Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Ғалвир сувдан кўтарилмоқда

Баҳо:
+ | -

Олий лига 22-турининг марказий ўйини «Локомотив» ва «Насаф» ўртасида кечди. Бу учрашувнинг аҳамияти жуда катта эди. Чунки «темирйўлчилар» бир ҳафта муқаддам «Пахтакор»га ютқазиб, нафақат «олтин»дан  узоқлашган, балки «кумуш»ни ҳам бой бериш хавфига дучор бўлгандилар. Зеро, «Локо» бордию, «Насаф»га ҳам бас келолмаганида, турнир жадвалида 3-ўринга тушиб қоларди. Хуллас, асосан шу ўйин боис, 22-турга катта қизиқиш билан қаралди.

МАРКАЗИЙ ТЎҚНАШУВ

«Локомотив»нинг бу йил ҳам омади чопмаяпти - клуб аввалига «Пахтакор»дан енгилиб, олий лигада ғолиб чиқиш имкониятини деярли йўқотган бўлса, кейин Ўзбекистон кубоги финал чиптасини худди шундай аснода «Насаф»га бой берди. Албатта, бу омадсизликлардан сўнг «темирйўлчилар» учун «Насаф»га қарши кечадиган чемпионат ўйинининг аҳамия­ти бир неча баробар ошиб кетди. «Локомотив» ва балки унинг бош мураббийи Вадим Абрамовнинг бахтига, бу сафар пойтахтликлар ғалабага эришдилар. Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Аммо иккинчисининг ибтидо қисмиёқ «Локомотив» учун омадли келди: Санжар Шоаҳмедов рақиб дарвозасини ишғол қилди. Вадим Абрамов шогирдлари шундан сўнг гўёки, минимал устунликни ушлаб қолиш учун курашдилар ва муваффақиятсиз серияга барҳам бериш уддасидан чиқдилар. «Насаф» эса салбий якундан сўнг кумуш медаль учун кураш йўлидаги имкониятини анча пасайтириб олди. Аммо қаршиликлар бир нарсадан қувонсалар арзийди, «Бунёдкор» ҳам ўтган тур очко ололмади ва кучли учликка яқинлашиш имкониятини кўкка совурди.

 

«НЕФТЧИ» -

«БУНЁДКОР»НИНГ КУШАНДАСИМИ?

«Бунёдкор» 22-турда Фарғонада «Нефтчи»га қарши майдонга тушди. Бу учрашув Сергей Лушан шогирдларига ўзларини кўрсатишлари учун жуда яхши имконият эди. Бунинг сабаби кўп. Биринчидан, «Насаф» очко йўқотгани туфайли «қалдир­ғочлар»да Қарши клубига яқинлашиб олиш имконияти туғилганди. Иккинчидан эса, «Бунёдкор» биринчи даврада ўз майдонида айнан «Нефтчи»дан мағлубиятга учраган ва Фарғо­нада бунга жавоб бериши кутилганди. Аммо «қалдирғочлар» навбатдаги марта «Нефт­чи» олдида ожиз қолдилар. Афтидан, фарғоналиклар бошқарувига Андрей Фёдоров келгач, клуб яна «ғалаба сўқмоғи»га қайтган кўринади. Мезбонлар «Бунёдкор» дарвозасини ўйин ибтидоси ва интиҳосида ишғол этишганини ҳам қайд қилиш жоиз.

 

КУТИЛМАГАН НАТИЖАЛАР

Ўртамиёналар ўртасидаги баҳсларда кутилмаган натижалар етарлича кузатилди. Улардан бири «Машъал»-«Сўғдиёна» ўйинида қайд этилди. Муборакликлар мусобақа аутсайдерларидан бирини қабул қилдилар ва ҳисобни очиш уддасидан чиқолмадилар. Ўз навбатида, «Сўғдиёна» футболчиларига ҳам гол уриш насиб этмади. Аммо уларнинг унча сиқилмаганликлари тайин. Чунки сафардаги бир очко ҳам «жон» сақлашга курашаётган жамоа учун катта гап.

Шунингдек, «Шўртан» ва «Андижон» жамоалари тўқнашувида ҳам ҳисоб очилмади. «Қизилқум» эса «Олмалиқ»ни қабул қилиб, 3:1 кўринишида ғалабага эришди.

