Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

ЧЛдан айро «Лацио» қанча йўқотди?

Баҳо:
+ | -

Леверкузенда Чемпионлар Лигаси йўлланмасини бой берган «Лацио» нафақат кўҳна қитъадаги энг ҳурматли турнирда иштирок этиш ҳуқуқи, балки мўмайгина даромаддан ҳам маҳрум бўлди.

Аввало, Германиядаги мағлубиятдан кейин компания акциялари 8 фоизга қадрсизланганлигини таъкидлаш зарур. Бу ва бошқа бир қанча сабаблар эса ЧЛдан айро Рим клубига молиявий жиҳатдан оғир зарба бериши тайин: янги инвестициялар йўналтириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги режалар барбод бўлади ва ҳатто «Лацио»нинг энг керакли футболчиларни сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ўтган ҳафтада Италия футбол федерацияси (FIGC) президенти Карло Тавеккио «парм сценарийси» такрорланишининг олдини олиш учун федерация ўзининг молиявий қоидалари (молиявий «фэйр-плей»)ни амалга киритиши ҳақида баёнот берди ва буни бузган клублар жарима жазосига тортилиши, уларга нисбатан трансфер тақиқи ва бошқа муаммолар пайдо қилиниши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Тавеккионинг айтишича, янги қоидалар 2019 йилдангина кучга киради, аммо жамоалар келгуси йилдан бошлабоқ ўз бюджетларини қайта кўриб чиқишлари лозим. Асосий эътибор клубларнинг молиявий аҳволига, қисқа муддатли қарзлар ва активларига қаратилади. Зеро, мураббий ва ўйинчиларга маош ўз вақтида тўлансин, бошқа молиявий операциялар ҳам ёддан кўтарилмасин. Шу ўринда умумий фойда ҳам алоҳида эътиборда бўлади.

Бир қарашда «Лацио»даги молиявий аҳвол ёмон эмасдек. У Италиядаги аксарият клублардан фарқли ўлароқ, УЕФАнинг молиявий талабларига жавоб беради. Кирим ва чиқимлар борасида ҳаммаси жойида (жамоа сармояси}16 млн. евро). Аммо салбий кўрсаткичлар ҳам кам эмас. Уларнинг асосийси эса, бизнесни йўналтиришдир.

Сўнгги 9 йилда бу борада олдинга қадам ташланмади ҳисоби, жумладан, футболчиларни сотишдан ташқари, бюджетга кирим йўқ. Рим клуби 2005 йилда охирги марта Deloitteнинг энг кўп пул топадиган 20та клуб рейтингида сўнгги ўринни эгаллаганди. 2014 йилга келиб эса «Лацио»дан 73 фоиз кўп, яъни 144 млн. ишлаган «Эвертон» бу поғонани ундан «тортиб олди». «Лацио» эса бугунга келиб ҳатто топ-30ликдан ҳам четда.

Агар футболчиларни сотиш ҳисобига олинаётган камтарона фойда бўлмаганида, «Лацио» охирги 2 йилнинг ўзида нақд 25 млн. йўқотиши аниқ эди. Бундан кўринадики, жамоанинг молиявий кўрсаткичлари аллақачон салбий кўриниш олиб улгурган.

Италия футболи мухлисларига яхши маълум, 2014-2015 йилларда «Лацио» кўп футболчи сотмади ва бу клуб зарарига ишлади. Жамоанинг 9 ойлик молиявий кўрсаткичлари ҳам буни исботламоқда: уч чорак якунига кўра, 14 млн. евро зарар. «Лацио» ЧЛга ҳозирлик кўриш баҳонасида чиқимларни оширгани ва бирорта ҳам футболчи сотмаганини эътиборга олсак, қишки трансферлар чоғида у етакчи футболчиларини сотувга қўймасдан 2015-2016 йиллар мавсумини ҳам ижобий кўрсаткичлар билан якунлай олмаслиги маълум бўлади. Бу эса ўз навбатида, жамоа салбий спирал домига тушиб қолганини англатади: молиявий ботқоқдан чиқиш учун етакчи ўйинчиларни сотиш керак, уларсиз қолган «Лацио» эса юқори ўринлар учун кураша олмайди.

ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш бу муаммоларни бир лаҳзада йўқ қилиши мумкин эди, айниқса, клубнинг ҳозирги молиявий ҳолатида. Аммо «Лацио»га тажриба етишмади. Аксинча бўлганда-чи? Жорий мавсумдан УЕФАнинг ЧЛ борасидаги 3 йилга мўлжалланган телевизион ва ҳомийлик шартномаларига оид янги тартиблари амалга киритилади. Итальян клублари эса мамлакат ТВсида Ski ва Mediasetлар ўртасида жиддий рақобат кетаётгани боис катта фойда кўришлари мумкин. Агар «Лацио» ЧЛдан чиқиб кетганини инобатга олсак, бундан «Рома» ва «Ювентус» клублари фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишлари аниқ.

Демак, УЕФАнинг тижорат шартномаларига кўра, ЧЛда иштирок этишнинг ўзи энди жамоаларга 8,5 млн. ўрнига 12 млн. евро келтиради. Бошқа барча бонуслар ҳам оширилди: ғалаба учун энди 1,5 млн. берилади. ЧЛда иштирок этиш ва у ерда айтайлик, 6 очко (2 ғалаба)ни қўлга киритиш клубга 15 млн. соф фойда келтиришидан далолат. Бу эса «Лацио»нинг 2014 йилдаги даромадига тенг. Энди юқоридаги рақамга стадион ва бошқа киримларни ҳам қўшинг: «Лацио»нинг Европа Лигасидаги иштироки орқали топадиган пулидан камида 5-6 млн.га кўп эмасми?!

