Янги Зеландияда майдонларидаги баҳслар авж палласига кирган бир пайтда сиз билан ёшлар ўртасидаги нуфузли мусобақада порлаб, кейинчалик катталар орасида ҳам улкан муваффақиятларга эришган футбол юлдузлари ҳақида гаплашамиз.
FIFA U-20 World Cup дея номланувчи турнир илк бор 1977-йили Тунисда ўтказилган бўлиб, финалда собиқ Иттифоқ ва Мексика жамоалари тўқнаш келганди. Ғолиблар сафида тўп сурган Бессонов асосий вақтда урилган иккита голга муаллифлик қилган.. Айнан украин футболчиси турнирнинг энг яхши ўйинчиси дея тан олинган. Владимирнинг порлоқ фаолиятига айнан мана шу турнир пойдевор бўлган, десак муболаға эмас. Ўз даврининг порлоқ юлдузларидан бир бўлган футболчи узоқ йиллар Киевнинг “Динамо” клуби(собиқ Иттифоқ термаси) сафида тўп сурди.
Навбатдаги 1979- йили Японияда ўтказилган турнирда финал баҳсида учинчи голни киритган футболчи энг яхши ўйинчи деб топилади. Бу ёш футболчининг исми_шарифи Диего Армандо Марадона эди. Шундан сўнг Марадона кўплаб турнирларда энг кучли бўлганлиги барчага аён.
1987-йили Чилида бўлиб ўтган мусобақада Югославия термаси кейинчалик дунёга танилган футболчилардан иборат жамоа билан қатнашади: Бобан,Мятович, Ярни ва бошқалар. Лекин, улар орасида энг ёрқин ўйин кўрсатгани Роберт Просинечки(суратда ўртада) эди. Просинечки кейинчалик “Црвена Звезда” таркибида Чемпионлар кубогини, хорватлар билан ЖЧ-98да учинчи ўринни кўлга киритган. У “Реал” ва “Барселона” сафида ҳам тўп сурганди.
Шундан сўнг ўн йил давомида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчилари катта футболда ютуқларга эриша олмадилар. 1999- йили Сейду Кейта бу хатоликка чек қўйди. У Мали термаси финалга чиқа олмаган бўлса ҳам “Олтин тўп”ни кўлга киритди. 2007-йилгача Франция чемпионатида ўйнаган Сейду “Севилья”га ўтди сўнг “Барселона” сафида кўплаб совринлар эгасига айланди.
2001-йили турнирга Аргентина мезбонлик қилиб, ғолибликни қўлга киритади ва Хавьер Савиола турнирнинг энг зўр футболчиси дея тан олинади. Хавьер шундан Испания, Франция, Португалия, Греция ва Италияда фаолият олиб бориб, кўплаб совринлар эгасига айланган бўлсада, суперюлдуз даражасига чиқа олмаган.
Голландия майдонларида ўтказилган 2005 – йилги мусобақада яна Аргентина ғалаба қозонади ва Лионель Месси энг зўр футболчи деб топилади. У ҳам Марадона сингари бу совринни ўзи камлик қилишини тафаккур этиб, тўҳтамай футболдаги камолот сари қадам ташламоқда.
2007-йили Аргентина финалда чехларни доғда қолдириб титулни сақлаб қолди. Асосий баҳсда урилган голлардан бирининг муаллифи Серхио Агуэро бўлган. Турнир якунига кўра у тўпурар ва энг яхши ўйинчи бўлди. Барчага маълум Серхио кейинчалик ҳам дунёда етарли даражада ном қозона олган.
Ўтган галги ёшлар чемпионати бош совринига Франция термаси эга чиқди ва Поль Погба зўрларнинг зўри бўлди. Мана орадан икки йил ўтгач у жаҳон миқёсида суперюлдуз даражасига кўтарилиб унга еврода 9та рақамли маош ваъда қилишмоқда.
Қани энди, орадан икки йил ўтиб, мана шу юлдузлар қаторига ўзбегим ёшларининг ҳам исми-шарифи қўшилса. Яхши ният – ярим мол, дейдилар.