Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бабаян ишга киришди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббийи Самвел Бабаян ишга киришишни бошлади. Ҳафта бошида ОАВ ходимлари билан учрашиб, уларни қизиқтирган масалалар бўйича суҳбатлашган Самвел Вячеславович терма жамоа мухлислар клуби аъзолари, ундан кейин эса олий лига мураббийлари билан учрашув ўтказди. Хуллас, Бабаян бошлади, бу ёғи нима бўлишини вақт кўрсатади.

Гап мундиалда эмас, балки тўғри тизимда
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам тўғри ишда. Чунки иш тўғри йўлга қўйилмас экан, мундиал ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади. Шахсан мени хурсанд қилган ҳолат шу бўлдики, Самвел Бабаян миллий терма жамоа устозига айлангач ишларни тўғри йўлга қўйиш ҳақида бош қотира бошлади. Клуб тизимидаги узоқ йиллик фаолияти орқали бу борада яхшигина тажриба тўплаган мутахассис тўғри тизим қандай фойда беришини жуда яхши билади. Тўғри, ўз вақтида Вадим Абрамов ҳам ишни шу тартибда бошлаб, давом эттирган, лекин унинг Бабаяндан фарқли жиҳатлари бор эди. Яъни, Абрамов терма жамоамиз ҳақида бош қотирди, Бабаян клубдаги иши орқали футболимиз тўғрисида ҳам ўйлашга мажбур бўлди. Энди буни терма жамоада давом эттиради. Унинг Абрамовдан яна бир устунлик жиҳати шундаки, Карленович мураббий бўлса, Бабаян “ота”дир. Яъни, у “Пахтакор”нинг “отаси” эди. Халқимизда ота қанчалик ҳурмат қилиниши ҳеч кимга сир эмас. 

Ҳозир 2018 йилги мундиал ҳақида ўйламаяпман. Чунки Россияга боришимиздан бора олмаслигимиз ҳақиқатга яқин. Агар бора олмасак Бабаянни айблаб ҳам ўтирмайман. Бунинг учун аввало футболимизни илдизидан баргигача ислоҳ қилишимиз шарт. Акс ҳолда русларга ўхшаб Фабио Капеллони олиб келсакда, ҳатто Осиё Кубогига боришимиз ҳам даргумон бўлиб тураверади. Россия футбол иттифоқи мамлакат футболида ислоҳат ўтказмасдан, фақат тажрибали мутахассис билан иш битади, деб ўйлаб, энди ўзлари қийналаб юришибди. Уларнинг биздан устунлиги чемпионатида келишувлар йўқлиги, аслида йўқ, деб бўлмайди, балки камлигидадир. Рус футболига катта сармоя киритилди, клублар молиявий томондан анча бақувват бўлиб олишди, футболчилар катта-катта маблағлар учун шартномаларга имзо чекишди ва чекишмоқда. Оқибатда бирор бир ўйинчи легионер бўлишни истамай қолди. Ўз юртида ўйнаб, ўша четга чиққан футболчидан кўпроқ пул топиб юраверяпти. Бизда ҳам шундай. Олий лигада захирада умрини ўтказиб юборган ўйинчиларнинг ҳаётдаги турмуш тарзини кузатсангиз унча-бунча инсондан яхши яшайди. Молиявий муаммолари деярли йўқ. Ким ҳам иссиқ ўрнини совутишни, осон келаётган пулни ташлаб, четга чиқишни истайди? Тўғри, хоҳиш бўлиши мумкин, буни инкор қилиб бўлмайди, бироқ бунинг учун ишлаш керак. Ишлаганда ҳам жуда кўп меҳнат қилиш шарт. Хўш, бунга кимнинг сабри етади? Агар биринчи уриниш ўхшамай қолса-чи?! Қолаверса, Худо юқтирган иқтидор ҳам бўлиши лозим. Бизда футболга шунчаки кириб қолиб, нонини ейиш осонлигини билганидан кейин умрбод, керак бўлса фарзандлари билан қолиб кетаётганлар камми? Руслар молиявий томондан бақувват бўлиб олишгач хорижлик легионерларга урғу қаратишди. Катта-катта маблағлар эвазига жаҳон таниган футболчилар Россия премьер лигасига олиб келинди. Улар орқали маҳаллий ўйинчиларнинг савиясини ошириш кўзда тутилди. Хўш, бу билан нимага эришишди? Тан олиш керак, премьер лиганинг савияси баланд, ҳар ҳолда олий лиганикидан юқори, аммо чемпионат миллий терма жамоанинг юзи саналади. Ҳамма иш терма жамоанинг манфаати учун хизмат қилиши керак. Қолаверса, легионер номи билан легионер. У ўзи борган юртда аввало пул ишлашни мақсад қилади. Кам пул берингчи, ўша легионер келармикан? Кўп пул берганингиздан кейин ҳам ўзини профессионаллардек тутиб, мамлакат футболи учун хизмат қилиши бор. Ҳаётда ўз касбига профессионал тарзда ёндошадиганлар кўп эмас. Хаёлингизга Европанинг бошқа мамлакатлари, айниқса кучли бешлик давлатлари ва араб футболида ҳам молиявий эътибор юқори даражада эканлигини келиши аниқ. Тан оламиз, ўша кучли бешликда ҳам, арабларда ҳам моддий ҳолат юқори даражада. Аммо чемпионатлар савиясидаги фарқчи? Умуман солиштириб бўлмайдику?! Араблар ўз юртларига жуда кўп юлдузларни олиб келишяпти. Бу орқали ўз футболини дунё оммасига “реклама” қилиб олишди. Савиясини ҳам қисман оширишди. Бироқ терма жамоа савиясини легионерлар белгилаб бермайди. Ўша БААнинг бугунги юлдуз термаси болалар футболидан тўғри тарбия топгани учун шу даражага чиқди. Самарас каби юлдузни ўз юртида ўйнатаётган Саудия Арабистони термасининг бугунги савиясидан хабарингиз бор. Юлдузлар лигасини ташкил қилиб, керак бўлса, ўз термасига ҳам хорижлик футболчиларни жалб қилган Қатар ҳақида ҳам етарлича тасаввурга эгасиз. Куни кеча Тошкентда меҳмон бўлган Англиянинг “Флидвуд Таун” жамоаси раҳбарлари Англия терма жамоасининг омадсизлигини гапирар экан, премьер лигада легионерларга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратилаётганини, натижада бу терма жамоага салбий таъсир қилаётганини таъкидлади. Футболда майда нарсалар бўлмайди, деган гап бор. Бизда ҳам, русларда ҳам битта камчилик бор. Бу менталитет билан боғлиқ. Аниқроғи, инсон бир чўққига чиқса, буни ўзи учун етарли деб ўйлайди. Қолаверса, яна бир муаммо шуки: футболдан ташқари ҳаётий ишларга кўп вақт ажратиб юборилади. Аслида вақт ажратиш керак, аммо ишга профессионал тарзда ёндошган ҳолда ҳаётий ташвишлар ҳам бартараф қилинади. Нима, ўша жаҳон таниган юлдузларнинг ҳаётида муаммолар йўқ, деб ўйлайсизми? Яқинда Роналду турмуш ўртоғи билан ажрашиб, бу ўйинига қанчалик салбий таъсир қилганини ҳамма кўрди, буни ўзи ҳам тан олди. Лекин у профессионал. Қисқа вақт ичида ўзини ўнглаб, яна аввалги савиясига қайтди. Шунинг учун ҳам юлдуз. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, футболда майда нарсалар бўлмайди. Ривожланиш учун ҳамма жиҳатларни эътиборга олиш зарур, акс ҳолда қоқилиш осон бўлади. Биз футболимизга катта сармоя киритилишига қарши эмасмиз, шунчаки, уни тўғри сарфланиши тарафдоримиз. Клубларга ҳомий бириктирилиб, уларга маблағ ажратилаётгани яхши, бундай ҳолат дунёнинг бошқа мамлакатларида деярли йўқ, десак муболаға бўлмаса керак. Шунчаки, ўша маблағни аввало пойдеворни мустаҳкамлаш учун сарфлаган маъқул. Яъни, болалар футболини қайта “таъмирлашимиз” шарт. Биз болаларга пул ажратилсин, демоқчи эмасмиз. Аксинча, пуллар уларни тўғри тарбия топиши учун сарфлансин. Инфратузилма яхшилансин, болалар йиртиқ-ёмон коптокларда эмас, балки сони билан сифатида тенг