"Интерфутбол" газетаси Италия чемпионатининг якунига етган мавсуми рамзий терма жамоасини тузиб чиқди. Қуйида ана шу рамзий терма жамоа билан танишишингиз мумкин.
Дарвозабон
Жанлуижи Буффон («Ювентус»)
Билмадик, бу яхшими ёки ёмон, лекин ҳозирча Апеннинда Буффондан кўра, маҳоратлироқ посбон топилмаяпти. Тўғри, «Жижи ортда қолган мавсум доимо қора терга ботиб ишлади, алоҳида қаҳрамонлик кўрсатди», де-йиш нотўғри. Аммо «кекса синьора» биргина Сторари билан скудетто ва мамлакат кубогини қўлга киритиш, ЕЧЛда финалга етиб боришга анча қийналарди. Факт шуки, Буффон 40 ёшга яқинлашиб қолганига қарамай, ҳамон ўз жамоасига керакли пайт керакли ёрдамни кўрсата оляпти.
Захира: Морган Де Санктис («Рома»), Эмилиано Вивиано («Сампдория»).
Ҳимоячилар
Стефан Де Фрей («Лацио»)
Голландиялик 22 ёшли легионер ўта қисқа фурсатда янги жамоасининг ўйин услубига тўла мослашиб олди ва нотаниш юртдаги илк мавсумидаёқ ҳурмат қозонди. Италияда ҳамон ҳимоя чизиғига алоҳида эътибор қаратилишини инобатга олсак, Де Фрейнинг бундай эътирофга эришиши - юксак натижа. Тўғри, у рақиблар дарвозасини ишғол қилмади. Аммо ўз ҳимоя қўрғонига етарли мустаҳкамлик бағишлади.
Леонардо Бонуччи («Ювентус»)
Бу футболчининг сезиларли ўсишга эришгани шу билан эътиборлики, у «Юве» учун Антонио Конте ўрнини Массимилано Аллегри эгаллаган ўта мураккаб мавсумда ижобий натижа қайд этди. Ваҳоланки, янги бош мураббий жамоани аста-секинлик билан 3-5-2 схемасидан севимли 4-4-2 услубига мослаштирди. Буни қарангки, қайта қуриш жамоа ўйинига путур етказмади, балки уни янада такомиллаштирди. Муваффақиятда мураббийнинг роли қанчалик катта бўлса, янги муҳитга тез мослашган ҳимоячилар улуши ундан кам эмас. Айниқса, Бонуччи бу борада ажойиб фаолликни намойиш этди: ўз вазифасини аъло даражада уддалаган ҳимоячи ҳужумда ҳам самарали тўп сурди. «Милан», «Рома» ҳамда «Лацио» клублари дарвозасига урган 3та голи барчасини айтиб турибди.
Камил Глик («Торино»)
«Торино» сардори маҳсулдорлик бобида Бонуччидан ҳам ўзиб кетди. Марказий ҳимоячи «А» сериясидаги 32та учрашувда рақиблар дарвозасига 7 марта йўл топди. Ҳа, марказий ҳимоячи позициясида тўп сурган ҳолда! Албатта, рамзий терма жамоани фақат тўпурар футболчилар ҳисобига шакллантириш нотўғри. Аслида Жампьеро Вентура жамоалари доимо тактик малака, уюшқоқлик, ишончли ҳимоя чизиғи бобида ажралиб туришган. Польшалик ҳимоячи эса бу борада Турин клубининг етакчиси.
Захира: Жоржо Кьеллини («Ювентус»), Даниэле Ругани («Эмполи»).
Ярим ҳимоячилар
Фелипе Андерсон («Лацио»)
Бразилиялик навбатдаги афсунгарни ҳеч иккиланмай, «А» сериясининг мавсумдаги кашфиёти номинациясига номзод сифатида кўрсатиш мумкин. Тўғри, унинг янги муҳитга мослашиб олиши бир неча ойга чўзилиб кетди. Аммо хавбек шу йўқотишни қиш фаслидаги сермаҳсуллиги билан ювди: унинг 13та учрашувда урган 10та голи ва 6та самарали узатмаси «бургутлар»ни 3-поғонага олиб чиқди. Мухлислар қувончдан ўзларига жой тополмай қолган бўлсалар, клуб раҳбарлари мамнунлик билан кафтларини кафтларига ишқай бошладилар. Навбатдаги вазифа - Андерсон «Зоти олийлари»ни Римда ушлаб қолиш ёки ҳеч иложи топилмаса, унинг эвазига каттагина суммани «қурт»дек санаб олиш.
Поль Погба («Ювентус»)
«Кекса синьора»нинг фрациялик жавоҳири хусусида шунчалик кўп ёзилдики, бирон-бир фазилатни қўшимча қилиш қийин. Чинакам атлетга хос жисмоний кўрсаткичлар, аъло даражадаги дриблинг ва тўп узатишлар, ҳар қандай масофадан кучли зарба йўллаш қобилияти ва юқори тезлик - яшил майдонда Поль уддалай олмайдиган ишнинг ўзи йўқ! Унинг эндигина 22 ёшга тўлганини ҳисобга олсак, Европа грандларининг бежиз елиб-югурмаётганликлари ойдинлашади.
