Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Lutfullo Tursunov

La Liga bo‘yicha ekspert

Тактик таҳлил: "Барса"нинг 3-4-3 схемаси таваккалликми ёки устунлик?

Баҳо:
+1; -0

Луис Энрике ПСЖга учралган сафардаги мағлубият ва “Леганес” билан кечган уй учрашувидаги нурсиз ўйинидан сўнг, “Барса”нинг тактик схемасини 4-3-3дан 3-4-3 (баъзи ҳолатларда 3-3-4)га ўзгартирди. Бу ҳолат мухлисларда каталонияликлар катта таваккалга йўл қўймаяптими, деган хавотирли саволни келтириб чиқарди.

Инқироз

Энрике мавсум аввалидаги трансферлар орқали жамоа ярим ҳимоясини кучайтиришга интилди. Аммо харид қилинган ярим ҳимоячилар у кўзлаган нафни бера олмади. Аксарият баҳсларда “Барса” айнан ярим ҳимояда муаммога учради ва бу ўйин инқирозини юзага келтирди. Ярим ҳимоя муаммоси ва унинг ортидан юзага келган инқироз сабабларини аввалги постларимиздан бирида таҳлил қилган эдик. ПСЖ билан дастлабки ўйин ҳал қилувчи зарба бўлди. Энрике энди ярим ҳимоя муаммоси ва чизиқлардаги боғлиқликни таъминлай олмаслигини тўлиқ тушуниб етди. Чора излаш керак. У бу инқирозни тактик схемани ўзгартириш орқали ечишга аҳд қилди.

“Барселона” ўз услубида яхши ўйин кўрсата олиши учун барча чизиқларнинг ўзаро боғлиқлиги керак. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум. Қайсидир нуқтада узилиш бўлса, рақиб бундан унумли фойдаланади.

“Барселона” майдон марказида ўйинни ишончли назорат қила олмаган ўйинларда рақиблар МСНни баҳсдан узиб ташаш имконини топдилар. Юқори прессинг бунда уларга қўл келди. Энрике бу камчиликни йўқотиш учун жамоанинг жипсроқ ўйнашини таъминлаши керак эди. Майдон марказида фақат уч ярим ҳимоячига таяниб эмас, Мессининг ортроққа қайтиб, ромб ташкил этиши бу жипсликни ташкил этиши лозим эди. Аслида мавсум бошиданоқ “Барса” 4-3-3 схемасида ўйнаса ҳам, Месси қанот ҳужумида эмас, марказга яқин зонада ўйнаётган эди. Натижада ўнг қанотга асосан Серхи Роберто жавобгар бўлиб қолди. У эса кўпинча ўша қанотдан ҳужумниям қўллай олмасди, ҳимояга қайтишлардаям хатоларга йўл қўярди.

Тўрт ҳимоячи билан ўйналса-да, аслида Альба ва Серхининг бир вақтнинг ўзида ҳужумга чиқиб кетиши “Барса”нинг ҳимояда кўпинча икки ҳимоячи билан ўйнашга мажбур қиларди. Бунда рақиблар шу бўшлиқдан фойдаланиб қоларди.

4 ҳимоячидан 3таси яхшироқ

Каталонияликлар 3-4-3 схемасига ўтганидан кейин ҳимояда бўшлиқ нисбатан йўқолди. Чунки 3 ҳимоячи камдан-кам ҳолларда ўз позицияларини тарк этадилар. Ҳимоя зонаси ҳар учала ҳимоячига тенг тақсимланади.

Ва бу ҳолатда “Барселона” 3 ҳимоячи услубига ўтганидан буён 5та ўйинда фақат бир марта рақибнинг позицион (тезкор) ҳужумидан гол ўтказиб юборди. Қолган голларнинг барчаси (4та) стандарт вазиятлардан ўтказилди.

Демак, 3 ҳимоячи услубига ўтилиши позицион ҳимояланишдаги натижаларни анчагина яхшилади. Фақат Энрикега ресурс етишмовчилиги тўсқинлик қилиши мумкин. Маскерано – Пике – Умтити учлиги оптимал вариант. Таркибда фақат Матьё бу схемага мос тушади. Альба ва Дин эса бу услубга тушмайди. Улар қанот ҳимоячилари. Ротация қилишда шу ҳолат муаммони юзага келтиради. “Депортиво”нинг тажрибали мураббийи Пепе Мел бу камчиликдан жуда унумли фойдаланиб қолди.

Ярим ҳимоядаги устунлик

3-4-3 схемаси бошданоқ майдон марказидаги жипсликни таъминлаш учун қўлланган чора эди. Мақсадга эришилдиям. Мессининг учликка қўшилиб, майдон марказида ромб ташкил этиши тўпни назорат қилиш билан бирга, ҳужумчиларга бўшлиқ яратишда ҳам қўл келади.

Бундан ташқари футболчиларнинг майдон бўйлаб тенг тақсимланиши юқори прессингни таъминлайди.

Фақат якуний сифат марказдаги ижрочиларга ҳам боғлиқ бўлади. Кескин ротациялар кўзланган мақсадга тўсқинлик қилаётганиям бор гап. Гомес – Иньеста ўрнини, Денис – Ракитич вазифасини тўлақонли бажара олмаслиги кўзга ташланиб қоляпти. Айни пайтда Энрике бошқотирадиган асосий масала шу.

Кейинги оғриқли масала – стандартлар. 3-4-3 схемасига ўтилганидан кейин ўтказиб юборилган 5 голнинг 4тасини рақиблар стандарт вазиятдан сўнг киритишди (Атлетико, ПСЖ – биттадан ва Депортиво – иккита).

Ҳужумдаги устунлик

Янги схемада ҳужумдаги энг асосий устунлик – ўнг қанотда ҳам доимий ҳужумчининг пайдо бўлгани бўлди. Чап қанотда Неймар қандай ҳаракат қилса, ўнг қанотда деярли шу вазифани бажарадиган Рафинья позицияси ҳосил бўлди.

4-3-3 схемасида Мессининг асосан марказга яқин, ҳужум ортига кўчиб ўйнаши ўнг қанот ҳужумида бўшлиқ юзага келтирарди. Серхи Роберто эса бутун қанот бўйлаб, бўшлиқни ёпишга улгурмас эди. Бу қанотда ҳужумнинг оқсаши яққол кўзга ташланар эди.

Сўнгги ўйинларда киритилган кўпгина голларда (жумладан, Атлетико ва ПСЖга урилган биринчи голларда) ўнг қанотнинг, жумладан Рафинянинг ҳиссаси катта бўлди.

Юқорида айтилганидек, Месси ва Суареснинг марказда ўз атрофида ярим ҳимоячи ва ҳимоячиларни тўплаши – қанотларда Неймар ва Рафиньяга етарлича бўшлиқларни яратяпти. Бу футболчиларнинг охирги вақтларда сермаҳсул ва фойдали ўйин кўрсатаётганининг сабаби ҳам кўп жиҳатдан шунга боғлиқ.

Энрикенинг ўйин услубини кескин ўзгартириши, ҳеч шубҳасиз, жамоа фойдасига ишламоқда. Энди у ротация билан боғлиқ ҳамда стандарт вазиятлардаги камчиликларни ҳам тузата олса, клуб бошқарувини умуман ўзгача руҳ ва кайфиятда тарк этади.

Лутфулло Турсунов

Киритилган сана: 13.03.2017 15:32. Ўкилди: 7634 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


FCBKHURSHID
Сана: 21.03.2017 16:21. FCBKHURSHIDга ёзиш
+0; -0
0

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.