа масала.

- Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий фақат айрим етакчи клубларимиздагина бор. Сизнингча, бундай мутахассис олий лигамизнинг ҳар бир жамоасида бўлиши керакми?

- Бўлмасам-чи?! Янги мавсумга тайёр­гарлик режасини бош мураббий тузади. Лекин унинг иши кўп - мураббийлар штаби, клуб раҳбарияти, ОАВ ва ишқибозлар билан мулоқот олиб бориш ва ҳоказо. Шунинг учун унинг қўл остида  жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис бўлмаса, қийин бўлади. Менимча, ҳар бир клубда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ишлайдиган кунлар келишига ҳам оз қолди. Масалан, олдин дарвозабонлар мураббийи фақатгина 2-3та клубда фаолият олиб борарди, холос. Ҳозир эса шундай мутахассис барча жамоаларда ишлайди. Демак, секин-аста барча клубларимиз шу тизимга ўтишади, деб умид қиламан. Бу эса терма жамоада фаолият олиб бораётган биз - мураббийларнинг ишини анча осонлаштиради. Боиси, йигитлар терма жамоа ихтиёрига келишганидан кейин 2 ёки 3 кундан кейин майдонга тушишлари керак. Шу сабабли, уларнинг жисмоний тайёргарликларини маромига етказишнинг иложи йўқ.

- Олдин сиз «Бунёдкор»да фаолият юритардингиз. Терма жамоамизда ишлай бошлаганингиздан кейин, «қалдир­ғочлар»нинг мураббийлар штабидан кетдингиз. «Бунёдкор»ни тарк этишингиз терма жамоадаги ишингиз боғлиқми?

- Йўқ. Шунчаки, «Бунёдкор» билан ўтган йилнинг 31 декабригача шартнома имзолагандим. Келишув муддати якунланганидан кейин клуб раҳбарияти шарт­номани узайтиришни истамади. Шу сабабли, «Бунёдкор»ни тарк этишга  мажбур бўлдим. Эшитишимча, жамоага хориждан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий таклиф этилган.

Футбол менинг ҳаётим. Уйда 2 кундан ортиқ ўтиролмайман. Мабодо, бирорта клубдан таклиф бўлса, жон деб ишлардим.  Лекин Австралиядан январнинг охирида қайтганимизгами, ҳозирча бошқа жамоалардан таклифлар бўлмади. Аммо бунга умид қиляпман.

- Яқинда терма жамоамизнинг асосий дарвозабони Игнатий Нестеров жиддий жароҳатланди. Энди Игнатийнинг деярли бир йил давомида майдонга тушолмаслиги ойдинлашди. Бу бош жамоамизнинг  ўйинларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?

- Албатта. Чунки Нестеров кийиниш хонаси ва ва майдонда ҳақиқий етакчи эди. Игнатий Осиё кубоги - 2015да ўйин савияси анча ошганлиги, мулоҳазакор эканлигини намойиш этди. Унинг ишонч­ли ўйини ҳимоячиларимизнинг ҳам руҳиятларини кўтарди. Қисқаси, шундай ажойиб кипердан ажралганимиз афсусланарли ҳолат. Лекин бундан чиқиш йўлини топиш керак. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлисларнинг ишончларини оқлашимиз шарт. Уларга баҳоналар эмас, ғалабалар керак.

- Бу йилги мавсум бошланишига ҳам оз муддат қолди. Энди буёғига терма жамоамизга номзод футболчиларнинг ўйинларини кузатасизми?

- Худди шундай. Март ойининг охирида терма жамоамиз Япония ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади.

Энди терма жамоамиз вакиллари тайёргарликни ўз клубларида олиб боришади ва уларнинг бош жамоамиз ихтиёрига қандай ҳолатда келишлари буёғига улар тўп сурадиган жамоаларга боғлиқ. Миржалол Қўшоқович таъкидлаганидек, терма жамоанинг эшиги барча учун очиқ. Биз нафақат термамизга номзод ўйинчиларни кузатамиз, балки терма жамоамиз таркибида янги номлар пайдо бўлишига ҳам ҳаракат қиламиз.

