Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати давом этмоқда. Қитъанинг етакчи чарм қўлқоп усталари иштирокида ўтаётган мазкур йирик мусобақада Ватанимиз шарафини тўлиқ таркибдаги боксчиларимиз ҳимоя қилишяпти.
Кеча ўтказилган баҳслардан сўнг яна уч нафар боксчимиз чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Оғирлик вазни 64 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсда Фазлиддин Ғоипназаров асосий рақибларидан бири қозоғистонлик Самат Башеновга қарши рингга кўтарилди. Шиддатли кечган жангда ҳамюртимиз кучли рақибини мағлубиятга учрата олди. Фазлиддин илк босқичда эронлик Сейиддана Исмоилзодехни таслим этганди. Ғоипназаровнинг ярим финал йўлидаги рақиби непаллик Шреста Дипакдан устун келган Манож Кумар бўлади.
-52 кг вазн тоифасида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров япониялик боксчи Танака Рёмейни мағлубиятга учратди. Унинг ярим финалдаги рақиби ироқлик Муртада Ал-Суданини ютган Мадан Лал бўлади.
Жаҳон чемпионатининг кумуш медал соҳиби Элшод Расулов ҳам ўз жангини ғалаба билан якунлади. -81 кг вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ҳамюртимиз қатарлик Нурайдин Хаканни катта устунлик билан таслим этди. Бугун Рустам Тўлаганов (-91 кг) ўзининг илк жангида рингга кўтарилади.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар аъзоси чорак финал йўлланмасини қўлга киритган. Бу Осиё чемпионатидаги бир давлатдан энг кўп иштирокчи деганидир. Қозоғистондан 8 нафар боксчи медаллар учун курашни давом эттиряпти.