Рожа НаиНГголан («Рома»)
Очиғи, «Кальяри»дан харид қилинган футболчи «Рома»да ўз ўрнини топа олиши ва мухлисларни тез-тез жароҳатланадиган Кевин Стротманни унутишга мажбур этишини ҳеч ким кутмаганди. Гарчи бельгиялик легионер маҳсулдорликка даъво қилолмасада («ГолҚпас» тизимида атиги 7 балл), унинг тиришқоқлиги ва ҳужумчиларга бераётган кўмагига гап йўқ. Қизиғи шундаки, «бўрилар» мавсумни инқирозсиз ўтказа олишганида, Рожа янада кўпроқ наф келтиришга қодир эди аслида. Бироқ ҳозирда қайд этган сермазмун ўйини ва савияси ҳам рамзий терма жамоа сафидан жой олиши учун етарли.
Доменико Берарди («Сассуоло»)
Эндигина 20 ёшга тўлган ва «Сассуоло»дек камтарин жамоада ўйнайдиган ҳар қандай футболчининг алоҳида эътибор тортиши анча мушкул масала. Аммо Берарди буни бир неча йилдан буён уддалаб келмоқда. У 2014 йилнинг январида «Милан»га қарши ўйинда «покер»га эришиб, Аллегрининг истеъфосини нақд қилганди. Яқинда эса унинг «хет-трик»и Филиппо Инзаги бошидаги оқ толаларни янада кўпайтирди. Футболчининг асосий устунлиги шундаки, «ҳотамтой»ликни фақат «Милан» эмас, бошқа жамоаларга ҳам кўрсатаверади. 32та учрашувда 15та гол ва 10та самарали узатмани амалга ошириш «А»сериясининг 12-жамоасида ўйнаётган ярим ҳимоячи учун юксак натижа.
Захира: Антонио Кандрева («Лацио»), Миралем Пьянич («Рома»)
Ҳужумчилар
Лука Тони («Верона»)
Бу ҳужумчини мақташ учун у қайд этган натижани ёдга олиш кифоя: 38 ёшида «Верона» шарафини ҳимоя қилган фахрий Лука мавсумни 22та гол билан якунлади! 2006 йили жаҳон чемпиони бўлган футболчидан ҳозир шундай натижа кўрсатишини ҳеч ким кутмаган эди. Унинг жасоратлари учун алоҳида рамзий терма жамоа шакллантирса ҳам арзийди.
Мауро Икарди («Интер»)
«А» сериясининг энг яхши тўпурари мақоми Тони ва Икардига насиб этди. Лука 22та голни 38та учрашувда қайд этган бўлса, унинг аргентиналик касбдоши учун 36та ўйин кифоя қилди. Лекин яна шуниси борки, Икарди фахрий рақобатчиси сингари 38 ёшли «қария» эмас, энди 22га қадам қўйди. Умуман, Икардининг «Интер» олдидаги хизматларини таърифлашга тил ожиз. Инқирозга юз тутган жамоани айнан у судраб юрди, гўё.
Карлос Тевес («Ювентус»)
Аргентиналик бошқа бир ҳужумчи - Тевес нафақат «Ювентус», балки Италия чемпионатидаги энг фойдали футболчилардан биридир. Тиниб-тинчимас Карлито ҳеч қачон олдинги чизиқдаги юмушлар билан кифояланиб қолмайди, майдоннинг барча нуқталарида кураш олиб боради. Хусусан, «қора ишлар»дан ҳам ор қилмайди. Вазият тақозо этганида эса, шахсий натижаларига зид равишда тўпни жамоадошларидан қизғанмайди. Баъзида ёлғиз ўзи майдон ярмидан рейд уюштириб, ҳал қилувчи голни уради. Гарчи Карлос энг яхши тўпурарга аталган совринга эга чиқолмаган бўлсада, «А» сериясининг энг яхши футболчиси мақомини сақлаб қолди. Ўйин савиясини трансфер қийматига нисбатан олсак, Тевесни «Юве»нинг сўнгги йиллардаги энг омадли хариди сифатида эътироф этиш мумкин.
Захира: Пауло Дибала («Палермо»), Жереми Менез («Милан»).
Бош мураббий
Массимилиано Аллегри («Ювентус»)
Антонио Конте ворисининг тақдимот маросимидан кейин Турин суперклуби ишқибозлари тушкунликка берилишган, рақиблар эса кинояли табассумларини яширмаган ҳолда, бармоқлари учи билан Аллегрини кўрсатишганди. Орадан атиги бир неча ой ўтгач, қарама-қарши томондаги кайфият 180 даражага ўзгарди. Ислоҳотни хотиржамлик билан амалга ошира бошлаган мутахассис ўйин услубини 3-5-2дан 4-4-2га кўчирди. Шу йўл билан ҳеч кимнинг эътиборига кирмаган мураббий жамоага скудетто ва Италия кубогини тақдим этди, уни ЕЧЛ финалига олиб чиқди. Хуллас, Аллегри тили узун барча танқидчиларни «мум тишлаш»га мажбур этди. Ахир унинг шогирдлари 2003 йилдан буён энг муваффақиятли мавсумни қайд этишди. Қисқаси, бунақаси ҳаттоки, қаторасига 3 марта чемпионликни нишонлаган Контега ҳам насиб этмаганди...