Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Бенитес "Реал"нинг янги мураббийи бўлади, чунки …

Баҳо:
+1 | -

Рафаэль Бенитес "Наполи" бош мураббийи лавозимини расман тарк этди ва энди ҳаётидаги энг муҳим орзуси – Мадриднинг "Реал" клубини бошқаришга тараддуд кўрмоқда.

Қироллик клуби президенти Флорентино Перес Анчелоттининг истеъфосига бағишланган маросимда "Реал" мураббийлигига испан тилини биладиган мутахассис тайинланса яхши бўлишини алоҳида қайд этиб ўтганди. Бундан кўриниб турибдики, Рафа Бенитеснинг Мадрид жамоаси бошқарувини ўз қўлига олиши ҳақиқатга яқинроқ. 

Қуйида тажрибали испан мутахассисининг "Реал"га келишида муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган бешта далилни кўриб чиқамиз.

"Реал"га маҳаллий мураббий керак 

Кўп ҳолларда аксарият футбол мамлакатлари хорижлик мураббийлардан кўра маҳаллий мутахассисларни афзал кўрадилар. Сабаби тил, менталитет ва янги муҳитга мослашиш (адаптация) каби муаммолар хорижлик мураббийга панд бериши мумкин. Испания гўёки бундай қатъий талабдан ҳолидек. Аммо "Реал"ни испан мураббийи бошқармаганига анча вақт бўлди. Анчелотти, Моуринью, Пеллегрини, Шустер, Люшембургу, Капелло, Кейруш – бу инсонлар 2003 йили дель Боскенинг истеъфосидан сўнг Мадрид жамоасида фаолият юритишди. Испанлардан эса фақат Ремон ва Лопес Каро, шунингдек бир йилдан кам вақт ишлаган Камачо ва Хуанде Рамослар "ўт ўчирувчи" вазифасини бажаришди.

Бенитес эса "Реал" учун бегона инсон эмас, у 1974-1981 йиллар давомида клубнинг иккинчи жамоасида тўп сурган, кейин эса уч мавсум давомида (1993-95) ёшлар жамоасига устозлик қилган. Ва ниҳоят у ҳеч қачон "Реал"ни бошқариш орзусида эканини ҳеч кимдан яширмаган. Юқоридаги фактларнинг бари Флорентино Переснинг эътиборини тортиши мумкин.

Бенитес "Валенсия" билан уч йил ичида 
икки бор Испания чемпионлигини қўлга киритган

Ўз тарихида ўнинчи Чемпионлар Кубогини қўлга киритган "Реал"нинг кейинги мақсади – мамлакат чемпионлиги соврини эди. Аммо Анчелотти белгиланган вазифани уддалай олмади ва лавозимидан бўшатилди. 

Сўнгги 7 йил ичида фақат бир бор (!) Испания чемпиони бўлиш бу Қироллик клуби учун ҳақиқий шармандали натижа. "Реал" 2003 йилдан бери фақат уч бор (Капелло, Шустер ва Моуриньо қўл остида) мамлакат чемпиони бўлган. 

Перес ҳеч шубҳасиз Бенитеснинг "Валенсия"си қандай ўйин кўрсатганини ва икки бор унинг "галактикос"ини қай тарзда доғда қолдирганини ҳамон яхши эслайди.  

Ўшанда Рафа жамоа таркибини ўзгартириб бориш (ротация)ни аъло даражада бажарган, ўзининг кутилмаган ўйинчи алмаштириш ва тактик ўзгаришлари билан рақибларни ажаблантирганди. Муаммо шундаки, буларнинг бари бундан 10 йил муқаддам рўй берган. Ўшандан буён Бенитес Англия ва Италия чемпионатида ишлаган бўлса-да, бирор марта мамлакат чемпиони бўлолгани йўқ.

Пересга тайёр мураббий зарур 

"Реал" президентининг ўз клубига ўртамиёна жамоа устози, масалан Пако Хемесни таклиф қилиб таваккал қилишни хоҳламаётгани шундоқ кўриниб турибди. Трансфер бозорида эса топ-клублар учун тайёр мураббийлар йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бенитес ҳам фаолияти давомида айнан ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоалар – "Ливерпуль", "Интер", "Челси", "Наполи"да ишлаб тажриба орттирган. Бундан ташқари унга янги муҳитга мослашиш учун вақт ҳам керак эмас, тил ўрганишнинг ҳам зарурияти йўқ. "Барса" етакчилари Месси, Неймар ва Суареснинг Америка Кубогида қатнашишини инобатга олсак, Қироллик клубида мавсумни юқори нотада бошлаш учун имконият етарли.

Бенитес кўпчилик ўйлагандек ёмон мураббий эмас

Бенитес ўзининг ҳамкасбларидан фарқли равишда журналистлар ичида у қадар юксак нуфуз, обрўга эга эмас. Аммо бу унинг мураббийлик маҳоратига соя сололмайди. Рафа мураббийликдан менежер-хўжайинга айлангунича "Ливерпул"да ажойиб натижаларга эришди. Бенитес ҳамма вақт трансфер сиёсатини бошқаришни хоҳлайди, у айнан шунинг учун ҳам "Валенсия"дан кетишга мажбур бўлди. Аммо Рафанинг ўйинчини таклиф қилиш борасида ўз йўли ва позициясига эга эканини унутмаслик зарур. Кўплаб янги номлар айнан унинг қўл остида жаҳон футбол оммасига танилгани ҳам бор гап.

Испаниялик мураббий "Интер"да бошиданоқ қийин вазиятга дуч келади, чунки Моуриньо унга ютиш мумкин бўлган совринларга эга чиққан ва бироз кексайиб қолган жамоани қолдирганди. "Челси" билан қисқа вақт ичида Европа Лигасини қўлга киритди.

Рафанинг энг омадсиз иш жойи – бу "Наполи". Салоҳият ва заҳира имкониятлари эвазига неопалитанликларнинг А Серия ғолиблиги учун курашишлари кутилганди. Аммо жамоа "Ювентус"га муносиб рақобат тақдим эта олмади. Жорий мавсумда эса "Наполи"нинг ишлари умуман юришмади ва жамоа турнирни тўртинчи ўринда якунлашга мажбур бўлди.

Бенитес – бир мавсум учун энг мақбул вариант

Эҳтимол, Флорентино шунчаки энг кучли мураббийни топа олмагандир. Анчелоттини жамоада қолдира олмасди – бу "Реал" президентининг принципларига тўғри келмайди. Мураббий соврин юта олмади, вазифа эса бажрилмади – демак уни ҳайдаш керак.

Бенитес илк мавсумдаёқ керакли натижа кўрсата олмаса, уни ҳам ҳеч қандай тушунтиришларсиз ишдан олиш мумкин. Переснинг ҳатти-ҳаракати ва қабул қилажак қарорларини олдиндан таҳмин қилиш умуман қийин. 

Футболда, худди ҳаётда бўлгани каби ҳеч нимани олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Демак, вазиятни кузатишда давом этамиз. Ҳаммасига олий ҳакам – вақт ойдинлик киритиб беради.

Маҳмуджон АЗИМОВ
таржимаси

Манба: arena.uz
Киритилди: 21:34, 30.05.2015.
Ўқилди: 13569 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.