Олий лиганинг яққол аутсайдери - «Бухоро» сўнгги вақтларда ўзига келаётгандек. Бухороликлар бу сафар ўз мухлислари кўз ўнгида «Қўқон-1912»ни ишончли тарзда таслим қилишди - 2:0. Агар «Бухоро» шу кетишда давом этса, кичик мўъжиза яратиб, олий лигада қолиши ҳам мумкин. Ахир мавсум якунланишига ҳали 8та тур бор.

«Металлург»-«Динамо» ўйини эса голларга бой бўлди. 4:2 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонишган баҳснинг сўнгги 20 дақиқасида нақ 4та гол кузатилгани эътиборга лойиқ.

 

ЯНА ЯГОНА ГОЛ

ғолибликка асосий даъвогар - «Пахтакор» ўтган тур чемпионлик сари яна бир қадам ташлади. Аммо тан олиш лозим, бу қадам анча оғир ва залворли чиқди. «Навбаҳор» «шерлар»га ҳар доим кучли қаршилик кўрсатишга одатланиб қолди. Навбатдаги тўқнашув ҳам истисно бўлмади. Бу жамоалар ўртасидаги муносабат ўзига хос эканини ашаддий мухлислар жуда яхши биладилар. «Пахтакор» ўтган мавсум ҳар икки ўйинда қўшимча вақтда пенальтидан гол уриб, 3 очкодан олишга муваффақ бўлганди. Бу сафар «шерлар» ишни пеналтига қадар олиб бормадилар ва 77-дақиқада Кахе Махарадзе томонидан киритилган ягона тўп ўйин тақдирини ҳал қилди. Айтганча, «Пахтакор» биринчи давра ўйинида ҳам ягона гол туфайли ўз мақсадига эришганди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «НЕФТЧИ»

«Нефтчи» биринчи даврадаги учрашувда «Бунёдкор»­ни мағлубиятга учратганида, кўпчилик буни тасодифга йўйганди. Аммо фарғоналиклар «қалдирғочлар»дан қай даражада устун эканликларини навбатдаги тўқнашувда ҳам исботлаб бердилар. Эътиборли томони, икки ғалаба турли бош мураббийлар бошқарувида қўлга киритилди. Бу ҳам «Нефтчи»нинг ўзига хослигидан дарак берса керак. Бир марта қўлга киритилган ғалаба тасодиф бўлиши мумкин, аммо иккинчиси энди қонуният деганидир. Айнан шу сабабга кўра, «Нефтчи»ни ўтган тур қаҳрамони сифатида эътироф этдик.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Бу йилги мавсумни «Сўғдиёна» стадионида якунлаймиз, чунки ўз майдонимиздаги майсани алмаштиришни бошлаганмиз. Ҳамид АКТАМОВ («Қизилқум» менежери).

- Тез орада ўзбек футболи душманига айланиб қолсам керак. Ҳамма иш шунга қараб кетмоқда. Вадим АБРАМОВ («Локомотив» бош мураббийи).

- Икки фронтда бирдек курашиш оғир, айниқса, қўл остингда 11-12 нафар футболчи қолганида. Рўзиқул БЕРДИЕВ («Насаф» бош мураббийи).

- Ўз уйимиздаги ўйинларда биринчи марта гол қўйиб юбормадик. Александр ХОМЯКОВ (Машъал» бош мураббийи).

- «Бухоро»га қарши учрашув биз учун мавсумдаги энг ёмони бўлди. Рустам АБДУЛЛАЕВ (Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Олдимиздаги вазифа ҳеч қачон олиб ташланмайди - ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишимиз шарт. Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Иккинчи гол урилгунга қадар игна устида ўтирдим... Андрей ФЁДОРОВ («Нефтчи» бош мураббийи).

Ўйин: 8

Гол: 16 (ўртача: 2)

Томошабин: 34177 (ўртача: 4272...)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: -

Энг сермаҳсул ўйин: «Металлург»-«Динамо» (6та гол)

Огоҳлантириш: 37 (ўртача: 4,62...)

Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйин: «Қизилқум»-«Олмалиқ» (8та «сариқ»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро»-«Қўқон-1912» (10721)

Пенальти: -

«Дубль»: 1 (Р.Вагапов, «Металлург»)

«Хет-трик»: -

Автогол: -

1             ПАХТАКОР           22           18           3             1             43-14     57

2        ЛОКОМОТИВ      22           16           4             2             46-15     52

3        НАСАФ  22           15           3             4             36-15     48

4        БУНЁДКОР          22           14           2             6             27-14     44

5        НЕФТЧИ               22           13           3             6             31-19     42

6        ОЛМАЛИҚ            22           10           5             7             40-33     35

7        МЕТАЛЛУРГ        22           8             5             9             34-26     29

8        ҚИЗИЛҚУМ          22           8             3             11           30-37     27

9        МАШЪАЛ              22           7             5             10           26-30     26

10      ШЎРТАН               22           6             7             9             31-37     25

11      НАВБАҲОР          22           7             4             11           29-36     25

12      ҚЎҚОН-1912       22           6             2             14           21-37     20

13      СЎҒДИЁНА          22           6             2             14           20-44     20

14      ДИНАМО              22           5             3             14           21-34     18

15      АНДИЖОН           22           5             3             14           20-40     18

16      БУХОРО               22           3             4             15           18-42     13


Баҳриддин Ваҳобов («Қизилқум») - 18та

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 14та

Санжар Шоаҳмедов («Локомотив») - 11та

Игорь Таран  («Шўртан») - 9та

Шаҳбоз Эркинов («Навбаҳор») - 9та

Шаҳзод Нурматов («Металлург») - 8та

Станислав Андреев («Пахтакор») - 8та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 7та

Шавкат Саломов («Олмалиқ») - 7та...

 

 

24 сентябрь (пай­шанба)

Бунёдкор-Сўғдиёна

25 сентябрь (жума)

Насаф-Навбаҳор

Пахтакор-Металлург

Динамо-Нефтчи

Бухоро-Машъал

Андижон-Локомотив

ОлмалиҚ-Шўртан

ҚўҚон-1912 - ҚизилҚум

Ўйиндан кейинги фикрлар

 

«Машъал» - «Сўғдиёна»

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи):

- Шогирдларим мазкур учрашувда ҳеч нарсани уддалай олишмади. Ҳужумчиларимизга фаоллик ва тажовузкорлик етишмади. Шу боис олдинги чизиқда ҳеч нарса қила олмадик. Йигитларда бутун учрашув давомида бор-йўғи бир - иккита имконият бўлди, холос. Шундай бўлса-да, дарвозамиз дахлсизлигини ҳам сақлаб қолдик. Клубимиз жорий мавсумда ўз майдонида биринчи марта дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди. Олдинги барча учрашувларда доимо биринчи 30 дақиқадаёқ ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юборардик. Футболчиларимизнинг намойиш этган ўйинлари борасида бирон фикр айтишим ҳам қийин.

Даврон Файзиeв («Сўғдиёна» бош мураббийи): 

- Баҳс нурсиз дуранг билан якунланди. Биз учун ярим очко ҳам, бир очко ҳам олтинга тенг. Йигитлар мазкур ўйинда ҳимояга ётиб олишмади. Шогирдларимга дарвозамиз дахлсизлигини сақлаган ҳолда, қарши ҳужумлардан фойдаланиш вазифасини қўйгандим. Биринчи вазифа бажарилди, бироқ иккинчисини уддалай олмадик. Бу олдинги учрашувларда ҳам сезилган эди. «Машъал» жамоамизнинг ўйин услубини жуда яхши ўрганган экан. Шу боис, бошқа учрашувларга қараганда, мазкур ўйинда имкониятимиз жуда кам бўлди. Бутун учрашув давомида бор-йўғи учта хавфли вазият содир этдик, холос. Аммо ўша ҳолатларда футболчиларга совуққонлик етишмади. Дуранг ҳозирча биз учун қониқарли натижа. Ҳолатимиз шуни талаб этади.

 

«Металлург» - «Динамо»

Рустам Мирсодиқов («Металлург» бош мураббийи):

- Биз учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Боиси, иккинчи даврани кутилмаган жароҳатлар, таркибдаги йўқотишлар ҳамда футболчиларнинг функционал ҳолатлари билан боғлиқ бўлган муаммолар сабабли, омадсиз ўтказаётган жамоамиздан ишқибозлар фақатгина ғалаба кутишаётганди десам, янглишмайман. Бу сафар ҳам таркибни тузишда қийинчиликка дуч келдик. «Бунёдкор»га қарши кечган ўйинда ҳужумчимиз Шаҳзодбек Нурматов жароҳат олганлиги боис, майдонга туша олмаган бўлса, Мирғиёс Сулаймонов дисквалификация сабабли, жорий мавсумдаги иккинчи ўйинини ўтказиб юборди. Яна бир ҳужумчимиз Сардор Расулов эса бетоб эди. Хуллас, ҳужум чизиғига ёшлар терма жамоамизда ўйнаётган Шоҳназар Норбековни туширдик ва у умидимизни оқлади. Тажрибали ярим ҳимоячи Руслан Вагапов ўзини кўрсатди.

