Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

“Севинч” қизлари нима дейишади?

Баҳо:
+ | -

Яшил майдон узра тўп суриб юрган хотин-қизларга қараб, барчанинг бирдай ҳаваси келади. Уларнинг йигитлардагидек тик ва адл қомати, шижоати кўплаб ўғлонларни йўлда қолдириши турган гап. Бугунги кунда вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ана шундай жамоалардан бири “Севинч” аёллар футбол клубининг маҳоратли қизларини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

“Севинч”нинг маҳорати, ўйин тажрибаси йил сайин ортиб бораётганини бўлиб ўтаётган ўйинларда, улар эришаётган ютуқларда яққол кўришимиз мумкин. Жамоанинг моҳир дарвозабони ҳамда ҳужумчи қизлари билан қилган суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

– Қарши шаҳрида таваллуд топганман,-дея сўз бошлади “Севинч”нинг моҳир дарвозабони Матлуба Абдурасулова.– Шаҳримиздаги 35-мактабда ўқиб юрган кезларимда футболга жуда қизиқардим. Синфдош ўғил болалар ва маҳалладош тенгқурларим билан тўп тепиб юришимни кўрган ота-онам футболга меҳрим ўзгача эканлигини тушуниб етишиб спортчи бўлишимга қаршилик кўрсатишмаган. Мактабни битирганимдан сўнг, Олимпия заҳиралари коллежининг футбол бўлимига ўқишга кирдим. Коллеж мусобақаларида фаол қатнашиб борардим. Маҳоратли мураббий Олег Қахаров эътиборига тушиб, ундан сабоқ ола бошладим. Сўнг эса “Севинч”га қабул қилиндим. Ўша дамлардаги қувончимни бир кўрсангиз эди. Дадажоним: “Қизим, бу- тиришқоқлигинг, ўз устингда тинимсиз ишлашингнинг самараси. Энди сира тўхтама, фақат олға интил. Жамоа аҳиллиги, иноқлиги ва ғалабаси учун ўз ҳиссангни қўш. Устозларингнинг айтганини қил.Бундай имконият инсонга ҳаётда фақат бир марта берилади. Шундан оқилона фойдалангин, дарвозабон-бу жамоанинг юраги.Шунга муносиб иш тут”, – деган эдилар. Дарвозабонлар Олга Қахарова, Лайло Тилововалардан кўплаб нарсаларни ўргандим. Улар менга ўзларининг маслаҳатларини ҳар бир ўйин давомида бериб боришарди. Шу-шу “Севинч”нинг дарвозабони вазифасини бажариб келаяпман.

– Кўплаб беллашувларда ўйинчи вазифасида ҳам майдонга тушасиз. Дарвозабонлик ҳамда ўйинчи вазифаларини бир-бирига таққосласак, қайси бири қийинчилик туғдиради?

– Биласизми, дарвозабон жамоанинг ярми ҳисобланади. Унга биргина маъсулиятли вазифа-бу ҳам бўлса, ўз дарвозасини мустаҳкам қўриқлаш топширилади. Энди ўйинчига келсак, ўйин давомида тезкор ҳаракат кўрсатиб, тўпни ҳужумчига етказиб бериш ёки рақиб дарвозасини ишғол қилиш каби вазифани бажариш ўйинчи зиммасига юкланади. Бундан кўриниб турибдики, иккала вазифа ҳам осон эмас. Аммо кўпроқ дарвозабонга қийин деб ўйлайман, (кулади). Ўзим шу вазифани бажарганим учун эмас. Майдонга ўйинчи бўлиб тушган вақтларимда ҳам буни ҳис қилганман. Чунки ўйин давомида дарвозамизни рақиб жамоа ўйинчилари ишғол қилишганда, жамоа қизларининг нотинч қарашлари, тўпни қайтарсанг бўлмайдими, дея дарвозабонга қарата айтган зардали гаплари, гинали боқишлари юракни безовта қилиб туради. Ўзим шу ҳолатга кўп тушганман. Жамоа тақдири кўпроқ дарвозабонга боғлиқ бўлади.

– Ўтган йиллар ҳисоби бўйича, бир ёдингизга олиб кўринг, қайси ўйинда ўз дарвозангизга кўп тўп ўтказиб юборгансиз?

– 2010-2011 йилларда шундай бўлган. Хитойда ўтган мусобақада мағлуб бўлганмиз. Ўшанда 5 та тўпни ўтказиб юборганман. Энг ачинарлиси жамоамизнинг ўйинчи қизларидан бири Шаҳзода Жабборованинг ўз дарвозамизни ишғол қилгани эди. Таиландда бўлиб ўтган мусобақада ҳам 4:0 ҳисобида мағлуб бўлгандик.

– Ўшанда жамоадошларингизнинг Сизга нисбатан муомаласи қандай бўлган?

