Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бабаянни нималар кутмоқда?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббийга эга бўлди. Демак, энди жамоа янги иштиёқ, янги режалар, янги стратегия билан йўлга отланади. Келинг, терма жамоамизни олдинда нималар кутаётганини ва мураббийлар штабига нималар эътибор қаратиш кераклигига назар ташлаб ўтамиз.

ПОЙДЕВОРСИЗ ЖАМОА
Ишдан бўшаган инсоннинг ортидан гапириш яхши эмасдир, аммо Самвел Бабаян ишни бошлашдан аввал Миржалол Қосимовнинг хатолари нималардан иборат бўлганини таҳлил қилиб олса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Миржалол Қўшоқовичнинг энг катта хатоси шундан иборат бўлдики, у 3 йил давомида терма жамоа бошқарувида ишлаган бўлса, шу йиллар давомида жамоага пойдевор қўя олмади, ўз ўйин услубини шакллантира олмади. Аксинча, Абрамов пайтида яратилган ўйин услуби йилдан йилга емирилиб борди. Ўзбекистоннинг сўнгги ўйинларидан хулоса қиладиган бўлсак, гўёки футболчилар ўзи билганча футбол ўйнагандек тасавввур уйғотди.

Иккинчидан, мураббий ўйинчиларни ҳар бир ўйинга руҳлантира олмади, уларда иштиёқ уйғота олмади. Футболчиларнинг қалбига йўл топиш, уларни шиддат билан ўйнашларини таъминлаш олиш мураббийдан юқори педагогик ва психологик маҳорат талаб этилади. Мураббий ҳар бир шогирдининг характерини, қалбидаги кечинмаларини жуда яхши ҳис қилиши лозим ва шундан келиб чиқиб турли услублар орқали футболчи билан мулоқотда бўлиши лозим. Бунинг уддасидан чиқа олган тренер шубҳасиз футболчилар орасида юқори обрўга эга бўлади.

Учинчидан, Миржалол Қосимов номлар таъсиридан чиқиб кета олмади. Айниқса, легионерлар терма жамоа ўйинига қандай ҳолатда етиб келишидан қатъи назар доимо асосий таркибда (айниқса расмий учрашувларда) ўйнайверишди. Бу эса мураббийимиз етакчилар юзидан ўта олмаганини, ўз вақтида таваккалчиликка қўл ура олмагнини кўрсатади.

БАБАЯН ЖАМОАСИ
Ҳозирда Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг ўйин услуби қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтираётгани бор гап. “Пахтакор” устозига термадаги ишининг дастлабки даврида осон бўлмайди. Етакчи футболчилар уни қабул қилиши осон кечмайди. Боиси, Бабаян мураббий сифатида ҳали катта тажрибага эга эмас, унинг нималарга қодирлиги деярли мавҳум масала. Агар у ишнинг бошиданоқ ўзининг салоҳияти юқори эканини сездира олса, футболчиларда ишонч уйғота олса, шундагина Ўзбекистон миллий терма жамоаси бир мақсад йўлида бирлаша олади.

Ана шундан сўнг Самвел Вячеславович руҳият, тактика, стратегия устида ишлаши мумкин. Бабаян терма жамоа бошқарувида узоқ ва муваффақиятли ишлашни истаса, аввало мустаҳкам пойдевор яратиши шарт. Бунинг учун ортиқча вақт ва имконият йўқ. Боиси, жамоа ЖЧ-2018 саралаш босқичига киришган ва боз устига, уни мағлубият билан бошлади. Бабаян олдидаги энг муҳим устувор вазифа шундан иборат бўладики, Ўзбекистон саралашнинг мазкур босқичидан муваффақиятли ўтиши ва шу билан бирга кейинги ҳал қилувчи босқич учун пойдевор яратиб бориши лозим. Юқорида айтганимиздек, бунинг учун аввал футболчилар орасида ҳурмат қозониши (тан олиниши), уларда ишончни пайдо қилиши ва шундан сўнг тактика устида ишлаши лозим. “Пахтакор” ўйинларидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, терма жамоа ўйинида ғолиблик руҳияти пайдо бўлади. Биз буни кутсак бўлади.

