«Арсенал» Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Хулиан Альваресни ўз сафига қўшиб олиш устида ишлашда давом этмоқда.
Аргентиналик футболчи Англияга қайтишни истамагани сабабли «канонирлар» таклифини бир неча бор рад этган. Бироқ Лондон клуби 26 ёшли форвардни кўндириш ниятидан воз кечмаган.
TEAMtalk маълумотига кўра, «Арсенал» раҳбарияти Альварес ва унинг оиласи Англияга кўчиб ўтганидан кейин янги муҳитга муаммосиз мослашиши учун барча шароитларни яратишга тайёр.
Бундан ташқари, томонлар эҳтимолий келишувга махсус банд киритиш имкониятини ҳам муҳокама қилган. Унга кўра, Альварес келажакда «Барселона»га ўтиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аргентиналик ҳужумчи жорий ёзда сўнгги дақиқаларга қадар «Барселона»га трансферини амалга оширишга ҳаракат қилди. Бироқ «Атлетико» раҳбарияти футболчини қўйиб юборишга рози бўлмади.
Энди эса Альвареснинг атрофидаги шахслар унинг «Арсенал»га ўтиши ғоясига ижобий муносабатда экани айтилмоқда.