Баҳром Ҳакимов («Динамо» бош мураббийи):

- Худди мезбонлар каби биз ҳам таркиб борасида қийинчиликларга дуч келдик. Асосий таркибнинг 3 нафар футболчиси дисквалификация боис, майдонга туша олишмади. Албатта уларни айблай олмаймиз. Зеро, иккинчи давранинг бошида жон койитиб ўйнашгани, барча эҳтирос ва ғайратларини ишга солишгани учун ҳам шу ҳолатга тушишди. Муаммолар эса «Металлург»дек тажрибали рақибга қарши ўйин арафасида йиғилиб қолганлиги эса бизга қимматга тушди. Таркибни ёшлар билан тўлдиришга уриниб кўрдик. Аммо ҳимоя чизиғи вакиллари бир-бирларини тушуниб олгунларича мезбонлар ҳисобни очишди. Иккинчи бўлимнинг бошида ҳам тезкор урилган голлар шогирдларимни довдиратиб қўйди. Аммо ҳисобдаги фарқни анча қисқартиришга эришдик. Афсуски, ҳисобни тенглаштиришга яқин турганимизда, мезбонларнинг тажрибали ҳужумчилари қарши ҳужумда ҳал қилувчи тўпни киритишди. Аламли тарзда мағлубиятга учрадик.

 

«Локомотив» - «Насаф»

Вадим Абрамов («Локомотив» бош мураббийи):

- Қаторасига икки марта кучли рақибга қарши ўйнадик. Мазкур баҳсда шогирдларим ўзларидан кутилган ўйинни намойиш эта олишмади, аммо ғалабадан хурсандман.

- Сўнгги пайтларда матбуотда сизнинг исм-шарифингиз жуда кўп тилга олинмоқда. Бу борадаги фикрингиз?

- Улар «интрига» қилишди, қойил қолиш керак. Лекин «интрига» қилгандан кўра, барча ўз иши билан шуғуллангани маъқул. Ўша матбуот анжуманида мен шундай дегандим: «Барча айбни ўз бўйнимга оламан, мағлубиятда мен айбдорман. Афсуски, терма жамоадаги футболчиларни асосий таркибга киритиб, хато қилдим». Бутун дунёдаги барча мураббийлардан сўранг, терма жамоа баҳсидан сўнг шогирдларининг ўз клублари ўйин услубига киришиб кетишлари қийинлигини таъкидлашади. Семак «Зенит» - ЦСКА учрашувидан сўнг терма жамоага жалб этилган футболчилар танаффусдан сўнг чарчаб қолишганини айтди. Ўша матбуот анжуманида «Пахтакор» мухлиси «Терма жамоага «Пахтакор»дан ҳам футболчи чақирилганди-ку!» деб қичқирганди, тўғри, у ишқибоз эди. Энди менга айтингчи, ЎФФ президенти ўрнида бўлсангиз,  ўша гапларимга қандай муносабат билдирардингиз? Мен кимнидир айбладимми?

- Барча гап ўша сўзларингизни ЎФФ президентига ким ва қандай етказганида...

- Жуда тўғри. Бунга кўникиб ҳам кетдим. Яқинда ўзбек футболи душманига айланиб қолсам керак. Иш шунга қараб кетмоқда. «Локомотив»га келганимда, клубда терма жамоанинг икки нафар ўйинчиси - Игнатий Нес­теров ва Жасур Ҳасанов бор эди. холос. Илк мажлисдаёқ «агар тўғри ишласак, бутун жамоа терма жамоага чақирилади» дегандим. Икки ойдан сўнг 9 нафар шогирдим терма жамоада ўйнади. Мени эса душманга чиқаришмоқда.

Ўтган мавсумда Осиё ўйинлари туфайли учрашувлар қолдирилмайди, дейилганди. Биз барчасига кўниб, Артём Филипосян ва Саҳоб Жўраевни ўз сафимизга қўшиб олгандик. Таркибимиздаги барча футболчиларни олиб кетишди ва биз ихтиёримизда қолган ўйинчилар билан ўйнадик. «Пахтакор»нинг ўйинлари эса қолдирилди...Майли, нима бўлса ҳам улар ўша қолдирилган учрашувларни ҳам қачондир ўтказишадику, деб ўйлагандим. Миллий терма жамоа ўйинлари вақтида олий лигада танаффус бўлганида, «Пахтакор» қолдирилган ўйинларини ўтказди, биз эса дам олдик. Терма жамоа билан бўлган 9 нафар футболчимиз қайтиб келгач, биз «Пахтакор»га қарши ўйнадик...

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): 

- «Локомотив» футболчиларидан тўпни олиб қўйиш учун шогирдларимга куч керак эди. Бунга кучимиз етмади. Бизда сўнгги пайтларда ҳужум чизиғидаги самарадорлик пасайиб кетди. «Локомотив» жамоасини ғалаба билан табриклайман.

Азамат Алланиёзовннинг жароҳати жиддий эмаслигига умид қиламиз. Биласиз, бизда битта футболчининг ўрни ҳам жуда катта аҳамиятга эга.

Ўтказиб юборилган голда уч нафар ҳимоячиларнинг айби катта бўлди. Улар ўша вазиятда ўз вазифаларини охиригача бажара олишмади. Иккита фронтда 12-13 нафар футболчи билан ўйнаш жуда қийин.

- Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян Шуҳрат Муҳаммадиевни ҳимоячи эмас, деди. Сиз уни шунча йилдан буён ҳимояда ўйнатяпсиз...

- Ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бўлади. Терма жамоа иккита ўйин­да 6 очко олди, бу энг асосийси. Кимларни майдонга тушириш эса бош мураббийнинг иши. Бабаян кўпроқ ҳимояда ишончли ўйнайдиган футболчи керак, деди. Қолган мураббийлар терма жамоа устозини қўллаб-қувватлашлари керак.

 

«Шўртан» - «Андижон»

Сергей Ковшов («Андижон» бош мураббийи):

- Турнир жадвалидаги ҳолатимиздан келиб чиқиб, бундан буёғига ҳар бир ўйинда ҳеч бўлмаса бир очко олишга ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, сафар баҳсларида. Шундан келиб чиқсак, мазкур ўйинда дурангга эришиб, биз учун олтинга тенг бўлган очкони қўлга киритдик. ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Лекин шогирдларим юзага келтирилган вазиятлардан самарали  тарзда фойдалана олишмади. Шунингдек, мезбонларда ҳам ғалабага бўлган иштиёқ юқори эди. Лекин биз бунга йўл қўймадик ва ғузордан қимматли бир очко билан қайтяпмиз. 

«ҚизилҚум» - «ОлмалиҚ»

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош менежери):

- «Олмалиқ» таркиб борасида анча шаклланган жамоа. Иккинчи давра баҳсларини клубимиз бироз омасиз бошлади. Кўп сонли мухлисларимиз анчадан буён ғалабаларимизни соғиниб қолишганди. Рақиб қайси жамоа бўлишидан қатъий назар, ўз олдимизга ғалаба қозонишни мақсад қилиб қўйганмиз. Ушбу баҳсда кучли иштиёқ эвазига ғалаба қозондик. Менимча,  ўйинимиз мухлисларга ҳам манзур бўлди. Жамоамизни фаол қўллаб-қувватлаган ишқибозларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Жорий мавсум охирлагани сайин ҳар бир учрашув шиддатли тус олмоқда. Қолган ўйинларда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Мавсумни юқори кайфиятда ва муносиб ўринда якунлашни мўлжаллаганмиз. Бунинг учун имкониятимиз ҳам, кучимиз ҳам етади, менимча.

«Бухоро» - «ҚўҚон-1912»

Жамшид Саидов («Бухоро» бош мураббийи):

- Учрашувнинг қийин кечиши олдиндан маълум эди. Боиси, меҳмонлар ҳам турнир жадвалининг қуйи қисмидан жой олиб туришибди ва уларга ҳам очко жуда зарур эди. Таъкидлаш жоизки, ўтган турда Олмалиқда дурангга эришганимиз ҳам йигитларнинг руҳиятларини кўтариб, бу ўйинда майдонга ўзгача иштиёқда тушишди. Бу ҳам ғалабамиз омили бўлиб, хизмат қилди. Жамоамизда олий лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун ҳали имконият бор ва бу биз бу вазифани амалга ошириш учун охиригача ҳаракат қиламиз.   

