Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Премьер-лигани 125 йил кутган "Борнмут"

Баҳо:
+ | -
Кеча Англия Премьер-лигаси янги мавсум дебютант жамоалари ҳақида таништиришни "Уотфорд" клубидан бошлаган эдик. Бугун эса эътиборингизга яна бир ажойиб жамоа "Борнмут" ҳақида тўхталиб ўтамиз.

afcb-alteration

"Борнмут" 125 йиллик тарихга эга бўлишига қарамай, у ўз тарихини энди ёзаяпти десак адашмаймиз. Клуб ҳеч қачон Англиянинг олий дивизионига чиқмаган ва уларнинг юлдузли онлари мана энди яқинлашмоқда. Сизга "юлдузли онлари" жумла ғалати туюлиши мумкин, чунки улар хали Премьер-лигада айтарли ҳеч нарса қилишмади ва уларнинг қўлидан олий лига клубларини ҳайрон қолдириш келадими ёки йўқ буни вақт кўрсатади. Улар мухлислари орзу қилишга қилишни ҳаёлига сиғмайдиган ютуққа эришишди, бу кичик клубни буюклар саф тортган лигага кўтаришди, келаси мавсум нима бўлишидан қатъий назар бу уларнинг "Юлдузли онлари" бўлиб қолиши тайин.

Клуб тарихи

Агар тарих ҳақида гап очадиган бўлсак, эътиборга лойиқ нарсаларни топиб ёзиш қийин, аммо клуб 1890 йилда "Боскомб Авлиё Жон Институти ФК" ном билан ташкил топган ва кейинчалик 1899 йили "Боскомб ФК" бўлиб қайта рўйҳатдан ўтган. Уларнинг жойлашган шахри Бормут шаҳри бўлгани учун ҳам клуб мутасаддилари кўпроқ муҳлисларни жалб этиш мақсадида 1923 йилда "Боскомб"ни "Борнмут ва Боскомб Атлетик Футбол клуб"га ўзгартиришган. 1972-йилга келиб клуб ҳозирги "Борнмут А.Ф.К" номини олган. Уларнинг лақаблари "Олчалар" ва "Боскомб". Улар ўз академияларидан чиқазган энг таниқли юлдуз бу Ҳарри Реднапп, балки айнан унинг хизматлари эвазига Лондоннинг "Вест Хэм" клуби "олчалар"га жуда кўп ўйинчиларини ижарага юбориб, малака оширишга ёрдам берган ва деярли "болталар"нинг фарм-клубига айланишига бир баҳя қолган. Клуб тўпурарлари ҳақида гап кетганда бизга яна "Вест Хэм" орқали таниш бўлган Жермейн Дефо кўзга тушади. Айнан у "олчалар" тарихида биринчи бор 10 та кетма-кет ўйинда гол киритган ўйинчи ҳисобланади.

Мураббий ва ўйин услуби

Эдди Хов - "Борнмут ФК" жамоасининг қутқарувчиси ва ҳозирги пайтдаги "Юзи" ва клубнинг ҳозирги философиясининг бириктирувчиси. Унинг ғояси шундан иборатки, ўйинчилар доимий равишда прессинг уюштиришлари ва тўпга эгалик қилишлари зарур. Шу билан биргаликда Эдди спорт илмига ҳам жуда катта эътибор беради, ўйинчилардаги ортиқча (арзимаган граммлар бўлса ҳам) вазнни умуман ёқламайди ва уларни дарров сезади. Мисол учун, ўтган йили Эдди “Болтонга” қарши ўйин олдидан улар жойлашган ётоқхона ҳодимларига ўйинчиларга умуман шоколад берилмасликни талаб қилган. Бундай қараса ўйин олди бир дона шоколад ортиқча вазнни пайдо қилиб қўймасдек туюлар, лекин бу мураббий ўз қарашларида қаттиқ тура оладиган инсон. Буни жамоа ҳимоячиси Томми Элфик ҳам тасдиқлаши мумкин: "Мураббий ҳар доим бизни текшириб боради. Агар машғулотларда тер текиб унумли ишласак у доим бизни қўллаб-қуватлайди, аммо бирор бир ножўя ҳаракат қилдингми у дарров сезади ва сенга танбеҳ беради. Бир марта мен 2013-2014 йил мавсум олди мен биринчи ўйинга унчалик тайёр эмас эдим, у менга қараб "Таркибга қайтиш учун яхшигина ишлашинга тўғри келади", деган.

"Борнмут"нинг ўйинларини ва уларнинг киритган голларини томоша қилган мухлис ҳар хилликдан бош айланиб кетади. Бу Брендан Рожерснинг фақатгина комбинацияси ёки Тони Пюлиснинг юқори узатмали классик ўйини эмас. Эддининг жамоаси ҳар хил голлар уради: Бош билан, комбинацион, юқори узатма, мураккаб зарба ва узоқдан зарбалар ҳам кўп. Ҳа, тўғри ўқидингиз кўп, ҳаммасидан кўп. Чунки ўтган мавсум улар нақд 115та гол киритишган. Ҳа голлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин майдон марказидаги ўйин бир хиллигича қолади ва у ҳам бўлса тўп назорати.

