Кириш Регистрация
30/01 11:00 Саудия Арабистони 0-2 Эрон
30/01 13:00 Австралия 2-4 Ўзбекистон
30/01 15:00 Малайзия 0-7 Афғонистон
30/01 17:00 Тожикистон 0-3 Япония
31/01 00:45 Лацио 3-2 Женоа
31/01 01:00 Эспаньол 1-2 Алавес
31/01 13:00 Таиланд 1-0 Вьетнам
31/01 13:00 Кувайт 7-2 Ливан
31/01 17:00 Индонезия 1-1 Ироқ
31/01 17:00 Қирғизистон 3-2 Жанубий Корея
31/01 18:00 Реал Овьедо 1-0 Жирона
31/01 19:00 Пиза 1-3 Сассуоло
31/01 20:00 Лидс - Арсенал
31/01 20:00 Вулверхэмптон - Борнмут
31/01 20:00 Брайтон - Эвертон
31/01 20:15 Осасуна - Вильярреал
31/01 22:00 Наполи - Фиорентина
31/01 22:30 Леванте - Атлетико
31/01 22:30 Челси - Вест Хэм
01/02 00:45 Кальяри - Верона
01/02 01:00 Эльче - Барселона
01/02 01:00 Ливерпуль - Ньюкасл
01/02 13:00 Япония - Ўзбекистон
01/02 13:00 Тожикистон - Австралия
01/02 17:00 Эрон - Афғонистон
01/02 17:00 Саудия Арабистони - Малайзия

01 дан 618 гача. Футболчи ва дарвозабонлар ўйнаган энг антиқа рақамлар

Баҳо:
+ | -

Футбол – “миллионлар ўйини”! Ушбу жумладаги “миллионлар” сўзи остида нафақат мухлислар, балки яхшигина миқдордаги сумма ҳам назарда тутилган, десак адашмасак керак… 

Зеро ушбу спорт тури пуллар, рақамлар-у сонлар билан ҳам  узвий боғлиқ саналади. Шу ўринда бир жиҳатга эътиборингизни тортишга қарор қилдик. Футболда ўйинчиларнинг нечанчи рақамда ўйнашлари ҳам жуда муҳим факторлардан бири ҳисобланади. Футболчи-ю дарвозабонларнинг нечанчи рақамли форма остида тўп суриши мухлисларни ҳам доимо қизиқтириб келади. 

Бу гал эътиборингизга шундай бир мақолани ҳавола этмоқчимизки, уни ўқиб юзингизга табассум-у таажжуб югурса эҳтимол… Тарихда шундай ижрочилар ҳам бўлишганки, улар 0, 01, 1+8, 400, 618 каби рақамли футболкаларда майдонга тушиб, мухлисларни ўзларининг бетакрор ўйинлари хушнуд этишган. Қолаверса, жаҳон футболи 10 ёки 7 рақамда майдонга чиққан дарвозабонларга ҳам гувоҳ бўлган!... Ишонмайсизми, унда ушбу мақолани охиригача бир ўқиб чиқинг!
 
Хишам Зеруали (“Абердин”, Шотландия)
Ўйнаган рақами: 0

1a677c4cb941b4b766c5524d8db2166d.jpg

Марокашлик ярим ҳимоячи Хишам Зеруали 1999 йилда Шотландиянинг “Абердин” жамоасига кўчиб ўтади ва дастлабки мавсумдаёқ клуб ишқибозларининг ёқимтойига айланиб олади. Тезкор ҳаракатлари ва узоқдан йўллайдиган хавфли зарбалари билан шерикларидан ажралиб турган Зеруалига шотланд мухлислари “Zero” дея лақаб қўйишади. Бунга асосий сабаб эса футболчининг фамилиясининг дастлабки тўрт рақами худди шундай бошланар эди ва бу инглизчада “0” деган маънони англатарди. Мазкур лақаб футболчига ҳам маъқул тушади ва у жамоа раҳбариятидан 0 рақамли футболка беришларини сўрайди. Шу тариқа Зеруали бутун мавсум давомида 0 рақам остида тўп суради. Бу кўпчилик учун бироз ноодатий туюлсада, Хишам Зеруали фахрланган ҳолда 0 рақамда ўйнашда давом этади. Тез орада футболчига инглиз грандлари, хусусан, “Манчестер Юнайтед” қизиқиш билдира бошлайди. “Қизил иблислар” ишқибозлари ҳам “Ман Юнайтед”нинг 0 рақамли футболкасида Зеруали тўп суришини исташади. Аммо тақдир насиб этмаган экан, футболчи инглиз грандига кўчиб ўтмайди. Кейинчалик 2004 йилда ушбу футболчи ўз юртида автоҳалокатга учрайди ва вафот этади. “Абердин” эса футболчи хотирасига атаб жамоанинг 0 рақамли либосини абадий Хишам Зеруалига тақдим этади.
 
