"Интерфутбол" газетаси ақл бовар қилмас маблағ эвазига сотиб олиниб, якунда ишончни оқлай олмаган 10та омадсиз трансферга тўхталди.
Кака
«Реал»нинг йўқотиши 65 млн. евро.
«Милан»дан айнан шунча пул эвазига сотиб олинган футболчи ортга эркин агент сифатида қайтди. Каканинг «Қироллик клуби»га улкан пул эвазига олиб келинишини ўта муваффақиятсиз трансфер, дейиш балки нотўғри бўлар, бироқ у сарфланган маблағнинг ярмини ҳам оқламагани бор гап. Испанияга кўчиб ўтган ярим ҳимоячини тиббий жароҳатлар ҳамда футбол билан боғлиқ бошқа муаммолар изма-из таъқиб эта бошлади. Натижада, 4 йил муваффақиятсизлик гирдобида қолган Кака эркин агент сифатида «Милан» га қайтди. Лекин у барибир, «иккинчи ёшлиги»ни бошлай олмади ва ҳозирда футбол тарихидаги энг омадсиз трансферга эга футболчилар тарихидан мустаҳкам ўрин олди.
Фернандо Торрес
«Ливерпул»дан 58,5 млн. еврога харид қилиниб, «Милан»га 3 млн.га сотилган.
Торресда ўрта ёш футболчисига хос «кризис» аломатлари у «Ливерпул»далик пайтидаёқ кузатилганди. Лекин буни жамоа ўйинининг ташкил этилиши билан боғлаш мумкин эди. Умуман олганда, ўшанда Роман Абрамович ўта сахийлик қилиб, ўртача ҳар ойда бир марта гол урадиган суперюлдузни сотиб олди. Торрес дастлаб тўп киритиш ҳисси, сўнгра барча ижобий хислатларидан айрилди. Аммо у Чемпионлар Лигасидаги «автобус»нинг биринчи йўловчиси роли ижрочиси эмасди. Ортга қайтган Моуриньо эса Фернандонинг ҳозирги ҳолати топ-клубга умуман мос эмаслигини англаб етди: «Милан»га ижара, бунинг ортидан трансфер ва Торрес қадрдон Мадридда.
Гаиска Мендьета
«Лацио»нинг йўқотиши - 43 млн. евро.
«Валенсия»дан 48 млн. еврога сотиб олинди ва «Мидлсбро»га 5млн.га пулланди.
«Кўршапалаклар»нинг қанотдаги ҳужумларида порлаган Мендьета ҳам футбол тарихидан бир жамоа юлдузи сифатида ўрин олди. «Лацио» сарфлаган ақл бовар қилмас маблағ ўзини мутлақо оқламади. У доимо сояда қолиб кетди, римликлар билан бирорта ҳам жиддийроқ мукофот ютолмади. Бир нечта ижарадан сўнг, Гаиска ва ниҳоят, «Мидлсбро»да қўним топди. Лекин трансферлар ва ижаралар учун олинган катта маблағлар Гаиска Мендьета трансфери учун берилган пул олдида урвоқ ҳам бўлолмади.
Андрей Шевченко
«Челси»нинг йўқотиши - 43,3 млн. - «Милан»дан шунча пулга сотиб олинган
Андрей аввал ана шу клубга ижарага берилди, кейин эса эркин агент сифатида Киевнинг «Динамо»сига ўтиб кетди.
Украиналик 29 ёшли форвард Лондонга Италиянинг, айниқса, Миланнинг суюклиси сифатида келганди. Лекин на Абрамовичнинг ишончи ва на Моуриньонинг саъй-ҳаракатлари супертўпурарни янги жамоадан мус- таҳкам ўрин эгаллаши учун етарли бўлди. Дрогба ва бошқаларга рақобатни бой берган Шевченконинг юлдузли даври шу тариқа якун топди.
Златан Ибрагимович
«Барселона»нинг йўқотиши - 39,5 млн.
«Интер»дан 69,5 млн.га харид қилиниб, «Милан»га 30 млн.га сотилган.
Златанни ҳам қайсидир маънода трансфер хатоси, дейиш мумкин. Тўғри, унинг имконият даражаси пасаймаганди. Шунчаки, Мессининг «Барселона»си унинг жамоаси бўлиб чиқмади. Каталонияликлар учун тўпурар керак эди ва улар таваккал қилишди. Ибрагимович Миланга қарийб икки баробар арзон нархда қайтди. Лекин бу клубда яна ўз ўйинини кўрсатди ва оқибатда «ПСЖ» таркибидан муқим ўрин олди. У ҳамон «Барса» ва Гвардиолага ўзини ўйната олмаганликларини эслатиб туради.
Давид Вилья
«Барселона»нинг йўқотиши - 37,9 млн.