– Жамоа қизларининг нафратли қарашларини бир ҳафтача “ҳазм” қилолмай юрганман. Ахир, биз сенга ишонгандик,-дея айтган гинали гапларини унутолмай, анча вақтгача қийналганман.Жамоамиз қизлари ўйинда гол уролмасалар-да, дарвозани мустаҳкам қўриқлашимни таъкидлашади. Жамоа қизлари ҳар доим менга маслаҳатларини бериб боришади. Уларнинг кўпчилиги опаларим қатори. Уларни хурмат қилиб, айтганини бажараман. Тўғри, ҳаммаям ҳато қилади. Аммо мен ўша ўйинлардан кейин дарвозабон хато қилиши мумкин эмас, деган қарорга келиб, тинимсиз машғулотлар олиб бордим. Бу ҳаракатим ўз самарасини бериб келмоқда.

– Футболдан ташқари яна қандай спорт турлари билан шуғулланиб турасиз?

– Бўш вақтларимда теннис ўйнайман. Шунда бутун чарчоқларим, хафачиликларим чиқиб кетади.

– Суҳбатимизни яна давом эттирмоқчи эдиму, бироқ қаергадир шошаяпсиз шекилли а Матлуба?

– Ҳа, эрталабки машғулотларимиз бўлиб ўтди. Энди ўз устимда ишлашим керак. Тажриба ва маҳоратимни ошириб борсам, бу, аввало, ўзим учун, кейин жамоамиз учун ҳам яхши деб ўйлайман.

– Сизга охирги савол билан мурожаат этаман.“Севинч” қизларини олдинда қандай мусобақалар кутмоқда?

– Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда катта мусобақа бошланади. Бунинг жавоб учрашуви эса ўзимизнинг “Геолог” ўйингоҳимизда бўлиб ўтади. Ҳозир тайёргарликни бошлаб юборганмиз.

– Матлуба, сизларга омад тилайман. Доимо жамоанинг “юраги” бўлиб юришдан чарчаманг.

– Рахмат.

 

Кўпчилик футбол мухлислари майдонда асосий вазифани ҳужумчилар қилиши керак, деб ўйлашади. Жумладан, ўйинчи етказиб берган тўпни ҳужумчи дарвозага йўналтириши ва ўйин давомида эса тезкор ҳужумларни амалга ошириши зарур, деган фикрларни айтишади. Эҳ, аттанг, ўйин давомида ҳужумчилар умуман яхши ўйин кўрсатишмади, дея айтилган гапларни мусобақадан сўнг кўп эшитамиз. Аммо ҳамма вақт ҳам шундаймикан? Ўйинни яхши ўтиши учун фақат ҳужумчининг гарданига оғир вазифани юклаб қўйиш тўғримикан? Келинг, бу гапларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини “Севинч” ҳужумчиларидан бири бўлган Зебо Жўраевадан билиб оламиз.

– Зебо опа, авваломбор, Сизни 2014 йилнинг “Энг яхши аёл футболчиси” номинациясига сазовор бўлганингиз билан қутлаймиз.

– Раҳмат. Бу номинация “Севинч” тарихида илк бора берилиши. Кўплаб номзодлар орасидан менга бу эҳтиромнинг кўрсатилиши кутилмаган совға бўлди. Албатта, бундан жуда хурсандман. Бундай натижага эришишимга асосий сабаб жамоа кўмаги ва аҳиллигимиз, деб ўйлайман.

– Спортга яъни футболга кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

– 1985 йили Ғузор туманида таваллуд топганман. Туманимиздаги 53-сонли мактабда ўқиб, кўплаб спорт турлари билан мунтазам шуғулланганман. Айниқса, қўл тўпи ва футбол жону дилим эди. Қўл тўпи бўйича мактаб мусобақаларида фақат 1 ўринни эгаллардим… Оилада 9 қиз ва 1 ўғилмиз. Қизлар орасида 7-фарзандман. Оиламизда фақат ўзим спорт билан шуғулланардим. Мактабни битириб, Қарши шаҳридаги Педагогика коллежининг спорт йўналишига ҳужжат топшириб, талаба бўлдим. Ўша кезлари ҳам қўл тўпи мусобақаларида қатнашиб бордим. Охирги босқич талабаси эдим. Эски “Насаф” ўйингоҳида биз талабаларга жисмоний тарбия фанидан имтиҳон кунлари бошланди. Имтиҳонларни аъло баҳоларда топшириб,уйга кетаётгандим, бир киши келиб, мени тўхтатди. – “Синглим, кузатиб турибман, анча бақувват, чидамли ва чаққон экансиз. Сиз буни имтиҳон вақтида исботладингиз. Бизнинг “Севинч” аёллар футбол клубига сиздай тиришқоқ чаққон қизлар керак, нима дейсиз”,-дея жавобимни кутди. “Майли, ўйлаб кўраман”, – дея хайрлашдим. Кейин сўраб-суриштириб билсам бу киши тажрибали мураббий Абдураҳмон Юмангулов экан. Уйга бордим. Ота-онамга устоз таклифини айтдим. Отам Ҳалил Жўраев табиатан мулойим инсонлар.Шу сабабли футболни танлашимга қаршилик билдирмадилар. Онам Ўғилой Ортиқова биз қизларга нисбатан қаттиққўл эди. Онам футбол ўйнашимни эшитиб, қаршилик қилиб, сўзларида қатъий туриб олдилар. Мураббийлар бу ҳақда онамга мурожаат этишгач, рухсат бердилар. Кейинчалик жамоага қабул қилиниб, машғулотларда қатнаша бошладим. Кейин ўзимга ўзим сўз бердим. Шундай ўйин кўрсатайки, онажоним мен билан фахрлансинлар. Кўп ўтмай,турли нуфузли беллашувларда қатнашиб бордик. Мусобақалардан яхши натижалар билан қайтган куним ота-онамнинг олдига шошилардим. Илоҳим мана шундай муваффақиятли кунларингиз кўп бўлсин, дея дуо қилишарди. Афсуски, онам 2009 йили вафот этди. Аммо, онам сўнгги сўзларида ҳам футболни ташлама деган эдилар. Бу менга катта туртки бўлди. ўз устимда тинмай ишладим, охири маҳоратли футболчи бўлиб етишдим. Ота –онамдан, устозларимдан миннатдорман.

