«Реал»нинг етакчи футболчилари клуб президенти Форентино Переснинг бошқарув услуби ёқмаяпти.
Жумладан, Серхио Рамос билан янги шартнома имзоланиш жараёни чўзилиб кетгани боис, Перес ва ҳимоячининг муносабатлари совуқлашди. Жамоа дарвозабони ва сардори Икер Касильяс ҳам клуб хўжайинидан норози. Боиси Перес унинг ўрнига бир неча марта Жанлуижи Буффонни таклиф қилмоқчи бўлган, шунингдек, Жозе Моуриньо билан можароли вазиятда президент Икерни қўллаб-қувватламаган.
"Атлетико"га қарши ўйиндан кейин (0:4) Криштиану Роналду туғилган кунини нишонлагани шов-шувга айланганида Перес футболчининг тарафини олмаганди. Карло Анчелотти истеъфога чиқарилгани ҳам португалиялик футболчининг ҳафсаласини пир қилган. Бундан ташқари, Роналду жамоа шифокори Хесус Ольмо билан шартнома узайтирилганидан норози бўлган. Футболчиларга шифокорнинг жароҳатни даволаш услуби ёқмаган.