Кириш Регистрация
10/10 05:00 Перу - Уругвай

Ҳусниддин Ғофуров: “Явор” серб супер лигасида ҳам муносиб иштирок этади"

Баҳо:
+ | -

Биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири саналадиган Ҳусниддин Ғофуров Сербиянинг “Явор” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Ўтган мавсум якунларига кўра илк уринишдаёқ серб супер лигасига қайтиб чиқиш вазифасини уддалаган иваницаликлар сафида ҳамюртимиз энг фаол ўйнаган футболчилардан бири бўлганди.

Ҳозирда Ҳусниддин Ғофуров ва “Явор” янги мавсумга ҳозирлик кўрмоқда. Сербияда 2015/16 мавсум 18 июл куни старт олади. Ёш иқтидор эгаси SPORTS.uz сайтига бошланаётган янги мавсумга олиб борилган тайёргарлик хусусида ва ўзининг эндиги режалари тўғрисида гапириб берди.

 

- Ҳусниддин, янги мавсумга тайёргарлик жараёни қандай кетмоқда?

- Хабарингиз бор, жамоамиз серб элитасига қайтди. Табиийки, супер лигада ўйинлар янада шиддатли ўтади, жамоалар ҳам шунга яраша кучли. Бизнинг клуб ҳам шунга мос равишда тайёргарлик ишларини олиб борди. Ҳозирда чемпионат старт олишига жуда оз вақт қолди. Шу боисдан асосан енгил машғулотлар олиб борилмоқда.

- Тайёргарлик жараёни асосан қаерда олиб борилмоқда? Иваницадами?

- Ҳа. Чунки мавсумга тайёргарликнинг асосий босқичи якунланди. Ҳозир асосан 18 июл куни бошланадиган дастлабки тур учрашувига ҳозирлик кўряпмиз. Мураббийлар ўз базамизда мавсум старти олдидан сўнгги машғулотларни ўтказишмоқда. Ҳа айтганча, эртадан Чачак шаҳрида кичик турнир бошланади. Унда иштирок этишни мақсад қилганмиз. Зеро чемпионат старти олдидан бироз “қизишиб” олсак зарар бўлмайди…

Husniddin GAFUROV.jpg

- Клуб юқори дивизионга қайтиб чиқди. Эндиги режалар қандай? Раҳбарият “Явор” олдига янги мавсумда қандай вазифалар қўймоқда?

- Супер лигада ўйнаш яхшироқ, албатта. Лекин унда иштирок этиш жамоага ва ундаги футболчиларга масъулият ҳам юклайди. Зеро элитада кучсиз жамоалар бўлмайди. Бизнинг жамоамиз ҳам шунга монанд равишда тайёргарлик ва селекция ишларини олиб боряпти. “Явор” таркиби ҳам юқори дивизионга мос равишда кучайтириляпти. Насиб этса, “Явор-Матис” янги мавсумда мазмунли ўйин кўрсатади ва ўзининг мухлисларини хурсанд этади. Жамоамиз элитада ҳам йўқолиб қолмайди!

- Мураббийлар штаби сизга қандай умид боғлаяпти? Ўзингиз ҳам янги мавсумда олдингизга қандайдир режалар ва мақсадлар қўяяпсизми?

- Жамоамиз мураббийлар штаби билан алоқамиз жуда яхши. Мен ҳам улар кутгандек ўйин намойиш этишни ният қиляпман. Олдимга қўяётган биринчи галдаги мақсадим – доим асосий таркибда майдонга тушиш ва жамоамга қўлдан келганча наф келтириш. Қолаверса, супер лигада кўпроқ гол киритиш ва шерикларимни ҳам голли паслар билан таъминлашни истайман.

- Мавсумлар оралиғида сизга бошқа жамоалар таклиф билан чиқишмадими?

- Шуни таъкидлай оламанки, ҳозирча бошқа жамоага ўтиш борасида умуман ўйлаётганим йўқ! Боиси “Явор”нинг супер лигага қайтишида ўзимнинг қандайдир даражада хиссамни қўшдим ва энди ушбу клубга элитада ҳам фойдам тегишини истайман. Насиб этса кейинроқ бошқа жамоаларга ўтиш масаласини кўриб чиқамиз. Аввало “Явор” таркибида ўзимни янада кўрсатай, кейин бошқа клублардан таклифлар бўлаверади. Ишончим комил, Сербия чемпионати ва “Явор” клуби мен учун жуда қулай имкониятни тақдим этади. Зеро буерда яхши ўйин намойиш этиш орқали Ғарбий Европа жамоаларининг эътиборини қозониш мумкин. Насиб қилса, “Явор” орқали янада кучлироқ чемпионатга йўл оламан. Ҳозир эса ушбу жамоанинг серб супер лигасида яхши иштирок этиши учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишим лозим. Умид қиламанки, янги мавсум “Явор” учун жуда ҳам омадли ўтади!

 

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Сербия супер лигасида янги мавсум 18 июл куни бошланади. Ҳамюртимизнинг жамоаси дастлабки турда “Нови Пазар” клуби меҳмони бўлади. Биз эса Ҳусниддин Ғофуров ва унинг жамоаси “Явор”га янги мавсумда омадлар тилаб қоламиз.

Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди

Манба: Sports.uz
Киритилди: 19:26, 11.07.2015.
Ўқилди: 3583 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.