“Манчестер Юнайтед” “Барселона” ҳамда Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймарни сотиб олишга жиддий бел боғлаган кўринади.
Бу ҳақида Globoesporte га таяниб Спорт Экспресс нашри хабар тарқатган. Англия клуби 23 ёшли форвард трансфери учун 190 миллион евро таклиф қилган. Футболчининг клуб билан келишувидаги компенсация миқдори ҳам айнан шунчани ташкил қилади. Июль ойида Франциянинг Le Parisien нашри “ПСЖ”нинг футболчи учун шунча маблағ таклиф қилгани ҳақида хабар тарқатганди.
Аввал Британия ОАВда Неймарнинг Луи ван Гал жамоасига ўтишга рози экани ҳақида гап-сўзлар ҳам тарқалган. Эслатиб ўтамиз, бразилиялик футболчи қизилча касаллиги сабаб мавсум стартини ўтказиб юборди.
2014/15-йилги мавсумда Неймар Примерада 33 та (22 гол), Испания кубогида 6 та (7 гол) ва ЕЧЛда 12 та ўйин (10 гол) ўтказганди.
Бразилиялик форвард 2013-йил 26-майда “Барселона”га “Сантос”дан 57 миллион евро эвазига кўчиб ўтган, аммо кейинчалик каталонияликларнинг футболчи учун 100 миллионга яқин маблағ тўлашгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шунингдек, ушбу трансфер юзасидан жиноят иши ҳам очилганди.