Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Терма жамоага ким масъул?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида Яман ва Филиппинга қарши кечган баҳсларда ишончли ғалабаларни қўлга киритгач, енгил тин олдик. Энди мусобақа жадвалидаги ҳолат у қадар ташвишли эмас ва ҳаммаси яхши кечган тақдирда, термамиз бамайлихотир кейинги босқичга чиқиб олади. Бу биз учун жуда муҳим. Чунки ҳали ҳеч қачон Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралашининг иккинчи босқичида қолиб кетмаган.

Бахтимизга КХДРдан учралган мағлубиятдан сўнг вазият анча ўнгланди. Бу эса ЎФФ томонидан амалга оширилган ўзгаришлар самараси, деб айта оламиз. Вазият анча жиддий эди ва федерация раҳбарияти дарҳол чора кўрди. Аҳволимиз қай даражада жиддийлигини ЖЧ саралашининг иккинчи босқичидаёқ терма жамоа бош мураббийининг истеъфога чиқиши билан изоҳлаш мумкин. Бу билан ЎФФ катта таваккалга қўл урди. Аммо ҳозирча ўша таваккал ўзини оқламоқда. Янги қон қуйилган жамоанинг шижоати бошқача, ғалабалар қўлга киритилмоқда. Бироқ ЎФФ чиқарган қарорларнинг ҳаммаси ҳам тўғримикан? Келинг, ҳозир шу ҳақида гаплашсак.

Июнь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Самвел Бабаян тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бошқарувида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди — Бахтиёр Ашурматовнинг ўрнини Виктор Жалилов эгаллади. Жалиловга ёрдамчи сифатида Дилшод Нуралиев тайинланди. Кейинчалик билишимизча, олимпия терма жамоасига нафақат бош мураббий, балки унинг ёрдамчисини ҳам ЎФФ тайинлашида ўзига яраша ҳикмат бор экан. Ҳаммаси миллий терма жамоа учун расмий ўйинлар, олимпиячилар учун эса Словакиядаги йиғин бошлангач маълум бўлди.

Олимпия терма жамоаси учун Европадаги йиғиннинг аҳамияти катта эди. Терма жамоа январда Осиё чемпионатида иштирок этади ва муваффақият қозонган тақдирда 2016 йилги Олимпиада йўлланмасини қўлга киритади. Ҳали футбол тарихида ўзбекистонлик футболчилар Олимпиадада иштирок этишмаган. Шундай экан, бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўриш талаб қилинади. Словакиядаги йиғин бунинг учун айни муддао бўлди. Боиси у ерда БАА ва Саудия Арабистони каби қитъанинг етакчи терма жамоаларига қарши ўйин ўтказиш имкони бор эди.

Бу вақтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ саралаш баҳсларига тайёргарлик кўраётганди. Бу ўйинларнинг аҳамияти ҳақида кўп гапириш шарт эмас, Қизиқ томони, шундай вақт­да ЎФФ ғалати қарорга келди. Олимпия терма жамоаси тарихида илк марта унинг бош мураббийи ўз иши қолиб, миллий терма жамоага жалб қилинди, олимпиячилар эса Дилшод Нуралиев бошчилигида Словакияга йўл олишди. Самвел Бабаян Яман ва Филиппинга қарши кечадиган баҳсларда Виктор Жалиловнинг ёрдамига эҳтиёж сезди, ЎФФга илтимос қилиб, мураббийни олиб қолди. Олимпия терма жамоаси билан боғлиқ барча масъулият эса Дилшод Нуралиев зиммасига юклатилди.

Ҳозир бу борада фикр билдиришдан олдин бу ўзгаришларнинг нафақат салбий, балки ижобий томонларини ҳам албатта, айтиб ўтиш керак. Аслида айтиш ҳам шарт эмас, чунки биз уни кўриб бўлганмиз. Зеро, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Яман (1:0) ва Филиппин (5:1) устидан қозонган ғалабаларида Виктор Жалиловнинг ҳам ҳиссаси бор. Яқинда Самвел Бабаяннинг ўзи айтдики, унинг иш тизимида ҳар бир мутахассиснинг ўрни бор. Виктор Жалилов эса яхши биламиз, худди Самвел Бабаян каби «Пахтакор»дан чиққан. Улар узоқ йиллар давомида бир клубда ишлашди ва энди терма жамоада ҳам ҳамкорлик қилишмоқда. Биз бу ҳамкорлик узоқ ва давомий бўлишига тилакдошмиз. Аммо олимпия терма жамоаси бош мураббийи бир вақтнинг ўзида миллий терма жамоада ҳам фаолият олиб бориши қай даражада муваффақиятли чиқаркин? Миллий терма жамоага ёрдам бераётган Жалиловнинг ўз иши қолиб кетмасмикан?

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Виктор Романович шунингдек, «Пахтакор»даги ишини ҳам давом эттирмоқда. Шунчаки мутасаддиликда эмас, балки бевосита ўйинларни бошқаришда ҳам қатнашмоқда. Клубдан Самвел Бабаян кетгач, унинг юмуши ҳам Виктор Жалиловга қолган кўринади. «Пахтакор»нинг расмий бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов эса ўзи айтганидек, Бабаян ва Жалилов билан бамаслаҳат иш олиб бормоқда. Катталар билан маслаҳатлашган яхши албатта, аммо бу ҳолат терма жамоага қандай таъсир ўтказар экан?

ЎФФ президенти Мираброр Усмонов бу борада тутган позициясини аниқ-тиниқ айтиб берди. Ўзбекис­тон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян бир вақтнинг ўзида олимпия терма жамоасини ҳам назорат қилиб боради ва лозим бўлган тақдирда ёрдамга етиб келади. Бундан эса шундай хулоса чиқариш мумкинки, Қатарда бўлиб ўтадиган олимпиячилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам Самвел Бабаян ва Виктор Жалилов тандеми бирга ишлайди. Уларнинг ишидан қандай натижа чиқишини вақт кўрсатади. Балки яхши бўлар, балки ёмон. Бунисидан энди январда хабар топамиз.

Бир нарса аниқ, агарда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдига қўйилган вазифа бажарилмаса, бунда нафақат мураббийлар штаби, балки ЎФФ раҳбарияти ҳам айбдор бўлади. Чунки ҳали ҳеч қачон бир мураббий ҳам Олимпия, ҳам миллий терма жамоада бирдек муваффақият қозона олмаган. Шундай экан, ишлар чаппа кетган тақдирда, масъулиятни ким ўз зиммасига олади? ЎФФми? Бабаянми?

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:54, 28.09.2015.
Ўқилди: 6390 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.