Пантелис Кафес (АЕК, Греция)
Ўйнаган рақами:

6ad129916779ad142b1b348a06da5e5d.jpg

Футбол тарихида яна шундай майдон ўйинчилари ҳам бўлганки, улар одатда дарвозабонларнинг рақами саналадиган 1 рақам остида тўп суришган. Биласиз, барча жамоаларда ҳам 1 рақам доимо дарвозабонларга тегишли бўлади. Аммо яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири  Пантелис Кафес АЕК сафида ўйнаган пайтда бундай эмас эди. Зеро юксак маҳорат соҳиби бўлган Кафес ушбу грек жамоасининг 1 рақамли либосида ҳаракат қилган.  
 
Симон Вукчевич (“Партизан”, Сербия)
Ўйнаган рақами: 1

49312692126b848a0537bdf3b67e868c.jpg

Қизиқ жиҳати шундан иборатки, Пантелис Кафес 1 рақамда ўйнаган ягона футболчи эмас. Черногориялик Симон Вукчевич ҳам серб гранди “Партизан” сафида тўп сурган пайти 1 рақамга эгалик қиларди. Кейинчалик ўзидан кутилганчалик ўйинни намойиш қила олмаган мазкур футболчи фақат 1 рақамда ўйнагани билангина мухлислар ёдида қолди, холос.
 
Эмир Спахич (“Торпедо”, Россия)
Ўйнаган рақами: 1

7908cef352f876e7dcdea9515f36548f.jpg

Босниялик машҳур ҳимоячи Эмир Спахич ҳам 1 рақам остида ҳаракат қилиш “бахти”га мушарраф бўлган, десак ишонасизми. Ушбу футболчи ҳали унча танилиб улгурмаган пайти Россиянинг “Торпедо” жамоасида ўйнарди. Қизиқ жиҳати, у бошқалардан ажралиб туриш мақсадида асосан дарвозабонлар эгалик қиладиган рақамни танлаганди. Футболчи рус клуби сафида фақат бир мавсумгина 1 рақамда ўйнайди. Кейинчалик фаолиятини давом эттирган бошқа жамоаларда Спахич ҳеч ҳам 1 рақамга “кўз олайтирмаган”.
 
Эдгар Давидс ( “Барнет” , Англия)  
Ўйнаган рақами:

476d00d01bfe6575ed785edc3bd80850.jpg

Эдгар Давидсни танимайдиган футбол ишқибози бўлмаса керак. Яқин ўтмишнинг энг зўр ярим ҳимоячиларидан бири бўлган собиқ “учар голланд” футболчилик фаолиятини тугатгач, ўзини мураббийлик соҳасида ҳам синаб кўрди. Унга Англиянинг мўжазгина жамоаларидан бири “Барнет” ишониб топширилди. Диққатга сазовор жиҳати, Давидс мазкур жамоани қабул қилиб олгач, майдонга қайтишни хоҳлаб қолди ва ўйновчи-мураббий мақомини олди. Биласизми, у нечанчи рақамда ҳаракат қилди?! 1! Шу тариқа Давидс ҳам 1 рақамли футбол либосида ўйнашга муваффақ бўлган камсонли ижрочилар сафидан жой олди.
 
Рожерио Сени (“Сан-Паулу”, Бразилия)
Ўйнаган рақамлари: 01 ва 618

6031abe5290518f59fba1cb9cca369df.jpg

Рожерио Сени номи жаҳон футболи тарихига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган, десак адашмасак керак. Зеро дарвозабон бўлишига қарамай ўзининг тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган ушбу юксак иқтидор эгаси “Сан-Паулу” чиндан порлаган. Буни Сенининг “Сан-Паулу” таркибида 1127 та учрашув ўтказгани ва рақиблар дарвозасига 120та! тўп киритгани ҳам исботлаб турибди. Ўз вақтида жарим зарбалари ва пенальтиларни қойилмақом тарзда амалга оширган ушбу дарвозабон ўзининг ноодатий рақамдаги футболкалари билан ҳам омма эътиборини тортиб келган. Масалан, 2005 йилда Рожерио Сени 618 рақамдаги футболкада майдонга тушган. Чунки ўша пайти Сени “Сан-Паулу” сафидаги 618-ўйинини ўтказаётган бўлган. Бундан ташқари Рожерио Сени кўпинча 01 рақамдаги либосда майдонга тушишни хуш кўрарди. Оддий дарвозабонлардан фарқ қилиб туришни истаган Сени чиндан ўзгача бўлганини таъкидлаш жоиз… 

