«Динамо» - «Нефтчи» (0:1) учрашувидан сўнг дастлаб «Динамо» бош мураббийи Баҳром Ҳакимов ўйин ҳақида тўхталди.
«Афсуски, жуда қимматли очколарни бой бердик. Бугун барча кўрди, биз мағлубиятга асло лойиқ эмасдик. Ҳеч бўлмаса, биринчи бўлимда пенальтидан гол урганимизда ўйин мутлақо бошқача ўтарди» - дея гап бошлади мезбонлар мураббийи.
«Шунча голли вазиятлардан қандай қилиб фойдалана олмадик, ўзим ҳам ҳайронман. Аксарият ҳолатларда тўпнинг дарвозага киришидан кўра, кирмаслиги қийин эди. Футболда бунақаси учраб туради. Ўйлашимча, бугун омад биз томонда эмас, рақиб томонда эди» - дейди мураббий.
«Бугун шогирдларим ўйинидан қониқмадим, дея олмайман. Ёмон ўйин намойиш этмадик. Учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик ва бугун майдондаги ҳаракатлар ёмон чиқмади. Анча кучли бўлган «Нефтчи» жамоасини ҳимояда ўйнашга мажбур қилдик, аммо ҳал қилувчи зарбани йўллашга ожизлик қилдик. Ушбу мағлубият учун барча «Динамо» мухлисларидан узр сўрайман. Улар бизни шунча қўллаб-қувватлаб ғалабага муносиб эдилар. Ваъда бераманки, жамоа мавсум якунигача ҳар ўйинда охиригача курашиб мухлисларни хурсанд этади» - дея фикр билдирди Баҳром Ҳакимов.