Қозоннинг “Рубин” клуби қишки трансфер ойнасида бир қатор ўзгаришларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Жамоа 5 нафар футболчини сотиш ёки ижарага бериш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёрланмоқда. Ушбу рўйхатда икки нафар ўзбекистонлик футболчи ҳам борлиги ҳақида инсайдер Карпов хабар берди.
Тожикистонлик бош мураббий Рашид Раҳимов мавсумнинг иккинчи қисми олдидан жамоани кучайтиришни мақсад қилган. Бироқ бунга қадар клуб кўплаб футболчиларига янги жамоа излаётгани айтилмоқда. Улар орасида Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев ҳам бор.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматовга ўзбек клублари ва Яқин Шарқ жамоалари қизиқиш билдирган бўлса-да, ҳали аниқ таклифлар йўқ.
21 ёшли ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев ушбу мавсумда РПЛда бор-йўғи 84 дақиқа майдонга тушган ва асосий таркибга кира олмаган. “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” ҳамда “Нефтчи” жамоалари унга қизиқаётган бўлса-да, футболчи Туркия ёки Австралия клубларини афзал кўрмоқда. Туркиянинг “Бодрумспор” ва Австралиянинг “Western Sydney Wanderers” жамоаларидан Раҳмоналиевга қизиқиш билдирилган.
“Рубин” клуби ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиевнинг агенти Рауль Абдураҳмонов футболчи 2025 йилги қишки трансфер ойнасида жамоани тарк этиши мумкинлигини маълум қилди.
“Умарали ижарага берилади ёки тўлиқ трансфер амалга оширилади. Ҳаммаси клубларнинг трансферга қизиқиш даражасига боғлиқ. Ҳозирча аниқ таклифлар йўқ, аммо қизиқиш мавжуд. Биз аниқроқ таклифларни кутяпмиз. Ҳозирда иккита вариант бор: бири Австралия чемпионатидаги экзотик клуб, иккинчи таклиф эса Туркиядан”, — дея маълум қилди Абдураҳмонов “Championat” нашрига берган интервьюсида.
Шунингдек, Абдураҳмонов “Рубин” билан бу масалани муҳокама қилганини ҳам айтди:
“Мен Москвага учиб бориб, Раҳмоналиевнинг келажагини муҳокама қилдим. Биз футболчини оқилона нархга ижарага бериш ёки трансфер қилиш бўйича келишувга эришдик”.
Аввалроқ Умарали Раҳмоналиев Англия Премьер лигасида ўйнаш истаги борлигини айтганди.