Расмда кўриб турганингиздек:
Bornmut FC

Бир қарашда ўта мураккаб ва тушунарсиз тузулиш, аммо футбол билимдонлари бу ерда икки тузулишга мослашув, яъни икки тузулмани ишлатишга қўл келадиган жойлашувни кўришади. Биринчиси бу Англияда клишега айланган "4-4-2"нинг сал тепароқга сурилгани, Элфис ва Кук марказий ҳимоячилар бўлса, икки қанотни Дениелс ва Френсис эгаллашади. Ярим ҳимоячилар тўртлиги Сюрмен (таянч ярим ҳимоячи), Пю (қанот ярим ҳимоячиси), Ритчи (қанот ярим ҳимоячиси) ва Артер марказий ярим ҳимоячи. Ҳужумда Вилсон найзанинг учи бўлса, Питман эркинроқ ҳаракат қиладиган ҳужумчи яъни найзанинг дастаги ролини ўйнайди.

Бошқа бир схема бўлса бу жуда ноананавий "2-4-3-1". Бу тактика "олчалар"нинг майдон марказида тўпни эгалик қилишларига жуда қўл келади, яхшилаб ўрганиб чиқсак, бу бир қарашда ўйинчиларнинг сочилмасидек туюлган тизма майдон марказидаги 7 ўйинчининг тўпни ушлаб туриш учун керак бўлган идеал жойлашуви.

Рақиб тўпни олиб ўтиш учун жуда катта кўламдаги ишни амалга ошириш керак, чунки марказдан узатмалар билан олиб ўтиш учун бир-бирига зич жойлашган 3 футболчидан ўтиш керак. Агар ўтилса ҳам рақиб Кукни тўсиғига учрайди, қанотдан тезкор олиб ўтиш учун эса аввал тезкор Пю ва Дениелс / Ритчи ва Френсиз тўсиғидан ўтиш керак, улардан ҳам ўтилса яна ўша Кук ёки Eлфик уларни кутиб туришади. Ягона йўл бу ҳозирги кунда жуда эскирган ҳимоядан ҳужумга тўпни ҳаводан етказиб бериш ва тўп ҳавода узоқ учишини ҳисобга олсак, марказий ҳимоячилар керакли позицияларни эгаллашларига имкон туғилади ва рақиб яна тер тўкишига тўғри келади. Бу тактик ечим жуда фойдали чиқди, чунки улар бу тактика билан Чемпионшипда 46 ўйиндан 26тасини ғалаба, 12та дуранг ва 8 мағлубият билан тугатишди ва бу уларни сўнгги турда "Уотфорд"дан ўзиб кетиб чемпион бўлишди. Премьер-лигада бу ишлайдими-йўқми билмаймиз, аммо Эдди Хов ўз ўйин услубидан воз кечиш ниятида эмаслигини ҳаммага баён қилди.

У шундай деди: "Биз Премьер-лигага мос ўйин кўрсатамиз, биз ҳужумга чиқамиз. Доимий прессинг қиламиз ва тўпни назорат қиламиз. Мен ҳамма нарсани бузиб янгитдан жамоа қуриш жуда унумсиз дея ҳисоблайман. Агар биз ўз ўйинимизни ўзгартирмасдан Премьер-лигани бошласак ана шунда бизда кўпроқ имкон бўлади".

Асосий ўйинчилар

"Олчалар"нинг асосий ўйинчилари деб юқоридаги расмда кўрсатилган ўйинчиларни айсак бўлади. Аммо ҳар бир чизиқ ўз қаҳрамонларига эга.

Дарвозада машҳур "Қирол Артур" Боруц, ҳимояда жамоа сардори Томми Элфик қўрғон етакчиси. Уларга камроқ иш тушишини таъминлайдиган ва “қора иш” қилишига қарамай, мавсум мобайнида 3та гол киритган таянч ярим ҳимоячи Эндрью Сюрман рақибларнинг ярим ҳимоячиларининг тушига кириб чиқса ҳам ҳайрон қолмасак бўлади. Унинг шериги Артер ҳам мавсумда 9та гол киритиб жамоанинг тўпни назорат қилишда жуда катта ҳиссасини қўшади. Ҳужумчилар жуфтлиги Вилсон ва Питмен иккаласи бирга 37та голга муаллифлик қилишган. Ундан ташқари жамоада ўта иқтидорли ўйинчилар бор. Мисол учун: қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қиладиган Пю ва Ритчи. Асосий бўлмаслигига қарамай 15та гол киритган Янн Керморгант ва ёш Токела Ранти.

Клуб мақсади

Клуб эгаси Россиялик Максим Демин гапларига қараганда клуб булутларда учмайди ва ҳамма нарсага реал қарайди. Шундан тушуниб олса бўладики, клуб Премьер-лигада яна бир мавсум қолишни асосий мақсад қилиб қўйганлигига ажабланмасак бўлади. Бизнинг камтарона ҳулосамиз шуки, клуб ўз ўйнини кўрсатишга қодир, айниқса Англиянинг энг яхши мураббийи дея эътироф этилган Эдди Хов ва унинг шогирдларига боғлиқ. Чунки уларнинг кўпчилиги худди "Борнмут" сингари Олий лигага биринчи марта йўл олишмоқда.

  Санжар Мирхўжаев тайёрлади
Манба: Sports.uz
Киритилди: 19:34, 26.06.2015.
Ўқилди: 5737 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.