Яқинда Лондоннинг «Арсенал» клуби 33 ёшга тўлган тажрибали дарвозабон Петр Чехни 11 миллион фунт стерлингга сотиб олди. «Арсенал» ўз пулини беҳуда сарфлайдиган клублардан эмас ва Чехнинг ҳали жамоага кўп фойдаси тегишига умид қилмоқда. Қуйидаги мақоламизда эса 30 ёшни қаршилаганига қарамай, қийматини йўқотмаган футболчилар хусусида сўз юритамиз.
Петр Чех (11 млн. фунт стерлинг)
«Челси»дан «Арсенал»га
«Аристократлар» таркибидаги 11 йиллик фаолиятидан сўнг Чех «Стэмфорд Бриж»ни тарк этиб, ўз омадини Лондоннинг бошқа клубида синаб кўрадиган бўлди. У бу ишни ҳақиқий жентльменлардек бажарди. Шундай бўлса-да, Петрнинг шаънига «Челси» мухлислари томонидан турли ҳақоратлар ёғдирилди. Лекин у бунга парво қилмади. Май ойининг сўнгги кунида Чех 33 ёшга тўлди. Таъкидлаш жоизки, «Арсенал»нинг собиқ дарвозабони Йенс Леманн ҳам Лондонга худди шу ёшда ташриф буюрганди. Аммо германиялик кипернинг ёши 5 мавсум давомида юқори савияда ўйнашига халақит бермади. «Арсенал» ишқибозлари Чехдан ҳам худди шундай савияли ўйин кутишмоқда.
Фернандо Редондо (12 млн. фунт стерлинг)
«Реал»дан «Милан»га
Аргентиналик футболчи «Реал»ни «Милан»га алмаштирганида 31 ёшда эди. Аммо доимий кичик жароҳатлар ва жарроҳлик амалиётлари ярим ҳимоячининг Италияда тўлиқ куч билан ўйнашига тўсқинлик қилди. Редондо оёғидан жиддий жароҳат олганлиги боис, «россонерлар» билан тузилган амалдаги шартномаси ҳамда клуб раҳбарияти билан бўлган дўстона муносабатлардан воз кечишга мажбур бўлади. У ҳаттоки, «Милан» тўлаши керак бўлган маошини олишдан ҳам бош тортди. Фернандо футболчилик фаолиятини 2004 йилда якунлаган.
Анжело Перуцци (13 млн. фунт стерлинг)
«Интер»дан «Лацио»га
Анжело Перуцци «Ювентус»да ўтказган 8 йиллик фаолияти давомида кўплаб совринларни боши узра кўтарди. Кейинчалик жамоадаги ўрнини йўқотиб, «Интер» таркибига бориб қўшилди. 30 ёшдан ўтганидан сўнг миланликлар дарвозабонни «Лацио»га 13 млн. фунт эвазига сотиб юборилди. Аммо Анжело Рим клуби дарвозасини 7 йил юқори савияда қўриқлади.
Клод Макелеле (14 млн. фунт стерлинг)
«Реал»дан «Челси»га
30 ёшли Клод 2003 йили «Реал»дан «Челси» таркибига қўшилди. Макелеле тез орада «кўклар»нинг етакчи футболчиларидан бирига айланди. Ўша пайтда «Челси»да Моуриньо фаолият юритар, жамоанинг марказий ярим ҳимоя чизиғида уч нафар таянч ярим ҳимоячиси вазифаси айнан Клоднинг зиммасига юклатилганди. Франциялик хавбек лондонликлар сафида икки марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритиб, Англия кубоги ва суперкубогида ҳам зафар қучган.
Жереми Матьё (14 млн. фунт- стерлинг)
«Валенсия»дан «Барселона»га
Матьё «Барселона» таркибига қўшилишидан олдин «Валенсия» сафида 100тадан ортиқ ўйинда майдонга тушганди. Мазкур трансфер амалга ошган пайтда эса франциялик ҳимоячи 30 ёшда эди.
Златан Ибрагимович (15 млн. фунт стерлинг)
«Милан»дан «ПСЖ»га
Ҳозир ҳам юқори савияда тўп сураётган швециялик таниқли ҳужумчи «ПСЖ» таркибига қўшилганида 30 ёшни «уриб қўйганди». Златан парижликлар таркибида 70тадан ортиқ гол урди ва бу билан чекланмоқчи эмас.
Диего Милито (18 млн. фунт стерлинг)
«Женоа»дан «Интер»га
2009 йили 30 ёшли аргентиналик ҳужумчи Диего Милито «Интер» билан 4 йиллик шартномага имзо чекди. «Нерадзуррилар» таркибидаги фаолияти давомида форвард ажойиб ўйин намойиш этиб, жамоасининг муҳим голларига муаллифлик қилди. Аммо кейинчалик Милитони жароҳатлар қийнаб қўяди ва у 2014 йили Италияни тарк этиб, ўз Ватанига жўнаб кетади.
Самуэль Это`О (21 млн. фунт стерлинг)
«Интер»дан «Анжи»га
Кўплаб совринларга эга бўлган камерунлик ҳужумчи «Анжи» таркибига қўшилганида 30 ёшда эди. Самуэль махачқалъаликлар сафида ҳам ажойиб футбол намойиш этди. Натижада, у мазкур клубнинг сардори ва тўпурарига айланди. «Анжи»даги ажойиб мавсумдан сўнг камерунлик форвард Моуриньо бошқараётган «Челси» таркибидан жой олиб, «аристократлар»га совринларни қўлга киритишда ёрдам берди. Таъкидлаш жоизки, ўша пайтда Это~О билан бирга ҳамюртимиз Одил Аҳмедов ҳам «Анжи»да тўп суриб, махачқалъаликларнинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшганди.
Габриэль Батистута (23 млн. фунт стерлинг)
«Фиорентина»дан «Рома»га
Аргентиналик таниқли ҳужумчи Габриэль Батистута «Фиорентина»да 9 мавсум мобайнида ажойиб тўп сурганлигига қарамай, скудеттони қўлга киритолмаганди. Шунинг учун ҳам 2000 йили у «Рома» таркибига 23 млн. фунт эвазига бориб қўшилди. Римликлар таркибида ўша пайтда машҳур футболчилар - Тотти, Монтелла, Кафу тўп суришарди ва Габриэль уларга жамоадош бўлди. Ниҳоят, 2000-2001 йиллар мавсумида Батистута узоқ кутган орзусига эришиб, Италия чемпиони бўлди. Чемпионлик орзусига футболчи 32 ёшида эришди.
Акмал Эшонхонов тайёрлади