билан тўпларда шуғуллансин. Майдонларнинг сифатини яхшилашга ҳам маблағ ажратилсин. Чунки сифатли майдон боланинг техникасини ошишига хизмат қилади. Уларнинг еб-ичишига эътибор қаратилсин. Боиси, тўғри овқатланиш ҳам футболнинг асосий бўлагидан бири ҳисобланади. Қисқаси, қолган бошқа барча ташкилий ишлар шу тартибда тўғри йўлга қўйилсин, бунинг учун қанча маблағ керак бўлса, шунча, сарфлансин. Фақат назорат қилинсин. Болалар мураббийларига яхши маош тўлансин. Токи улар ўйинчиларни жамоага жалб қилиш вақтида порахўрликка йўл қўймасин. Шундай бўлса-да, улар қаттиқ назоратда ушлаб турилсин. Акс ҳолда бу менталитетимиз, бир пастда фикр ўзгариши мумкин. Олий лигада тўп сураётган футболчиларнинг маоши, мукофот пуллари сезиларли даражада камайтирилса, ўйинчиларнинг ўзларида ҳам интилиш бўлади. Биринчи лигада фаолият кўрсатаётган журналист сифатида футболчиларни олий лигада ўйнаш учун интилишларини кўрганимдан келиб чиққан шундай фикрга келдим. Ўйинчиларимиз биринчи лигадан олий лигага чиқишни ўйлашмоқда. Биринчи мақсад пул топиш бўлса, иккинчиси, терма жамоадан таклиф олиш. Агар олий лигада ҳам маош ва мукофот пуллар камайтирилса, футболчилар табиийки, хорижга чиқишни истайди. Чунки пул топиш керак, ўзлари таъкидлагандек, оилани молиявий томондан таъминлаш лозим. Бундан яна бир оладиган фойдамиз шуки, футболда пул камайса, ўз-ўзидан спортнинг шу турини чин дилдан севадиган инсонларгина фаолият юритишни бошлайди. Пулсиз жойда ҳамма ҳам ишлайвермайди. Ўз-ўзидан иқтидорларга йўл очилиши ҳам мумкин. Одил Аҳмедовдан кейин ўзбек футболида “портлаш” қилиб, легионерга айланган футболчи топилмади. Бунга лойиқ ўйинчи топилмади, тўғри бор, юртимиз иқтидорларга бой, бироқ олий лиганинг савиясини ўзингиз жуда яхши биласиз. 

Футболчиларимизни тўғри тарбияласа катта фойда келтиради, аммо хориж клубларига тайёр ўйинчи керак. Улар тарбиялаб ўтирмайди, тайёрини олади. Шунинг учун ҳам футболимизни ривожлантириш учун унинг барча камчиликларига эътибор қаратишимиз шарт, керак бўлса, менталитетимизни ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ҳаммамиз шу юрт фарзанди эканмиз, қандай касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар ўзимизнинг фаолиятимиздан келиб чиққан ҳолда фикр юритайлик. Футболчилар ҳам биз каби ўзбек ва шу юртда яшамоқда. Табиийки, фикрлаш ҳам деярли бир хил, хато ва камчиликлар ҳам. Энг асосийси, бир менталитетда тарбия топганмиз. Ўйинчиларнинг биздан битта устунлиги шу бўлиб қолдики, жуда катта маош олишмоқда. Шунчаки, бунга арзишга ҳаракат қилиш шарт. Футболчилар бунга арзимаётган экан, демак, футболимизда ислоҳат қилишга мажбурмиз. Энди мақоламиз аввалидаги фикрларимизга қайтсак. Футболимизнинг бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда миллий терма жамоамиз бош мураббийига кенг ваколат беришга тўғри келади. Боз устига, клуб тизимида бундай узоқ йўлни босиб ўтган мутахассис учун тўғри тизимга тушиб олиш унчалик катта муаммо бўлмаса керак. Асосийси, буни ўзи хоҳлаши шарт. Яъни, олдига миллий ва олимпия терма жамоаларимизни йирик мусобақаларга олиб чиқиш вазифаси қўйилган экан, Бабаян бу йўлда унга тўсиқ бўладиган барча муаммоларни енгишда кенг ваколатга эга бўлиши лозим. Хусусан, болалар футболидан