Олий лиганинг 23-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” учрашуви мавсумнинг яна бир зерикарли ўйинларидан бирига айланди. Айниқса, биринчи бўлимда ўйин темпи анча паст бўлди, албатта, пенальтидан гол урилгани инобатга олинмаса. Қолаверса, ишқибозлар ташрифи бўйича ҳам беллашув тарихда қолса керак. Зеро, ўйинни бевосита муҳташам “Бунёдкор” стадионида 712 нафар мухлис кузатиб борди. Айтганча, учрашувдан бир кун аввал “Бунёдкор” мураббийлар штабида ўзгариш рўй бериб, Сергей Лушан истеъфога чиқарилган эди. “Қалдирғочлар”ни ўйинга жамоа раҳбари Бахтиёр Бобоев бошлаб тушди.
Аҳамиятлиси, жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташласак, “Сўғдиёна” ҳали Тошкентда гол уришнинг уддасидан чиқа олмаган, ўз дарвозасидан сезиларли даражада кўп гол ўтказиб юборган экан. Балки шунинг учун бўлса керак, бу сафарги беллашувда Даврон Файзиев шогирдлари майдонда бир мунча тартибли ўйин намойиш қилишга, имкон бўлди дегунча рақиб дарвозаси олдида ҳужум ташкил қилишга ҳаракат қилишди.
Биринчи бўлимда дарвозаларга жами 5та зарба берилди. Зарбаларнинг тўрттаси аниқ чиқди. 9-дақиқада Иззат Ғаниевнинг зарбасини Акбар Тўраев маҳоратини кўрсатиб қайтаришга улгурга бўлса, орадан бир дақиқа ўтиб, энди меҳмонлар посбони Дониёр Усмонов ўзини кўрсатишга мажбур бўлди. Сато – Шодиев – Ҳамдамов комбинациясидан кейин Достон яқин масофадан дарвозага зарба беришга ҳаракат қилди, лекин ўз вақтида тўпга чиқишга улгурган Усмонов хавфни бартараф этди.
Шундан сўнг 29-дақиқада Карпенко узоқ масофадан дарвозани нишонга олишга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ тўп рикошет туфайли дарвозага бормади. Орадан олти дақиқа ўтиб меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Жарима майдони ичида Анвар Ғофуровга қўполлик ишлатилгани учун 11 метрлик нуқта кўрсатилди. Нуқтага яқинлашган Шакер Зуаги зарбада адашмади. Усмонов зарба йўналишини олганди-ку, аммо зарба кучлилик қилди. Бўлим якунида Шодиев бош билан дарвозага зарба йўллади. Усмонов яна ўзини кўрсатди. Гарчи биринчи бўлимда дарвозаларга шунча зарба йўлланган бўлса-да, умумий маънода ўйин зерикарли кўриниш олди. Футболчилар танаффусдан кейингина ўзларига келишди. Айниқса, меҳмонлар иккинчи бўлимда сезиларли даражада “жонланишди”. Тўғри, Файзиев шогирдлари 55-дақиқада гол ўтказиб юборишди. Лекин голга қадар ҳам, голдан кейин ҳам меҳмонлар “қалдирғочлар”ни вақти-вақти билан босим остида ушлаб туришди. Ўтказиб юборилган гол қарши ҳужумдан кейин амалга оширилди. “Сўғдиёна” футболчилари ҳужум уюштираётган вақтда Ғофуров тезкор қарши ҳужум бошлади. Тўпни Шодиевга етказди. Воҳид қарама-қарши қанотда очилиб келаётган Ҳамдамовни излаб топди. Ҳимоячилар қуршовида қолган Достон эса, ёлғиз ҳаракат қилаётган Шомуродовни тўп билан таъминлади. Элдор катта тезликда жарима майдони ичига кириб борди ва ҳимоячи унга ҳалақит бергунига қадар дарвозага зарба йўллаб, ҳисобни 2:0 кўринишига ўзгартирди.
Ўтказиб юборилган иккинчи гол ҳам меҳмонларнинг руҳиятига салбий таъсир қилгани йўқ. Аксинча, “Сўғдиёна” янада фаолроқ ўйнашга ҳаракат қилди. Қисқа масофаларга тўп узатишлар орқали рақиб жарима майдони ичига киришга уринишди, бироқ футболчилар рақиб жарима майдони атрофига қадар яхши етиб келишди-ку, охирги қарорларни қабул қилишда уларга маҳорат етишмай қолаверди. Майдон марказидаги устунлик қўлдан кетавергач, “Бунёдкор” мураббийлар штаби майдонга Дилшод Жўраевни туширди. Лекин қолган дақиқаларда иккала жамоа мураббийлари амалга оширган ўзгаришлар ҳеч қандай самара бергани йўқ ва ҳисоб 2:0 кўринишида якунланди. Шу тариқа “қалдирғочлар” бош мураббийсиз ғалаба қозонишди.
Олий лига. 23-тур
БУНЁДКОР – СЎҒДИЁНА - 2:0 (1:0)
24 сентябрь. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони. 712 томошабин.
Ҳакамлар: Азиз Асимов (Тошкент), Темур Галеев (Тошкент), Акбар Пўлатов (Тошкент), Фирдавс Нарсафаров (Қарши)
Назоратчи: Ғайрат Каримов (Тошкент).
ЎзПФЛ вакили: Ноил Лутфулин.
“Бунёдкор”: Акбар Тўраев, Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Шакер Зуаги, Минори Сато, Воҳид Шодиев (Забиҳилло Ўринбоев, 71), Достонбек Ҳамдамов (Самир Бекрич, 77), Рустамжон Ашурматов, Элдор Шомуродов, Виктор Карпенко (Дилшод Жўраев, 68).
“Сўғдиёна”: Дониёр Усмонов, Элёр Орифов, Собир Ҳамидов (Акмал Абдураҳмонов, 79), Санжар Рашидов, Жасурбек Ҳакимов, Сардор Қаҳҳоров, Сайдулло Раҳматов, Иззат Ғаниев (Муқимжон Тошматов, 59), Қаҳрамон Баҳодиров (Бобур Қосимов, 79), Исломбек Исоқжонов, Хуршид Мухторов.
Голлар: Шакер Зуаги, 35-пенальтидан – 1:0. Элдор Шомуродов, 55 – 2:0.
Огоҳлантиришлар: Иззат Ғаниев, 13. Шакер Зуаги, 18. Жасур Ҳакимов, 21. Элёр Орипов, 35. Исломбек Исоқжонов, 45.