Хитойнинг Ушань шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг биринчи кунидаёқ терма жамоамиз ҳисобига дастлабки олтин медаль ёзилди.
Баландликка сакраш бўйича хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада энг юқори (1 м. 91 см.) натижани қайд этган Светлана Радзивил медаллари коллекциясига Осиё чемпионатининг навбатдаги олтин медалини қўшиб қўйди.
Биринчи кунги баҳсларда, шунингдек, еттикураш бўйича ўтказилган мусобақада Екатерина Воронина ядро улоқтиришда 12 м. 84 см. натижа билан иккинчи кўрсаткични қайд этди. Екатерина 200 м. масофага югуришда 25,66 сония натижа билан олтинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди. Айни пайтда Екатерина Воронина еттикурашнинг тўртта турида иштирок этиб 3302 очко жамғарган холда иккинчи ўринда бормоқда.
Узунликка сакраш мусобақасида Дарья Резниченко 6 м. 02 см. натижа билан тўққизинчи, Анастасия Журавлева эса 5 м. 92 см. кўрсаткич билан 12-ўринни банд этди.
Сергей Дементьев ядро улоқтириш мусобақасида 17 м. 47 см. натижа билан 8-ўринни эгаллади.
Босқон улоқтириш мусобақасида иштирок этган терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Анастасия Асланиду 50 м. 64 см. кўрсаткич билан 6-ўринни банд этди.