4e3c3cac7ff310898dcf56183ced7c42.jpg

2153ee94a4e47dc776d36d56b298e530.jpg
 

Витор Байя (“Порту”, Португалия)
Ўйнаган рақами: 99 

d520e6505de0cb6f67d2441ff7dcb132.jpg

Витор Байя – Португал футболи тарихидаги энг яхши дарвозабонлардан бири саналади. Диққатга сазовор жиҳати шундан иборатки, Байя бутун фаолияти давомида (терма жамоани ҳисобга олмаганда, албатта) 99 рақамдаги футбол либосида майдонга чиққан. Унга ушбу рақам жуда ҳам ёққан. Шу сабабдан ҳам Витор Байяни “Порту” сафида доимо 99 рақамда кузатиш мумкин бўлган. Лекин терма жамоа таркибида Байя ўз истагини амалга оширишнинг имконини топа олмаган. Чунки бунга ФИФА қоидалари йўл қўймасди. Португалия терма жамоаси сафида 1 рақамда ўйнаган ушбу дарвозабон клуб сафида 99 дан воз кечмаган.
 
Лука Буччи (“Наполи”, “Парма”, Италия)
Ўйнаган рақамлари: 10, 7 ва 5 

06d6de4098e4e592b3a05881d3678bb5.jpg

Фақат майдон ўйинчилари дарвозабонларнинг рақамида тўп суришган, деб ўйлайсизми!? Қаттиқ адашасиз! Шундай дарвозабонлар ҳам бўлганки, уларнинг майдонга чиққан футболкаларидаги рақамни кўриб ёқа ушлашингиз тайин. Масалан, ўз вақтида “Наполи” ва “Парма” жамоалари дарвозасини қўриқлаган посбон Лука Буччи нафақат, ўз жамоасини тез-тез алиштириб турган, балки у футбол либосидаги рақамни ўзгартириб туришни ҳам хуш кўрган. Мухлислар уни баъзан 10, баъзан 7 ва баъзида 5 рақамда ҳам кузатишга муваффақ бўлишган… No comment!..
 
Кристиан Лупателли (“Кьево”, “Рома”, Италия)
Ўйнаган рақами: 10 ва 3
Лекин яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш лозимки, Лука Буччи 10 рақамга эгалик қилган ягона дарвозабон эмас. Италияда яна бир кипер бўлганки, у ҳам одатда ярим ҳимоячи ёки ҳужумчиларга тегишли бўлган рақамларда майдонга чиқишни хуш кўрган. У Кристиан Лупателли эди.  Лупателли ҳам 10 ва 3 рақамларда майдонга чиқиб мухлисларни ҳайрон қолдирганини кўплаб ишқибозлар ҳали ҳамон эслашади…
 
Андреас Херцог (Австрия терма жамоаси)
Ўйнаган рақами: 100 

a89d44b82ece23b45dd2a5019ff4d59c.jpg

Австрия футболи афсонаси Андреас Херцог ҳам нафақат намойиш қилган ажойиб ўйини, балки майдонга бир сафар ноодатий рақамда чиққани билан ҳам ёдда қолган. Узоқ муддат давомида Венанинг “Рапид” жамоаси шарафини ҳимоя қилган футболчи 2002 йилнинг ноябрида Норвегияга қарши кечган ўртоқлик учрашувида Австрия терма жамоаси сафидаги юбилей – юзинчи ўйинини ўтказган. Учрашув ўртоқлик мақомида бўлгани учун ҳам ФИФА унга учта белгидан иборат рақамда майдонга чиқишга рухсат берган. Шу тариқа Херцог 100 рақамда ўйнашга муваффақ бўлган жуда кам сонли ижрочилар қаторига қўшилган.
 
Адольфо Баутишта (“Чивас”, Мексика)
Ўйнаган рақами: 100

279dc605c8def91071e5bb3cfb0a9255.jpg

Европада уч белгидан иборат рақамли футболкада майдонга тушиш мумкин бўлмаган бўлсада, Мексикада бундат таъқиқ йўқ эди. Табиийки, узоқ шимолий америкалик кўплаб футболчилар 100 ва ундан ортиқ рақамдаги либосларда тўп суришга муваффақ бўлишган. Улар орасида айниқса, “Чивас” таркибида порлаган Адольфо Баутишта ёдда қолган. У 100 рақамни яхши кўрган ва бир неча мавсум давомида айнан 100 рақам остида тўп суриб келган.
 
Хесус Арельяно (“Монтеррей”, Мексика)
Ўйнаган рақами: 400 

5efb86a8de3a563f35a481c88b5d532a.jpg

“Монтеррей” жамоаси сафида тўп сурган Хесус Арельяно ҳам ноодатий, айтиш мумкин бўлса, антиқа рақамда тўп тепган футболчилар рўйхатидан ўрин олган. Унда 1996 йилда ўз она шаҳрининг 400 йиллик юбилейини нишонлаш пайти 400 рақамда тўп тепиш ғояси туғилади ва тез орада Арельяно ушбу ғояни ҳаётга тадбиқ этади. Натижада Хесус Арельяно бир мавсум давомида 400 рақам остида ҳаракат қилади.
 
