Россия Футбол иттифоқа тартиб-интизом қўмитаси раҳбари Артур Григорьянц Москванинг “Локомотив” клуби ҳимоячиси Виталий Денисов “Рубин” билан ўйинда(1:3) айтган ҳақоратли сўзларини қандай изоҳлаганини айтиб берди.
“Денисовнинг баёнотида шундай дейилади: “Майдон ён чизиғига яқинлашган вақтимда бош мураббий менга алмаштириш амалга оширилмаслигини айтди. Аммо бир неча сония ўтгач захира ўриндиғи томондан, яъни “ўзимизникилар”дан ортга қайтишим кераклигини эшитдим. Бор диққат-эътиборим бош мураббий ва захира ҳакамига қаратилгани учун бу гапни ким айтганини билмай қолдим.
Майдонга қайтганимдан кейин ортимга қарадим ва вазиятдан норози оҳангда ўша ҳақоратли сўзларни айтдим.
Кимнидир ҳақорат қилмоқчи эмасдим. Ушбу сўзлар кимнидир камситиш учун айтилгани йўқ ва уларни гапираётганимда қаттиқ ғазабда эдим. Қилган ишим афсусдаман ва бу учун ҳаммадан узр сўрайман, аммо қайтариб айтаман, бу гапларни манзилсиз гапирдим”, – дейди Григорьянц.
Эслатиб ўтамиз, Денисов сўкингани сабаб 60 минг рубл жаримага тортилган.