Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Турсунбой Раҳимбердиев: “Албатта мухлисларни хурсанд қиламиз”

Баҳо:
+ | -

Жасур Абдураимов мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси яна саноқли кунлардан кейин Бангладешда ташкил қилинадиган Осиё чемпионатининг саралаш ўйинларида иштирок этади. Ёшларимизнинг олдига қитъа биринчилигининг финал босқичига чиқиш вазифаси қўйилган. Шу боис терма жамоамиз саралаш ўйинларига жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Шу ойнинг 6-11 саналарида Хитойда ташкил қилинган халқаро турнирда қатнашган ёшларимиз якунда мусобақа ғолибига айланди. “Чин юрти”дан қайтиб келган термамиз кеча саралаш ўйинларидан олдин сўнгги йиғинни ўтказиш учун Қатарга жўнаб кетди. Термамиз Доҳада мезбонларга қарши иккита назорат учрашувида майдонга тушади. Биз сафар олдидан терма жамоамиз ҳимоячиси Турсунбой Раҳимбердиев билан суҳбатлашдик.

- Турсунбой, даставвал, Хитойдаги мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашсангиз. Турнир қайси шаҳарда бўлиб ўтди ва меҳмонларга яратилган шароитлар ҳақида тўхталсангиз.
- Мусобақа Хитойнинг Цингдао шаҳрида бўлиб ўтди. Турнир аъло даражада ташкил қилингани билан барчага ёқди. Майдонлардан тортиб, меҳмонхона ва қолган барча ташкилий ишлар тўғри йўлга қўйилган. Учрашувларни бевосита стадионда кўплаб мухлислар кузатиб борди. Турнирга ажратилган стадионларни ўзимизнинг “Бунёдкор” ўйингоҳи билан тенглаштириш мумкин. Майдоннинг ҳолати ҳам ажойиб. Хуллас, ташкилотчиларга ҳеч қандай эътироз бўлгани йўқ.

- Энди ўйинлар ҳақида гаплашсак. 6 сентябрь куни Хитойга йўл олган термамиз эртаси куниёқ мезбонларга қарши майдонга чиқди.
- Ҳа. 7 сентябрь куни Хитой ёшлар термаси билан куч синашдик. Биринчи ўйин бўлгани сабабли барчамизда бироз ҳаяжон бўлди. Қолаверса, мезбонларга қарши ўйнаётгандик. Балки шунинг учун бўлса керак, биринчи бўлимда ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Танаффусда мураббийларимиздан олган кўрсатмаларимиз туфайли ўйинимизда ижобий томонга ўзгариш қила олдик ва мезбонлар дарвозасини икки бор ишғол қилиб, иродали ғалабага эришдик.   

- Иккинчи ўйинда ҳам ирода намойиш қилган ҳолда бу сафар Сурия “таслим” этилди...
- Тўғри. Бу сафар ҳам биринчи бўлимда гол ўтказиб юбордик. Яна танаффусга мағлуб ҳолда йўл олдик. Худди биринчи ўйинда бўлгани каби танаффусда мураббийларимиздан тегишли кўрсатмаларни олиб, ўйимизни ўзгартирдик ва Сурия дарвозасини уч бор ишғол қилдик. Аслида аввалроқ ҳам гол уришимиз мумкин эди, аммо суриялик тенгқурларимиз гол уришганидан кейин очиқчасига вақт чўзишга ўтиб олишди. Ваҳоланки, ҳали вақт кўп эди. Бундан ташқари, рақиб дарвозабони ҳам яхши ҳаракат қилди. Бироқ биз баримиз ўз мақсадимизга эришдик ва ғалаба қозондик.

- Учинчи ўйинда дуранг, лекин турнирда ғолиблик қўлга киритилди...
- 11 сентябрь куни мусобақадаги сўнгги ўйинни Японияга қарши ўтказдик. Аҳамиятлиси, бу сафар ҳам биринчи бўлимда ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Яна иккинчи бўлимда ўзимизга келиб, вазиятни ўнгладик. Аввалги учрашувлардан фарқли равишда японлар билан дуранг ўйнадик. Аммо 7 очко турнир ғолиби бўлишимизга етарли бўлди. Японияни тактик томондан ютдик, деб ўйлайман.

- Уччала рақибни солиштирганда сизга қайси бири кўпроқ ёқди?
- Япония. Аслида японлар билан хитойликларнинг ўйин услуби деярли бир хил экан. Сурия мусобақанинг энг кучсизига ўхшади. 

- Барча учрашувларда мағлубиятдан чиқиб кетишга қаердан куч топдиларинг?
- Аввало мураббийларимизнинг меҳнатини айтган бўлардим. Улар бизни учрашувларга тактик томондан зўр тайёрлашди. Барча ўйинларда айнан устунлигимиз боис, мағлубиятдан қутилиб, керак бўлса, ғалаба қозондик. Ва албатта футболчилар ҳам ўз характерларини кўрсатишди. 

- Одатда бундай турнирларда ҳакамлар мезбонларга ён босади...
- Хитойдаги мусобақада бундай бўлгани йўқ. Ҳакамлар барча беллашувларни аъло даражада бошқарди. Уларга ҳеч қандай эътироз бўлгани йўқ.

- Азиз Ғаниев турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилибди?!
- Шундай. Бундан ташқари, Хитойга қарши биринчи ўйинимизда Санжар Қодирқулов беллашувнинг энг яхши футболчиси, деб тан олинди. Қисқаси, биз ўзимизни ҳар томонлама кўрсатдик.   

- Мусобақанинг ёпилиш маросими қандай ўтди?
- Жуда яхши. Худди йирик бир турнирнинг ёпилиш маросимидек ташкил қилинди. Мушаклар отилди, хуллас, ҳаммаси ажойиб! 

- Энди йиғин Қатарда давом эттирилади.
- Қатарга эртага жўнаб кетамиз. Режага кўра, у ерда мезбонларга қарши иккита назорат ўйинида майдонга тушамиз. Сафардан қайтиб келганимиздан сўнг маълум муддат ўтиб, Бангладешга йўл оламиз ва саралаш ўйинларида қатнашамиз.

- Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, қитъа биринчилигига йўл олишимизга қанчалик ишонасиз?
- Рақибларни ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкин, Бангладешдаги турнирда муваффақиятли қатнашишимизга ишонаман. Аниқроғи, биз Осиё чемпионатининг финал босқичига йўл оламиз. Бунга ишончимиз жуда юқори. Насиб қилса, албатта мухлисларни ҳурмат қиламиз.

Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди. 

Манба: arena.uz
Киритилди: 11:44, 20.09.2015.
Ўқилди: 2308 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.