Қизиғи, ТВдан тушган фойданинг асосий қисми «Маркет Пула» орқали ўтади. Ҳаммаси мамлакат ЧЛ намойиши учун қанча пул сарфлаганига боғлиқ ва бу маблағнинг 50 фоизи алал-оқибат клуб ҳисоб-рақамига келиб тушади. Шунинг учун 2013-2014 йиллар мавсумида (2014-2015 йиллар мавсуми борасидаги расмий маълумотлар йўқ) гуруҳдан чиққан «Зенит» ТВдан бор-йўғи 4,8 млн. евро ишлади, майдон ташқарисида қолган «Наполи» эса 26 млн. эгасига айланди (!).

Хайрли тонг, «Матч ТВ»! Италиядаги баҳслар намойиши бўйича шарт­нома шу пайтгача Skiга тегишли эди ва у УЕФАга бир мавсумда 160 млн. тўларди. Mediaset Premium (Берлусконининг компанияси) билан янги шартнома  имзоланганидан сўнг, бу рақам ҳар мавсумда 230 млн.га баҳоланмоқда. Демак, жамоалар 115 млн. еврони ўзаро бўлиб олишади.  «Лацио» ҳам «Маркет Пул»дан 32 млн. евро олиши эҳтимолдан холи эмасди. Бошқа рақамларни ҳам қўшсак, ЧЛ йўлланмаси жамоага нақд 52 млн. фойда келтириши аниқ эди!

Энди УЕФА Чемпионлар Лигасининг Италия ТВсидаги намойишидан тушадиган пулларнинг маълум қисми кимнинг чўнтагига тушиши аниқ - «Рома» (тахминан 45 млн.) ва «Юве» (60 млн.га яқин) жамоаси ғазнасига, қўшимча бонуслардан таш­қари, албатта. Омадсиз «Лацио» арзимаган 11-12 млн. билан чекланади.

Тўғри, «Лацио»га ЕЛда қатнашгани учун қанчадир миқдорда пул ажратилиши ҳам кўзда тутилган. Мисол учун, гуруҳдаги иштирок учун 2,5 млн. Лекин бу ЧЛдаги иштирокка нисбатан ўта камтарона маблағ, шундай эмасми?! Қолаверса, Европа Лигасидаги «Маркет Пул» шундай ташкиллаштирилганки, ЧЛдан «учиб кетган» жамоаларга тушган маблағнинг 10-15 фоизи берилади, холос. Европа Лигасида омадли иштирок этган ва чорак финалгача етиб борган жамоалар эса 12-14 млн. эгасига айланишади.  Шундай қилиб УЕФАнинг кичик кубогида қатнашган клублар ЧЛга нисбатан 27-28 млн. кам пул олишади.

Инглиз футболининг тижорий тараққиёти ҳам «Лацио» муаммоларини янада ошириши турган гап. Премь­ер-лигадаги янги ТВ-шартнома ҳатто Англия чемпионатидаги аутсайдер клубни ҳам таниқли Рим клубидан кўра кўпроқ маблағ ишлаб топишга ундайди. Демак, «Лацио» ўйинчиларини «йўлдан уриш»ни нафақат «Тоттенхэм», «Эвертон» ёки «Сток Сити», балки «Норвич», «Борнмут» каби унча таниқли бўлмаган жамоалар ҳам уддалашлари мумкин. Дарвоқе, Италиянинг ўзида ҳам «Лацио» пулни қай даражада ақлли сарфлашни биладиган, аммо уни қай тарзда ишлаб топишни уддалай олмайдиган клублар даражасига келиб улгурди. Балки жамоа ўтган йили «Севилья» қилган ишни такрорлар? Нима бўлганда ҳам, «Лацио»га омад тилагимиз келади. Унинг тараққиёт моделида бир қанча салбий жиҳат борлигига қарамай, клуб ҳурматга сазовор.

Р.S.: Дарвоқе, «Лацио»нинг молиявий масалалардаги эҳтиёткорлигини тўғри тушуниш мумкин. Ҳа, Крань­отти даврида жамоа сутдан оғзи куйган ва ҳозирда сувни ҳам пуфлаб ичяпти. Аммо гап бунда эмас. Клубнинг собиқ президенти «Лацио»га мамлакат ҳукумати олдида фоизларни ҳам ҳисоблаганда (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар) 140-145 млн. евро қарз қолдирганди. Клуб эса уни ёпиш масаласида ҳукумат билан келишувга эришди ва аниқ режа асосида уни тўлаб бормоқда. Бу жараён 2030 йилгача давом этади ва «Лацио» йилига тахминан 3-4 млн.лик қарзни бартараф этмоқда.

2014 йил охирига бориб «солиқ қарз­лари» 56 млн. еврони ташкил этди. Йиллик тўлов миқдори катта эмасдир, аммо уни аниқ фойдадан олиш лозим. Бундан ташқари, жамоага таш­қи молиялаштириш масаласида бир қанча чекловлар қўйилган. Кредит олиш ва тўловларни амалга ошириш борасида ҳам. Келишув 2015 йилда анчайин қаттиқ шартлар асосида амалга оширилди, бошқа йўл сифатида эса фақат клубнинг банкрот деб эълон қилиниши қолганди, холос.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:14, 30.09.2015.
Ўқилди: 3097 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.