Кириш Регистрация
20/05 00:15 Челси 2-1 Тоттенхэм
22/05 23:45 Фиорентина - Аталанта

Максим Шацких: «Ўзбекистонга қайтишми, кўрамиз, аввал таклиф тушсинчи…»

Баҳо:
+ | -1

Ўзбек футболи тарихида ўзига яраша ва айтиш мумкинки, яхшигина из қолдиришда давом этаётган Максим Шацких ҳали фаолия­тини якунлаш ҳақида ўйламаяпти. Тўғри, 20 ёшу 11 ой 19 кунлигида терма жамоадаги дебютини нишонлаган Супермакс ўтган йили Уммонга қарши кечган учрашувдан сўнг  асосий эътиборини клубдаги ишларига қаратяпти. Якунлан мавсумни Украинанинг «Говерла» клубида ўтказган кенжа Шацких айни пайт оиласи даврасида ҳордиқ чиқар-япти. Ҳақиқатан ҳам, Максим терма жамоадаги ўйинлари билан мухлисларимизга олам-олам қувонч бағишлаган. У терма жамоамиз сафидаги илк учрашувидаёқ «хет-трик»­ка эришган ягона футболчи ҳисобланади. Битта ўйинда 5та гол урган ягона футболчи ҳам айнан Шацкихдир. Бош жамоа либосида рақиблар дарвозасини кўп ишғол қилиш бўйича рекорд ҳам шу Максимга тегишли - 34та гол. Биз бўлажак футбол мавсумига янги умидлар билан қараб, ҳозирда ҳордиқ чиқараётган голеадор билан боғланиб, қисқа ва лўнда экс­клюзив интервью олдик.

- Максим, салом. Кайфиятлар қандай?

- Ҳаммаси жойида. Таътилдан унумли фойдаланиб, чарчоқ ёзяпман.

- Янги мавсум учун қандай режалар тузяпсиз?

- Ҳозирча ҳеч қандай. Бор эътиборимни дам олишга қаратяпман.

- Лекин ҳали футболчилик фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйламаяпсиз, шундайми?

- Албатта. Футбол майдонида қиладиган ишларим кўп (кулади). Гап бир йил ҳақида кетмаяпти. Футболчилик фаолиятимни имкон қадар узайтиришдан умидворман.

- Ўтган мавсум хулосалари қандай бўлди?

- «Говерла» 12-ўринни эгаллади. Тўғри, бу ижобий натижа эмас. Лекин жамоанинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб айтганда, чидаса бўладиган кўрсаткич. Ўзимга келсак, мавсум давомида барча ўйинларда майдонга тушмадим, аммо 3та гол уришни уддаладим.

- Клубнинг футболчилардан қарзлари ҳамон сақланиб турибди, чоғи?

- Ҳа, лекин бу мавзу юзасидан чуқурлашишни истамайман.

- Украина сайтлари бу масалани жуда кўп кўтаришди. Ҳарқалай, «Говерла» футболчилар билан ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаган экан...

- Тўғри. Ҳақиқатан ҳам, бу ҳақда жуда кўп ёзишди.

- Фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйламаётган экансиз, демак, таклифлар бордир...?

- Албатта, чорловлар етарли. Фақат, ҳозир улар хусусида батафсил тўхталишдан маъно йўқ. 

- Ўзбекистон чемпионатида 1-2 йил ўйнаш ниятингиз йўқми?

- Масалан, қайси жамоада?

- «Локомотив», «Насаф», балки «Пахтакор»...

- Ҳозирча бу клублардан таклиф тушгани йўқ.

- Агар чақиришса, розилик берармидингиз?

- Аввал чақиришсин, кейин бу ҳақда ўйлаб кўраман.

- Ўзи Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кузатиб боряпсизми?

- Ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди. Лекин кузатмаяпман, дейишим ҳам нотўғри.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси 16 июнь куни КХДРга қарши ўйин билан ЖЧ-2018 саралашидаги иштирокини бошлайди. Терма жамоамизнинг собиқ сардори ва етакчиси сифатида унга мухлислик қилсангиз керак...

- Албатта. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамиз йигитларига омад тилайман. Бизнинг авлод ва шахсан менга жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашиш насиб қилмади. Энди бу орзуни терма жамоанинг ҳозирги таркиби амалга оширишини чин дилдан истайман.

- Собиқ жамоадошларингиз билан алоқаларингиз узилиб қолмадими?

- Имкон қадар телефон орқали гаплашиб турамиз. 2018 йили Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати саралашида футболчиларимизга яна бир бор зафарлар тилайман.

Камолиддин АЛИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:28, 18.06.2015.
Ўқилди: 5852 марта.
Фикрлар: 14 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

“Челси”га тайинланган Алонсо “Реал”дан икки футболчини олиб кетмоқчи [7558]

Хаби Алонсо «Челси»га 5 нафар янги футболчи олиб келмоқчи: Биринчи номзод маълум [4258]

Жозе Моуриньо Винисиус Жуниорнинг "Реал"даги келажаги борасида бир қарорга келди [3334]

Мбаппе ва яна икки футболчи: Хаби Алонсо "Челси" учун ёзги учта асосий трансфер нишонини белгилаб олди [3283]

Ламин Ямал «Барселона»нинг байрам кечасига янги севгилиси билан ташриф буюрди (фото) [2855]

Неймарга 10-рақам ҳам, сардорлик ҳам берилмайди: Анчелотти ЖЧ олдидан юлдуз футболчига ўз шартларини қўйди [2399]

Мбаппе ва Беллингем ўртасидаги можарони ҳал қиладиган одам келяпти [1690]

«Ливерпуль» қандай қилиб «Борнмут» билан «Олтин ўйин» ўтказиши мумкин? Регламентдаги қизиқ жиҳат таҳлили [1631]

«Барселона» ёзда трансфер бозоридаги «1 га 1» қоидасига қайтади [1576]

«Манчестер Сити» Гвардиола билан фавқулодда музокаралар ўтказди [1519]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик