Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари учун масъулиятли ва ҳаяжонли давр бошланди. Миллий жамоамиз Самвел Бабаян бошчилигида ЖЧ-2018 саралашидаги юришини давом эттирмоқда, Виктор Жалилов қўл остига ўтган олимпия термаси эса, тез орада Рио-2016 йўлланмаси учун курашга киришади. Энг аввало, ўтган ўйинларда йўл қўйилган камчиликлардан тегишли хулосалар чиқариш керак. Биз ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов билан учрашиб, мутахассиснинг айни мавзу бўйича фикрларига қизиқдик.
- Ҳақиқатан ҳам, ҳар икки терма жамоамиз учун масъулиятли давр бошланяпти, - дейди ТЖМ раҳбари. - Биринчи галда, асосий эътибор миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги учрашувларига қаратилади. Йигитлар табиийки, Самвел Бабаян бошчилигида ижобий натижалар қайд этишга уринадилар. Аввало, Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш керак. Кейингиси эса мундиал масаласи. Мақсадга эришиш учун хориждан маслаҳатчи - мураббий таклиф этилди. Мана, янги мураббийлар штаби ёш футболчиларни машғулотларга жалб этиб, уларга ҳам имконият беришяпти. Амалга оширилаётган ишларнинг барчаси кўп йиллик орзумизни рўёбга чиқариш, мухлисларни ғалабалар билан хушнуд этиш ва уларни яна стадионга қайтаришга қаратилган. Олимпия терма жамоамиз эса Словакиядаги халқаро турнирда иштирок этяпти. Ўйлайманки, ҳар икки жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифаларни уддалайди.
- Қолган термаларимиз ҳақида нима дея оласиз?
- Биринчи навбатда, аёлларимизнинг илк бор Осиё чемпионати финал босқичида иштирок этишганини айтишим керак. Гарчи19 ёшли футболчиларимиз Хитойда ўтган қитъа чемпионатида фақат мағлубиятга учраган бўлсаларда, бу орқали катта тажриба тўплашди. Рақиблар жуда кучли эди. Турли ёш тоифасидаги аёллар терма жамоаларимизнинг натижалари тобора ижобий кўриниш касб этяпти. Энди олдинда ўсмир ва ёшлар терма жамоаларининг Осиё чемпионатидаги иштироки турибди. Жасур Абдураимов ва Темур Олимхўжаев шогирдларидан ҳам ижобий натижалар кутяпмиз. Хабарингиз бор, келаси йил бошида Тошкент шаҳри футзал бўйича Осиё чемпионати финал босқичига мезбонлик қилади. Бу терма жамоамиз олдида ҳам масъулиятли вазифалар турибди. Навбатдаги қитъа биринчилиги жаҳон чемпионатига йўлланма бериши билан аҳамиятли. Шу пайтгача футзалчиларимизга ҳам мундиалда иштирок этиш бахти насиб этмаган. Шуни инобатга олган ҳолда, испаниялик тажрибали мутахассис Хосе Мария Мендесни яна терма жамоа бошқарувига чорладик. Йигитлар ўз майдонимизда, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида ўтадиган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, мундиал чиптасини қўлга киритишни жуда-жуда хоҳлашяпти. Бу жамоамизга ҳам тайёргарлик кўриш учун барча шароитларни яратиб беряпмиз. Умуман олганда, тарих учун қисқа фурсат - 24 йил ичида ўзбек футболида катта ўзгаришлар рўй берди. Футбол инфратузилмаси яратилди. Муҳташам, жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берадиган стадионлар бунёд этилди. Ҳакамларимиз мунтазам равишда ФИФА ва ОФК байроғи остидаги халқаро ўйинларни бошқаришяпти. Ўсмир ва ёшлар терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионати финал босқичидаги иштироклари анъанага айланиб боряпти. Ҳатто мухлислар терма жамоаларимизнинг гуруҳдан чиқолмасликлари ёки нимчорак финалда иштирокни тўхтатишларини салбий натижа сифатида қабул қила бошлашди. Албатта, мазкур ҳолат жуда ёқимли. Аммо шу муваффақиятлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Энди ўсмир ва ёшларимиз йўлини миллий жамоамиз вакиллари такрорлашлари керак. Улар ҳам укаларидан қолишмай, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилишган. Авваллари Ўзбекистонда бор-йўғи 2та терма жамоа фаолият юритган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 14тага етди. Бу ҳам мустақиллигимиз шарофати, муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир. Бундан ташқари, юртимизда профессионал спорт, хусусан, футболдан ташқари, оммавийликка ҳам эътибор қаратиляпти. Бугунги кунда деярли барча маҳаллаларда кичик футбол майдончалари қурилган бўлиб, уларда болалар бўш вақтларини мазмунли ташкил этишяпти. Жамиятда соғлом турмуш тарзини янада қарор топтиришга алоҳида урғу берилмоқда.
- Октябрь ойида ФИФА кунлари мавжуд. Миллий ва олимпия жамоаларимиз учун ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш режалаштирилганми?
- Албатта. Бу борада иш олиб боряпмиз. Бир қатор миллий жамоалар билан музокара ўтказдик. Тез кунларда рақиб номи, ўйин санаси ва манзилини маълум қиламиз. Ўйинни имкон қадар Тошкентда ташкил этишга эътибор қаратяпмиз. Олимпия терма жамоамиз учун ҳам ўртоқлик ўйинлари уюштириш, унинг халқаро турнирлардаги иштирокини таъминлаш йўлида иш олиб борилмоқда. Биринчи навбатда, қуръа натижаларини кутишимиз керак. 12 сентябрь куни Осиё чемпионати-2016га қуръа ташланади. Гуруҳдаги рақибларга қараб, октябрь ойи учун ўртоқлик учрашуви белгилаймиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, миллий ва олимпия жамоаларимиз ФИФА кунлари ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишади.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси