Футбол учрашувининг зерикарли кечишини ҳар ким ўзича изоҳлайди. Кимдир «Натижа аввалдан маълум бўлса, футболчилар майдонда жон куйдиришни исташмайди» қабилида фикр билдирса, бошқа биров «Мақсадсизлик ўйиннинг зерикарли тус олишига сабабдир», деб ҳисоблайди. Бўлиши мумкин. Гоҳо футболчилардаги тушунарсиз руҳий «депрессия» боис, баҳслар зерикарли ўтади. Бундай вазиятларда футболчи майдонга тушишни хоҳламайди, аммо иштиёқсизликни мажбуран яширади. Футболчи ғалабадан руҳий, маънавий, молиявий ва очко учун манфаатдор бўлмаса, ундаги хоҳиш-иштиёқ ўз-ўзидан сўнади.
«Металлург» бош мураббийи Рустам Мирсодиқов эса бунинг сабабини футболимиз даражаси билан боғлабди. Хўш, унинг мулоҳазаси қай даражада ҳақиқатга яқин? Йўқ, мураббийнинг бу ўриндаги фикри ҳақиқатдан мутлақо йироқ. Мамлакатимизда шундай таълим муассасалари борки, уларнинг футбол майдонларида бўлиб ўтаётган қизиқарли учрашувларни 2000-3000 томошабин кузатмоқда. Мазкур баҳсларда тўп сураётган ҳаваскорларнинг савиясини «Бунёдкор» ва «Металлург» футболчиларининг маҳоратига солиштириш кулгули, албатта. Демак, 420 нафар томошабин ташриф буюрган ўйиннинг зерикарли кечганини футболимиз даражаси билан изоҳлаш мутлақо асоссиздир. Агар истак-иштиёқ талаб даражасида бўлганида, «Металлург» клуби «Бунёдкор»га ҳам кескин қаршилик кўрсатарди. Рустам Мирсодиқов «Металлург» номли «машина»ни шундай бошқарадики, беихтиёр қойил қоласан, киши. Агар у истаса, «машина» тезликни ошириб, «Насаф» ва «Локомотив»нинг суръатига тенглашади, хоҳламаса, тормозланади ва «Сўғдиёна»га ютқазади. Бекобод клубининг кутилмаган ғалаба-мағлубиятларини футбол ҳаётида учраб турадиган фавқулотда ҳодиса-натижалар сафига қўшиш қийин.
«Манчестер Сити»нинг ўз майдонида «Вест Хэм»га ютқазиши - фавқулотда воқеа. Мануэль Пеллегрини бу каби омадсизлик такрорланишини истамайди ва бунинг учун турли чора-тадбирлар белгилайди. Ана, тўсатдан «шок» ҳолатига тушиб қолган «Челси» Жозе Моуриньонинг омилкорлиги туфайли «Маккаби» ва «Арсенал»ни енгди-ку. Майли, ҳакам - Майкл Диннинг қарорини ҳар ким ўзича изоҳлайверсин. Биз учун муҳими, Мануэль Пеллегрини, Жозе Моуриньо ва Арсен Венгернинг мудом ғолиблар сафида бўлишга интилишларидир. Мағлубиятлардан қатъий-назар, олдинга қараш - қадам босиш ушбу мураббийлар учун ҳақиқат байроғидир. Диего Костанинг хатти-ҳаракатлари эса Рустам Мирсодиқов тавсия қилганидек, чиройли ва томошабоп эмас. Бу каби «саҳна»ни томоша қилиш учун Англияга бориш, юмшоқроқ айтганда, бемаъниликдир. Хуллас, аксарият мухлислар «Металлург» устозининг чиройли ва томошабоп футбол кўриш учун Англияга бориш ҳақидаги тавсиясини ўзларига оғир олишди. Ахир тажрибали мутахассиснинг мулоҳазаларига ишонсак, миллий чемпионатимизда чиройли ва томошабоп ўйиннинг ўзи йўқ. Бошқача айтганда, миллий биринчилигимиз савияси АПЛ даражасига кўтарилмагунча мухлислар чиройли ва томошабоп ўйиндан умид қилишмасин! Бу - мутлақо мантиққа зид мулоҳаза. Ўйиннинг қизиқарлилик даражасини савия белгиламайди. Кўринишидан, Рустам Тўхтамуродовичнинг ўзи ҳам айтаётган мулоҳазаси залворини, яъни миқёсини ўйлаб кўрмаган. Ўйлаганида, бундай гапирмасди. Очиғи, муболаға билан айтганда, мураббий наинки, «Металлург»ни, балки олий лига турнир жадвалидаги вазиятни ҳам ғоят усталик билан бошқармоқда. Албатта, бу ғалати «бошқарув» махсус режалаштирилмаган. Миллий чемпионатимизнинг ёзилмаган, ҳеч қачон юзага чиқмайдиган ички қонуниятига бўйсиниш ўз-ўзидан шундай вазиятни келтириб чиқаради. Тақдир тақозосига кўра, «Металлург» шу вазиятнинг марказида жойлашган. Бу жамоа ўзи билиб-билмай, етакчилар ўртасидаги муносабатларни бир маромга солади. Агар «Металлург» дейлик, «Локомотив»ни 4 очкодан маҳрум қилмаганида, ҳозир чемпионлик учун кураш қанчалар қизирди - буни тасаввур қилиш қийин. Бекободликлар сездирмайгина шу қизғинлик юз бермаслиги учун муносиб «ҳисса» қўшишди.
Етакчилар ва аутсайдерлар ҳар қанча жазавага тушишмасин, «Металлург» билан ҳисоблашишади. Шу маънода Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик маҳоратига қойил қолмоқ жоиз. Турнир жадвалида унинг ғоялари ғалаба қозонмоқда. Ана, Бахтиёр Ашурматов бу борада тажрибасиз эканлигини бўйнига олди. Энди «Навбаҳор»нинг 6-ўрин учун курашолмаслигини унинг ўзи ҳам тушуниб турибди. Нега? Чунки Ашурматов жамоасини ўз ғоялари даражасида тайёрлашда қийналди. Юлдузли таркибга эга бўлмаган Рустам Мирсодиқов эса бу ишни етарлича уддаламоқда. Тан олиш керакки, у ҳозирда том маънода баркамоллик палласини бошдан кечирмоқда. Унинг мураббий сифатидаги маҳорати «Металлург» мисолида яққол намоён бўлмоқда. Бироқ бу ҳолат негадир футболимиз мутасаддилари назаридан четда қолаверади. Балки «Металлург» ҳам, унинг устози ҳам маълум сабабларга кўра, юқори марраларни кўзламас. Аслида Рустам Мирсодиқов олимпия жамоасини бошқаришга қурби етадиган мураббий. Афсуски, футболимиз шу имкониятдан етарлича фойдаланмаяпти. Шуниси аниқки, бугунги Рустам Мирсодиқов бир вақтлар миллий жамоамизни бошқарган мураббийдан савия ва маҳорат бобида анчагина устун. Мана шу ўз ўрнини топмаган устунлик боис, у футболимиз даражасига беписанд қарамоқда. Ҳолбуки, футболимиз даражаси паст эмаслиги аниқ. Ўйлаймизки, буни мураббийнинг ўзи ҳам яхши билади. Зерикарли ўйиннинг сабабини футболимиз даражасига боғлаш эса, юқорида айтганимиздек, беписандлик натижаси, холос. Умуман олганда, футболимизнинг бугунги даражасини ўртамиёна жамоаларнинг устозлари белгилаб беришмоқда. Улар неча йиллардан буён олий лигада ўртамиёначилик мақомини ушлаб турибдилар. Шунинг учун ҳам, бундай мутахассисларга тегишли ғалаба ва мағлубиятлар кутилмаганлик тушунчасига бегона. Улар учун бутун воқелик таниш. Ҳаммаси маълум, барчаси кутилгандек...
Тўғриси, биз ҳамиша уларни тушунишга интиламиз. Агар Юрий Саркисяннинг ўзига қолса, у «Нефтчи»ни маҳаллийлаштириш дастурига «ёпишиб» олмасди, бошига ҳам шунча ғавғолар тушмасди. Рустам Мирсодиқовнинг Даврон Файзиев ёки Бахтиёр Ашурматовдан фарқи шунда. У футболимизнинг бугунги муаммоларини аввалдан кўра билган ва шу муҳитга ўзини мослаган. Шундай мослашиш натижаси ўлароқ, олий лига «Металлург», «Олмалиқ», «Қизилқум» ва «Навбаҳор» каби клубларга эга. Яхшики, шу клублар бор. Акс ҳолда, беқарорлик олий лига илдизларини зирқиратарди. Бироқ айрим мураббийларнинг футболимиз даражасига беписанд муносабатлари, аслида бундай ёндашувга ўзлари муносиб эканликларини тушунмасликлари мухлисларни ажаблантирмоқда.
Унутмайликки, футболимиз даражасини шу муҳитга мослашаётганлар эмас, балки умумий ҳолатни янгилаш, тараққий топтиришга интилаётган фидойилар юқорига кўтарадилар. Ана шунда олий лигада зерикарли ўйинлар кузатилмайди. Ҳамма Ҳасан Рўзиев «Локомотив» дарвозасига белгиламан пенальтини жуда оддий, яъни «Реал»-«Гранада» учрашувида мезбонлар дарвозаси томон қўйилмаган пенальти каби изоҳлайди. Унгача эса мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам нималардандир шубҳаланаверишади, бир-бирларидан гумонсирайверишади. Биз эса олий лига шубҳа-гумонлар «уя»си бўлишига мутлақо қаршимиз. Ишончимиз комилки, футболимизни яхши кўрадиган, ҳурмат қиладиганлар шу фикрга қўшиладилар. Манфаат исканжасида қовурилаётганларнинг фикрлари эса бизга қоронғу...
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси