Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Арда Гюлер ҳужумчи Гонсало Гарсиянинг жамоадан кетганига муносабат билдирди.
22 ёшли испаниялик футболчи доимий ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида қадрдон клубини тарк этиб, Англиянинг «Фулҳэм» клубига ўтишга қарор қилди. Трансфер ҳақида душанба куни расман эълон қилинди.
«Майдонда кўрсатган маҳоратинг ва майдондан ташқаридаги дўстлигинг учун раҳмат. Камтар, меҳнаткаш ва яхши инсон — сен ҳақингда ҳамиша шундай фикрда бўламан. Сен академиядан то асосий жамоагача бўлган йўлни босиб ўтдинг ва буларнинг барчасига ҳақли равишда эришдинг. Кийиниш хонасидаги қўшнимни соғинаман. Омад, биродарим. Сени ҳамиша қўллаб-қувватлайман», — деб ёзди Гюлер ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Гарсияга қарата.
«Реал» ўз тарбияланувчисининг сотувидан 40 миллион евро ишлаб олди.













