"Навбаҳор" - "Шўртан" учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжумани биринчи қисмида ғузорликлар бош мураббийи Мухтор Қурбонов иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
"Бугун "Навбаҳор" билан Наманганда ўйнаш жуда қийин бўлишини билган эдик. Биринчи навбатда "Навбаҳор"ни ғалаба билан табриклайман. Йигитлар қўлларидан келганча ҳаракат қилишди. Тўпни назорат қилиш бўйича устунликка эришган бўлсакда, аммо мезбонлар тўртта яратган вазиятидан унумли фойдаланди. Бизда эса бу борада муаммолар мавжуд. Бундан аввалги беллашувларда ҳам ҳимоя чизиғимизда муаммоларимиз кўплиги кўзга ташланмоқда. 13-турда "Локомотив"дан тўртта тўп ўтказиб юбордик, кубок беллашувида "Пахтакор"га ютқаздик...
Биринчи даврадан сўнг бунга эътибор қаратамиз. Янги ҳимоячи олишимиз керак. Чунки бир ўйинда 2 ёки 3 та тўп ўтказиб юборган жамоа ҳеч қачон ғалаба қозона олмайди. Шунингдек режамизда ҳужумчи жалб этиш ҳам мавжуд. Ўтган йили 40 та гол урган Клишин, "Олмалиқ"дан келган Зафар Полвонов бу йилги мавсумда бирорта гол уришгани йўқ. "Навбаҳор" бугун ҳақли равишда ғалаба қозонди. Сўнгги 5-6 учрашувда "Шўртан" турли бўлимларни ўтказмоқда. Биринчи таймда яхши тассурот қолдириб, иккинчи бўлимда ёмон ўйнаймиз ёки бунинг акси кузатилмоқда. Энди олдимизда турган қолган икки ўйинда максимал очко олишга ҳаракат қиламиз. Виктор Карпенко "Пахтакор" билан кечган ўйиннинг 60-дақиқасида жароҳатланиб, уни алмаштиришни сўраганди. Футболчимизнинг шикасти бугун майдонга тушишига йўл қўймагани боис уни Наманганга олиб келмади", - дейди Мухтор Қурбонов.