Рустам Абдуллаев («Қўқон-1912» бош мураббийи):

- Биз учун муҳим бўлган ўйинда мағлубиятга учрадик. Мазкур учрашувда жорий мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ўтказдик, десам ҳам муболаға бўлмайди. Ҳимоядаги иккита хато мағлубиятга олиб келди. Ҳимоячиларимизнинг иккита хатоси иккита гол билан якунланди. Нима ҳам дердик, бу футбол. Унда эса шундай мағлубиятлар учраб туради.

 

«Навбаҳор» - «Пахтакор»

Бахтиёр Ашурматов («Навбаҳор» бош мураббийи):

- Бугунгидек жанговар ўйин кўрсатсаккина, бизни мухлислар ҳурмат қилишни бошлашади ва стадионга ишқибозларнинг ташрифлари кўпаяди. Учрашув тенг курашлар остида кечди. Ўйин олдидан шогирдларимга «Пахтакор»да бўйдор футболчилар кўпчиликни ташкил этишини  таъкидлагандим. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ўйинчимизни кимга қарши ўйнашини ҳам белгилаб олгандик. Афсуски, мен хавфсираган ҳолат рўй бериб, рақиблар стандарт вазиятдан гол уришди. Натижага таркибдаги муаммолар ҳам ўз сўзини айтганлигини қўшимча қилган бўлардим. Мағлубиятда мураббий сифатида айбдорман. Аммо, Бобир Акбаров тўртинчи сариқ карточка туфайли майдонга туша олмасди. Бу ҳам етмагандек, биринчи бўлимда яна бир ҳимоячимиз Қаҳрамон Маҳаммаджоновнинг ҳам қўли синди. Шу сабабли, у иккинчи бўлимни давом эттира олмади. Бунинг оқибатида мажбурий ўзгаришни амалга ошириб, Азим Аҳмедовни ҳимояга ўтказишга мажбур бўлдик. Бу ҳол эса ярим ҳимоянинг кучсизланишига олиб келди.

Нўъмон Ҳасанов («Пахтакор» бош мураббийи в.б.):

- Аввало ғалаба билан футболчиларимизни табриклайман. Гувоҳи бўлганингиздек, ўйин кескин курашлар ва асабий тарзда ўтди. Шу каби учрашувлар кўпайса, футболимиз савияси ўсади. «Навбаҳор» кучли ўйин намойиш этди. Наманганликлар ҳар бир учрашувни шу тарзда ўтказишса, жамоанинг ғалабалари сони кўпроқ бўлади. Умуман олганда, майдонда тенг ва муросасиз кураш кечди. Шогирдларим яккакурашлардан қочишмади. Боиси, улар майдонга ғалабани кўзлаб. тушишганди. Аслини олганда, баҳснинг шу тарзда кечишини олдиндан билгандик. Футболчиларимиз жасорат кўрсатишди.

 

«Нефтчи» - «Бунёдкор»

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи):

- Ушбу ғалаба учун йигитларга раҳмат айтаман. Шогирдларим яхши ўйнашди. Чидам ва бардош натижасида ютуққа эришдик. Футболчилардан кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман. Бутун жамоа яхши ҳаракат қилди. Ҳисоб 1:0 бўлгандан кейин яратган вазиятларимизни голга айлантирганимизда, иккинчи бўлимда бизга осонроқ бўларди. Иккинчи тўпни сўнгги дақиқаларда киритдик. Унгача игнанинг устида ўтиргандек бўлдим.

Мен «Нефтчи»ни «уй жамоаси» демаган бўлардим. Биз сафарда ҳам яхши натижаларни қайд этяпмиз.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи):

- «Нефтчи» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Фарғоналиклар яхши ўйин намойиш этиб, яхши ҳужум уюштиришди. Мағлубиятни ўз бўйнимга оламан. Йигитларда негадир барқарорлик етишмаяпти. Ушбу баҳсда шогирдларимда ҳам вазиятлар бўлди. Бироқ уларни голга айлантира олишмади. Бу эски касалимиз. Муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Мазкур учрашув олдидан Хайрулла Каримов кутилмаганда жароҳат олди. Шу боис, у таркибга киритилмади. Жамоа етакчиси йўқлиги эса албатта сезилади. Олдимизга қўйилган вазифа ҳеч қачон ўзгармайди. Биз чемпионатда ҳам, кубокда ҳам максимал натижа учун ўйнаймиз. ОЧЛга бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритишимиз шарт.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:58, 23.09.2015.
Ўқилди: 2626 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.