Виктор Паралес (“Гвадалахара”, Мексика )
Ўйнаган рақами: 143
2011/12 мавсумда Мексика чемпионатида “Гвадалахара” жамоаси таркибида Виктор Паралес исмли футболчи ноодатий рақамда майдонга чиқа бошлагани кўпчиликнинг эътиборини тортади.  Паралес 143 рақам билан майдонга тушарди. Футболчи нега айнан 143 рақамда ўйнаганига ҳеч ҳам айтарли изоҳ бермаган. Аммо бу орқали у кўпчиликка танилишга муваффақ бўлган.
 
Иван Саморано (“Интер”, Италия)
Ўйнаган рақами: 1+8 

26aca6532bceeb3f19cd5e92acf0eac0.jpg

Футбол тарихидаги рақам билан боғлиқ энг катта можаро ва энг қизиқ воқеа Чили футболи афсонаси Иван Саморано номи билан боғлиқ саналади. Ўтган аср сўнгги ўн йилиигидаги энг яхши футболчилардан бири бўлган Саморано Мадриднинг “Реал” жамоасидан 1996 йилда Миланнинг “Интер”ига кўчиб ўтади. “Қироллик клуби” сафида 9 рақамда тўп сурган Саморано “Интер”да ҳам 9 рақамни олади. Лекин бир йил ўтгач “Интер”га қайсар Роберто Бажо келиб қўшилади. Анчагина димоғдор бўлган Бажо “Интер”нинг 10 рақамли футболкасини талаб қилади. Бу вақтда 10 рақам кимсан Роналдога тегишли эди. 10 рақамли футболкадан мосуво бўлган “сўйлоқ” жамоа раҳбарияти олдига талаб қўяди: Ё 9 рақам Роналдога берилади ёки маҳоратли ҳужумчи италян жамоасидан кетади. Натижада Саморано эгалик қилаётган 9 рақам энди Роналдога олиб берилади. 

55344aff7fcd3a3499c39405f4b46111.jpg

Бу эса чилилик футбол юлдузини ҳам ҳафа қилади. Лекин Саморано ақл бобида ҳам анча-мунчасига “дарс берар”ди. У шундай рақам ўйлаб топадики, 9 рақамни “олдириб қўйгани” унинг ёдидан ҳам чиқиб кетади. Иван Саморано 1+8 рақамида ўйнаш ғоясини илгари суради. Дастлаб бунга ҳеч ким рози бўлмайди. Аммо “Интер” раҳбарияти узоқ давом этган югур-югурлардан сўнг Италия футбол федерциясини кўндиради ва Саморано 1+8 рақамли футболкада ўйнай бошлайди. Шуни таъкидлаш жоизки, айнан ушбу рақам ҳам Саморанонинг футбол тарихида ўчмас ном бўлишини таъминлаган…
 
Улуғбек Бақоев (Ўзбекистон терма жамоаси)
Ўйнаган рақами: 2

200971946c88ce1b726986d07c5fc480.jpg

Ўзбек футболи тарихида ҳам ноодатий рақамда тўп сурган футболчи бўлган. “У ким?”, дейсизми?! Бу маҳоратли ҳужумчи - Улуғбек Бақоев! Бақоев 2011 йилги Осиё чемпионатида 2 рақам остида ҳаракат қилган. 2 рақамнинг қандай антиқалик жиҳати бор, дея сўрашингиз табиий, албатта. Лекин шуни ҳам инобатга олиш лозимки, 2 рақам одатда ҳимоячиларга тегишли бўлади. Осиё кубоги пайтида фақат 2 рақам бўш бўлгани сабабли эса Бақоевдек ҳужумчи манашу рақамли футболкада майдонга чиқади. Аслида Вадим Абрамов ўша пайтда Ярослав Крушельницкийни таркибга жалб этганди ва айнан ушбу ҳимоячи Осиё кубоги-2011 га бориши керак эди. Аммо антиқа қарорлари билан доимо футбол ихлосмандларини ҳайрон қолдириб келган Абрамов сўнгги дақиқаларда ўз қарорини ўзгартиради ва Осиё кубогига Крушельницкий эмас, балки Улуғбек Бақоев олиб кетилади. Иложсиз, Бақоев 2 рақамда майдонга чиқишга рози бўлади. Лекин айнан ўша 2 рақам ушбу тажрибали ҳужумчига омад келтиради ва Бақоев Иордания терма жамоаси дарвозасига 2 та тўп киритиб, терма жамоамизни Осиё чемпионати ярим финалига олиб чиққани ҳали ҳамон барчанинг ёдида бўлса керак…

Манба: Sports.uz
Киритилди: 18:49, 12.07.2015.
Ўқилди: 5494 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.