«Валенсия»дан 40 млн.га сотиб олинди, «Атлетико»га 2,1 млн. евро эвазига кетди.
Мессининг яна бир «қурбони». «Валенсия»нинг энг яхши тўпурари, терма жамоа ҳужумчиси, испаниялик юксак иқтидор эгаси - бу таърифларнинг барчаси ҳақида Вилья «Барселона»га ўтаётганда кўп гапирилди. Лекин махсус ўйин услуби, юксак масъулият, жароҳатлар ва мураббий ишончининг етишмаслиги 2 йил ичида Давидни Каталония жамоасининг захира ўйинчисига айлантирди. 31 ёшида «Атлетико»га келган футболчи бугун АҚШда тўп тепиб юрибди.
Хавьер Савиола
«Барселона»нинг йўқотиши - 35,9млн.
«Ривер Плейт»дан айнан шунча маблағ эвазига олиб келинган футболчи «Реал»га эркин агент сифатида йўл олди.
Аргентиналик 19 ёшли «вундеркинд» учун «Барса» улкан маблағни аямади, лекин сарфланган пул ва билдирилган ишонч тўла оқланмади. 2-3 йилдан сўнг у «Барса»дек жамоада 1-рақамли юлдуз даражасига чиқолмаслиги маълум бўлиб қолди. Шундан кейин ижаралар ва ўз ўйинини топиш даври бошланди. Алал-оқибат, каталонияликлар Савиолани ҳеч қандай тўловсиз қўйиб юборишди. «Реал» ҳам унга яна бир имконият яратди, аммо бундан ҳеч нарса чиқмагач, Хавьерни «Бенфика»га сотиб юборди. «Барса»дан фарқли равишда, мадридликлар 5 млн. евро ишлаб олишганини эътироф этиш жоиз.
Андерсон
«МЮ»нинг йўқотиши 31,5 млн. евро
Портудан 31,5 млн.га сотиб олинган футболчи эркин агент сифатида «Интернационал»га кетди.
«МЮ» тарихидаги энг омадсиз трансферлардан бири. Бразилиялик ярим ҳимоячи ёшлигида юксак истеъдод эгаси сифатида барчанинг диққатини ўзига жалб қилганди. У «Порту»да икки мавсум муваффақиятли тўп сурди, лекин сўнгги паллада яна иши юришмади. Фергюсоннинг уринишлари самара бермагач, у «Фиорентина»га ижарага берилди. Сўнг ватанига қайтди. 26 ёшга тўлган Андерсоннинг трансфер баҳоси қарийб 10 баробар арзонлашган ва Европа футболидаги ўртамиёна футболчи нархидан ҳам анчагина паст.
Денилсон
«Бетис»нинг йўқотиши 31,5 млн. евро.
«Сан-Паулу»дан шунча маблағга харид қилинган футболчи «Бордо»га эркин агент сифатида йўл олди.
Бразилиялик бўлғуси юлдузнинг трансфери нафақат «Бетис», балки бутун футбол учун рекорд даражани ташкил қилди. Денилсон янги жамоаси учун ҳеч нарса қилмади дейиш ҳам нотўғри. У клубнинг етакчисига айланганди, аммо биргина ярим ҳимоячи учун шунча пулни сарфлаган жамоа алал-оқибат ўзини ўнглаб ололмади ва примеродан «қулади». Ҳақиқатан ҳам сегунда жамоаси учун 30 млн.лик футболчининг нима кераги бор? Клуб элитага қайтгач, Денилсон амалдаги шартномани узайтириб, жамоасининг УЕФА кубогига чиқишига кўмаклашди. Лекин буларнинг барчаси ҳам Денилсон учун сарфланган пулларни оқлай олмади. У «Бетис»ни эркин агент сифатида тарк этаётганида фахрий ўйинчига айланишига ҳали анча бор эди.
Робиньо
«Манчестер Сити»нинг йўқотиши - 25 млн.
«Реал»да трансфери 43 млн. еврони ташкил қилган футболчи «Милан»га 18 млн.га тушди.
Роналдо ва Пеленинг юртдоши «Реал»да ўйнаган кезлари ўзига нисбатан билдирилган фикрларни оқлашга интилди. Агар «шаҳарликлар» яна бир оз сабр қилиб туришганидами... Оқибатда, Робиньо «Манчестер Сити» таркибида ўз ўрнини топа олмай, барчага кулги бўлди. Ҳарқалай, «Манчестер Сити»нинг омади бор экан, «Милан» Робиньо учун нисбатан камроқ бўлса-да, пул сарфлади. 3-4 йилдан сўнг ўйинини йўқотган футболчига ҳозир фақат Бразилия чемпионати клублари қизиқишлари мумкин, холос.