- Терма жамоа кучли бўлиши бўлиши учун миллий чемпионатнинг савия­си юқори бўлиши керак. Сизнингчабуни амалга ошириш учун нима қилиш керак?

- Менимча, бу борада илк қадамлар ташланиб, олий лигамиздаги клублар сони  16тага етказилди. Юқори ўринлар учун кураш олиб борадиган жамоалар сони ошди. Жангчи жангларда иштирок этибгина, моҳир жангчи бўлиб етишади. Футболчиларимизнинг ўз маҳоратларини намойиш этиш имкониятлари ошди. Боиси, энди улар ички биринчилик доирасида 30та учрашувда майдонга тушишади. Ўйинлар сони кўпайса, юкламалар ҳам бошқача бўлади. Бу эса чемпионатимизнинг савияси ошишига ёрдам беради. Учрашувлар кескин тус олади. 

- Лекин клублар сони кўпайса, очко улашувчи жамоаларнинг ҳам кўпа­йиши эҳтимолдан холи эмас...

- Бу нарса юз бермаслиги учун клубларнинг инфратузилмалари ва молиявий ҳолатларини яхшилаш керак. Ўшанда рақобатбардош жамоалар кўпаяди. Бундан ташқари, ўйин сифати ҳам ошади. Кўплаб иқтидорли йигитлар ўзларига клуб тополмай юришибди ёки биринчи лига жамоаларида ўйнашмоқда. Элитамизда клублар сонининг ошиши эса бунга барҳам беради. 

- Мухлисларни яна стадионларга қайтариш учун қандай ишларни амалга ошириш лозим?

- Ишқибозларни алдаб бўлмайди. Масалан, Англиянинг бизнинг биринчи лигамиз даражасидаги чемпионшип доирасидаги ўйинларда ҳам ўйингоҳлар мухлислар билан тўлади. Бунинг сабаби, жамоаларнинг томошабоп ўйин намойиш этишлари, кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатишлари. АПЛ ҳақида гапириш эса ортиқча. Премьер-лиганинг энг сўнгги поғонасидаги клуби иштирокидаги учрашувда ҳам стадион тўлиб-тошади. Сабаби, ушбу жамоа футболчилари рақиб танлашмайди, майдонда чўчимай ҳаракат қилишади. Ўйинчи ҳар бир учрашувда худди охирги ўйинга майдонга чиққандек иштиёқ билан тўп суриши керак. Футбол мухлислар учун ўйналади. Буни футболчилар яхши англашлари, ишқибозларнинг ҳурматлари учун майдонда ўзгача иштиёқда тўп суришлари керак. Шунда биздаги ўйингоҳларга ҳам томошабинлар ташрифи ортади.

- Терма жамоамизда фаолият олиб бораётган мутахассис сифатида, бош жамоамизнинг ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Россия бизга яқин мамлакат. Мабодо 2018 йилги мундиал йўлланмасини қўлга киритсак, Россиядаги жаҳон чемпионатида бизни собиқ иттифоқнинг барча мухлислари қўллаб-қувватлашади. Бундан ташқари, Россияда ўқиб - ишлаётган 3 миллионга яқин ҳамюртларимиз ҳам бор. Кези келганида таъкидлаш жоизки,   собиқ иттифоқ ишқибозлари доимо «Пахтакор» клуби ва юртимиз футболига ҳурмат билан қарашган. Шунинг учун ҳам Россияда ўтказиладиган ЖЧ йўлланмасини албатта қўлга киритишимиз шарт. Буни футболчиларга ҳам тушунтирамиз. Ахир, мундиалда иштирок этиш ҳар бир ўйинчининг орзуси. 2018 йили Россияда ўтказиладиган байрамни эса ўтказиб юборишга эса ҳаққимиз йўқ.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:07, 27.02.2015.
Ўқилди: 7106 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.