“УЙ ВАЗИФАСИ”
Тактика борасида эса биз мутахассисга ақл ўргатмоқчи эмасмиз, фақат муҳим бўлган битта жиҳатни таъкидлаб ўтишимиз лозим. Замонавий жаҳон футболида шундай тенденция кузатиляптики, қайси мураббий кўпроқ “уй вазифаси”га эга бўлса, ўша жамоа муваффақиятга эришмоқда. Футбол тасодифларга бой ўйин бўлса-да, борган сари ундаги тасодифларнинг ўрни камайиб бормоқда. Мураббийлар иложи борича, жамоада турли комбинациялар, боғламлар ва ишланмаларни яратиб олишмоқда. Ҳужумдаги турли комбинациялар, қарши ҳужумларнинг ривожланиши, ҳимояланишдаги ҳаракатлар, стандартлардан фойдаланиш ва ҳоказо. Турли кўринишдаги ишланмаларни маромига келтириб, пишитиб олган жамоа ғалаба қозонмоқда. Бундай жамоанинг ўйини ҳам ҳаракат, ҳам фикрлаш нуқтаи назаридан жуда тез бўлмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси ижросида маромига етказилган бирорта комбинацияни эслайсизми? Мен эслолмайман. Футболчиларимиз тўпни қабул қилиб, сўнг шерикларини қидиришади. Бу билан натижага эришиб бўлмайди. Ўйинчи тўпни қабул қилмасдан аввал ҳужум қайси йўналишда ривожланишини, жамоадоши қаерда бўлишини олдиндан билиши шарт. Бабаян мана шундай “уй вазифаларини” терма жамоада қанчалик кўп ярата олса, улар пишиқ-пухта бўлса, футболчиларга ҳам, мураббийга ҳам шунча осон бўлади. Ҳар томонлама пойдевори мустаҳкам жамоа узоққа боради.

САРАЛАШ БОСҚИЧИ
Энди бевосита ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019 қўшма саралаш босқичига назар ташлаймиз. Мусобақада 2та тур ўйинлари ортда қолган бўлса-да, жамоамиз битта ўйин ўтказиб, унда имкониятни бой берди. Хабарингиз бор, 8та гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та жамоа ЖЧ йўлланмаси учун курашни давом эттиради. Ўзбекистон иштирок этаётган “Н” гуруҳи ҳақида тўхталадиган бўлсак, Шимолий Корея катта эҳтимол билан гуруҳдаги барча рақибларни ўзида ҳам, сафарда ҳам мағлуб этади. Бу йўлда уларга Баҳрайн ҳам қаршилик қила олмаса керак. Ҳар ҳолда КХДРнинг шаштидан билиш мумкинки, уларнинг олдига аниқ вазифа — ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиш режаси қўйилган. Ўзбекистон 12 ноябрь куни Тошкентда кореяликларни қабул қилади. Мана шу учрашув гуруҳдаги 1-ўрин масаласини ҳал қилиши кутилмоқда. Терма жамоамиз гуруҳ пешқадамлигини қўлга киритиши учун КХДРни ўз уйида мағлуб этиши шарт ва бундан ташқари, қолган ўйинларда иложи борича йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониб, тўплар нисбатини ҳам яхшилаб бориши талаб этилади. Бундан келиб чиқадики, жамоамиз Яман, Филиппин ва Баҳрайн терма жамоалари билан бўладиган ҳар иккала баҳсларда йирик ҳисобларда ғалаба қозониши шарт. КХДР қайсидир ўйинда очко йўқотса нур устига нур бўлади. Аммо ўзимиз очко йўқотмаслигимиз керак. Саралашнинг мазкур босқичи якунида нима бўлишини ҳозирдан айтиш қийин, аммо нисбатан тенг кучли жамоалар йиғилган мазкур гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоанинг кейинги босқичга чиқиши жуда ва жуда қийин бўлади. Боиси, бошқа гуруҳларда кучсиз жамоалар кўпроқ. Эътибор қаратинг: “А” гуруҳида Шарқий Тимор ва Малайзия, “С” гуруҳида Мальдив ороллари ва Бутан, “D” гуруҳида Гуам ва Ҳиндистон, “Е” гуруҳида Афғонистон ва Камбожа, “G” гуруҳида Мьянма ва Лаос. Бу жамоаларга гуруҳдаги бошқа термалар исталганча гол уриши ва тўплар фарқини ўзлари учун керакли кўринишга келтириб қўйишлари мумкин.

НАТИЖА
Ўзбекистон терма жамоаси ва мураббийлар штаби олдида турган энг муҳим ва устувор вазифалар, бизнингча, шулардан иборат. Самвел Бабаян шулардан келиб чиқиб мураббийлар штабини шакллантириши ва режалар тузиши лозим. Натижани эса навбатдаги бир нечта ўйинлар кўрсатиб беради.

Олимхўжа Бўронов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:21, 03.07.2015.
Ўқилди: 11525 марта.
Фикрлар: 40 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.