Куни кеча АҚШда 13 ёшли бола 6 ёшли укасини отиб қўйди. Кейин ўзини ҳам тўппончадан отиб ўлдирди. Бу ҳолат бутун дунёни шок ҳолатига тушириб қўйди. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимига ҳам руҳий ёрдам кўрсатишга тўғри келди. Хўш, бунга ким айбдор? АҚШнинг “одил” қонунлари болаларнинг ота-онасини жазолашса керак. Лекин демократия деб аталган мамлакатнинг ахмоқона сиёсатини олиб бораётган раҳбарлар сувдан қуруқ чиқишади. Мамлакатда қурол-яроғнинг очиқча сотилишини бошлаб берган раҳбарларни ҳеч ким уришмайди. АҚШда ҳар юзта одамдан 89 таси қурол сақлайди. АҚШ халқига демократияни бериб уларнинг назоратини қўлдан чиқариб юборди. Улар ўзларича жуда яхши яшашмоқда, улардан бахтли одам йўқ, лекин халқаро майдонда ҳеч кимга ўрнак бўла олишмайди.
Кеча Бразилия ва Франция терма жамоалари Парижда тўқнаш келишди. Ўйинда Бразилия ғалаба қозонди. Ҳозир бу ўйин ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Ундаги бир ҳолат Англия футболининг халқаро майдондаги ҳолатига жуда ўхшаб кетди. Французлар сафида Морган Шнайдерлиннинг асосий таркибда майдонга тушганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Ҳозир у кўрсатиб қўяди АПЛнинг еттинчи жамоасида қандай футболчилар ўйнашини, деб ўйладим. Лекин кутилмаганда (ҳар ҳолда мен учун) Морган “Саутҳемптон”даги ўйинларининг ярмини ҳам кўрсата олмади. Неймарнинг голида айнан унинг хатосидан кейин ҳужумчи дарвозабон билан яккама якка чиқиб борди. Хуллас, Шнайдерлин мисолида бутун Англия футболини кўргандай бўлдим. Ичкарида ҳаммаси ажойиб, ташқарида эса…
Европа чемпионлар лигасининг чорак финалида бирорта ҳам Англия жамоаси қолмади. АПЛнинг ҳозирги ҳолатини АҚШнинг ҳолатига ўхшатиш мумкин. Англия чемпионатига тенг келадиган чемпионат йўқ. Турнир жадвалининг охирги ўрнидаги жамоаларнинг ўзаро ўйини қизиқарлилик борасида “Реал”- “Барселона” ўйинини доғда қолдириб кетиши аниқ. Премьер лигадаги темп бошқа чемпионатларда бўлишини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Бир сўз билан айтганда, фантастик чемпионат. Лекин нега Англия терма жамоаси жаҳон ва Европа чемпионатларида яхши қатнаша олмайди?! Нега инглиз клублари еврокубокларни жуда эрта тарк этишади? Бунга аниқ жавоб бериш жуда қийин. Ҳар ҳолда дарахтнинг учи қимирлашига сабаб бўлган шамоллар бор…
Илк жаҳон чемпионати ташкилотчилари Англияни мусобақада қатнашиш учун таклиф этишганда инглизлар кулишган. Бизнинг ўйинни сиз қаердан ҳам ўйнар олардингиз, деган маънода. Ҳозир ҳам тан олайлик, ҳар қандай инглиз мухлиси учун чемпионлар лигасидан кўра ўзининг премьер лигаси муҳимроқ. Улар ўз режаларини премьер лига ўйинларига қараб тузишгача боришди. Менга айтингчи, қайси инглиз клуби учун (бу мавсумда) чемпионлар лигасида ғалаба қозониш муҳим?! “Челси” бу йил премьер лигада чампион бўлиши шарт. Моуриньонинг гапини эсланг: “Мен атиги бир мавсум мукофот ютмадим, лекин худди йигирма йил ўтгандай бўлди”. “Челси” кубокда ғалаба қозонди, лекин Абрамович ва Моуриньонинг ўзига премьер лига сув ва ҳаводек муҳим. Яқин ўртада Моуриньо интервьюларида “Биз “ПСЖ”га қарши ўйинни премьер лига учун қурбон қилгандик” деб қолса ҳам ажабланмайман. “Манчестер Сити”ми? Йўқ. “Шаҳарликлар”га ҳам чемпионликнинг таъми ёқиб қолди. Пеллегрини ҳам ўз ўрнида қолиши учун авалло чампион бўлиши керак. У мавсум охирида жамоадан кетиши мумкин, лекин чемпионлар лигасидаги мағлубияти учун эмас, айнан чемпионатдаги омадсизлик учун. Агар бу мавсумда “Сити” “Юнайтед”дан ортда қолиб кетса борми, Пеллегринини қайтиб Англияга келмайдиган қилиб ишдан ҳайдашади. “Сити” охирги йиллардаги Англиянинг энг кучли жамоаси, таркиб Европанинг ҳар қандай жамоасини мағлуб этишга қодир, лекин уларнинг елкасига энг аввал ички чемпионатда чампион бўлиш вазифаси юклангани учун жамоа халқаро майдонда ҳеч нарса қила олмайди. “Арсенал” ҳали бери тўртинчи ўриндан юқорига кўтарилишдан бошқа муаммони ўйламайди, “МЮ”нинг аҳволи кўриниб турибди.