тортиб, катталар футболигача тартиб ўрнатиш ваколати берилса ва албатта уни чегарадан чиқиб кетмаслигини назорат қилиб турган ҳолда ишлаш имконияти бериш керак. Биз ҳозир 2018 йилни эмас, 2022 йилни ўйлаб иш бошласак мақсадга мувофиқ бўлади. Бабаян ҳар бир жамоага ўзи қошидаги болалар футбол мактабининг фаолиятини яхшилаш талабини қўйсин. Бизга маълум бўлишича, Самвел Вячеславович барча терма жамоаларга жавобгар бўлади ва термаларимиз бир тизим остида фаолият кўрсатади. Шундай экан, клубларимизга ўсмирлар, ёшлар термаларимиз учун футболчи етиштириб бериш талабини қўйсин. Чунки хоҳлаймизми-йўқми, болалар келажагимиз ҳисобланади. 2022 йилга қадар ҳали 7 йил муддат бор экан, болалар футболини бугундан ислоҳ қилсак, тез орада яхши натижаларга эриша оламиз. Бабаян олий ва биринчи лигада ишлаётган мураббийларга олди-сотди ўйинларни йиғиштириш талабини қўйсин. Чунки бундай ўйинлар орқали футболчининг савияси тушиб кетади. Оқибати нималарга олиб келишини охирги йилларда ўз кўзимиз билан кўрдик. Агар мураббийлар қинғир ишларни қилишда қайтмаса Бабаян уларни жазоланишини ҳам таъминласин. Боиси, истасак-истамак, эртага ҳар қандай терма жамоамизнинг омадсизлиги Бабаян билан боғланади. Ғалабалар унинг обрўсига қанчалик таъсир қилса, омадсизлик ҳам шунчалик таъсир қилади. Ўзбек футболининг Марадонаси номини олган Миржалол Қосимов танқидлар бўҳрони остида қолиб кетган бир вақтда Бабаян бундай танқидлардан четда қолишига ишониш қийин. Самвел Вячеславович “Пахтакор”да бир неча йилларда танқид остида ишлаб келиб ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Кейинчалик клубда ўзини кўрсатгани каби миллий терма жамоада ҳам шундай ютуқларга эришиши тарафдоримиз. Керак бўлса, 2022 йилгача кутишга ҳам розимиз, фақат у ўз ваколатидан кенг фойдалансин, футболимиз равнақи учун юзим-кўзим демасдан ишласин, дангаса мураббийларимизни ишлатсин. Мени хурсанд қилган ҳолат шуки, Бабаян мухлислардан тортиб, мутахассисларгача маслаҳатлашяпти. Тўғри, кимнинг фикрини инобатга олади ёки олмайди, унинг иши, аммо эртага ҳар бир фикр ўз ўрнига эга бўлади. Мураббийнинг вазиятини билмасдан туриб унга ақл ўргатишдан осон иш йўқ. Бабаян шуни инобатга олган ҳолда ҳам ҳамма билан гаплашмоқда. Бу ҳам ўзига хос тактика. Самвел Вячеславович ОАВ ходимлари билан учрашув чоғида журналистларнинг аксар фикрларини қоғозга тушириб олгани ҳам эътиборга молик. Агар бу ишни қилмаганида ҳам ундан ҳеч ким хафа бўлмасди. Чунки ўрганиб қолганмиз. Мураббийларимиз терма жамоани Осиё чемпионатига олиб бориб, мусобақадан кейин истеъфога чиқиб кетяптику, лекин у бирор марта ОАВ ходимлари билан учрашмаяпти, уларнинг дардини эшитмаяпти. Инсон ўз қобиғига ўралиб олмаслиги керак, акс ҳолда ўзини-ўзи еб қўяди. Танқидларга дош бера олмайди. Унда курашиш хислати йўқолади.

Бабаяннинг ўзи таъкидлаганидек, тезлик билан терма жамоа натижаларини ижобий тарафга ўзгартириб юбора олмайди. Биз ҳам буни кутаётганимиз йўқ. Асосийси, ишни тўғри йўлга қўйиб олиш. Иш тўғри йўлга қўйилса натижа ҳам ўз-ўзидан келаверади. Биз ҳам шунга умид қилиб қоламиз.

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 15:48, 07.07.2015.
Ўқилди: 6880 марта.
Фикрлар: 25 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.