– Жамоага келганингизда қандай қийинчиликлар бўлган?

– Биласизми, қўл тўпи мусобақаларида қизлар билан осон келишиб кетардим. Шу сабабли “Севинч” қизлари билан ҳам келишиб ишлаш унчалик қийинчилик туғдирмади.

– Жамоада ҳар бир ўйинчининг ўз вазифаси бор. Ҳужумчи кетма–кет ҳужум уюштириш ва дарвозани ишғол қилиш лозим, тўғрими?

– Тўғри, шу билан бир қаторда, ўйинчилар билан келишиб, тўпни қандай ошириш, етказиб бериш ва йўллаш каби ҳолатлар ҳам бор. Биз бир биримизнинг кўзимизга қараб,қайси вазиятда қандай ҳолатларни амалга ошириш кераклигини уқиб оламиз. Ҳар бир ўйинчи тўп билан қандай ишлаяпти, ҳужумчи буни бир қараганда тушуниб олиши ва шунга яраша ҳаракат қилиши зарур.

– Футболчи қизлар билан суҳбатлашганимизда негадир уларнинг камгаплиги сезамиз.

– Биз кам гапириб, кўп ишлаймиз, ҳазил (кулади). Тўғри айтасиз, эътибор берсангиз, айнан футбол билан шуғулланувчи қизлар камгапроқ бўлишади.

– Қайси рақиб жамоага энг кўп гол киритгансиз?

– Адашмасам, 2013 йили ўзимизда “Навоий” жамоаси билан бўлган учрашувда 9 та голни рақиб дарвозасига йўллаганман. Ҳудди шу йили “Машъал” ва “Севинч” учрашувида 5 та голга муаллифлик қилганман. “Андижон” билан бўлган беллашувда 3 та гол киритганман.

– Кўпчилик спортчи қизларга бериладиган анъанавий савол. Ҳали турмушга чиқмаган экансиз. Келажакда бўлажак турмуш ўртоғингиз оилани ёки футболни танла, деса, қай бирини танлаган бўлардингиз?

– Албатта, ҳар бир инсон учун оила биринчи ўринда туради. Бўлажак турмуш ўртоғим мени тушунадиган бўлиши керак. Неча йиллик машаққатли меҳнатларим эвазига эришган бу кунларимни қадрлаб, шунга кўра қарор чиқаришларини хоҳлардим.

– Етказиб берилган тўпни дарвозага киритолмаган вақтларингиз ҳам бўлганми? Бунга қизлар қандай муносабат билдиришган?

– Албатта, бўлган. Ахир, бу ўйин-ку. Ўйинда эса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кетма-кет 4 маротаба ҳам қулай вазиятдан фойдаланолмаган вақтларим бўлган. Жамоа қизларининг бундан кўпинча жаҳллари чиқади. Ўйиндан кейин яна келишиб, бир-биримизни кечириб кетаверамиз. Ахиллик, бирдамлик билан иш олиб борамиз.

– Кимларни ўзингизга устоз деб биласиз?

– Мактабда ўқиб юрган кезларимда қўл тўпи бўйича ўз маслаҳатларини аямаган инсон Шерали Чориев, футболда эса Владислав Хан, Олег Қахаров, Абдураҳмон Юмангуловларни устозларим, деб кўрсатишим мумкин.

-Келажакдаги режаларингиз қандай?

– Режаларга келсак, келажакда мураббий бўлиб фаолият юритиш ниятим бор.

– Зебо опа, қимматли вақтингизни ажратганингиз учун Сизга раҳмат. Келгуси ўйинларда ҳам “Севинч”қизлари ғалабаларни қўлга киритаверсин.

Феруза Аллаёрова суҳбатлашди.

Манба: pfcsevinch.uz
Киритилди: 13:15, 01.05.2015.
Ўқилди: 4912 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.