“Сити” ҳамда “Барселона” жамоалари ўртасидаги Англияда бўлиб ўтган ўйиннинг иккинчи бўлимини эсланг. “Сити” рақибни жуда катта босимда ушлаб турди. Агар барча тўртта бўлимда жамоа шундай ҳаракат қилганида “Барселона”га жуда қийин бўларди. Нималар деяпман ўзи, “Барселона” ҳеч нарса қила олмас эди! Лекин футболчилар яна ўша вазифани эслашди, “Барса”га ютқазган жамоани ҳеч ким койимайди, премьер лига ҳақида ўйлаш керак дейишди. Нима учун “Реал” ва “Барселона” дунёнинг энг кучли клублари? Чунки улар ички чемпионатдаги ўйинларнинг ярмигагина алоҳида тайёрланишади. Қолган рақибларни шунчаки янчиб ташлашади. Масалан “Барселона”да: иккитадан “Реал”, “Атлетико”, “Валенсия”, “Севилья” ва “Атлетик”га (аслида “Атлетик”ни бу йилча қўшмасак ҳам бўларди) қарши ўйинлар. Боре, “Малага”, “Осасуна” ва ‘Сосьедат”га қарши меҳмондаги баҳслар. “Реал”да ҳам шунга ўхшаш тақвим. Кўпи билан 15 та (!) ўйин. Сиздан илтимос, Испания чемпионати Англиядан кучли дея кўрманг. Оддий мисол, бир неча йил олдинги "Вильярреал"ни эсланг. Жамоа чемпионлар лигасида яхши қатнашган ҳолда премерода ҳам кучли тўртликни орзу қилиб мавсумни бошлади. Натижа нима бўлди? Чемпионлар лигасидаги шармандаларча иштирок ва кейинги мавсумни сегунда бошлаш "ҳуқуқи".
Англияда “Челси” ва “Сити” ҳар бир очкони олганига қадар она сути оғзига келади. Ажойиб тескари пропорционаллик. Ички чемпионатдаги барча ўйинлар қизиқарли бўлади, лекин халқаро майдонда натижа йўқ. Мухлис нима қилишини билмай қолди: чиройли ўйин кўришни хоҳласа, бунақаси ҳар ҳафтада бўлади, натижа хоҳласа ҳар ҳафталик лаззатдан айрилиб қолиши керак. Бу кетишда инглиз клубларидан чемпионлар лигасида нимадир кутиш қийин. Балки жамоалар иккита таркиб ташкил қилишсин дерсиз, лекин бунақасига қайси футболчи кўнади? Хуллас, Англия ёввойи тезликка эга футболни халқига бера олди, лекин айнан мана шунинг учун халқаро майдонда товон тўламоқда. Футбол назорати қўлдан чиқиб кетди. АПЛни буюк адабий асарга ўхшатаман. Унинг зўр эканини барча билади ва у зўр эканини ҳеч қаерда исботлаши шарт эмас. Исботланмаган асарни эса “КЎП”лар қабул қилмайди!
Сўзимиз бошига қайтсак, АҚШ бу кетишда ҳали кўп болаларидан ажралади. АПЛ ҳам кучайиб боргани сари чемпионлар лигасида ҳали кўп “болалари”ни эрта йўқотадиганга ўхшайди.
Ўткир Жалолхонов