Олий лигада 23-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди. Биз ўз анъанамизга содиқ қолган ҳолда Қорақалпоғистонлик футболчиларнинг мазкур турда қайд этган кўрсаткичларига назар солиб ўтамиз.
Наврўз Алимов 85 дақиқа ўйнади
“Қизилқум” таркибида тўп сураётган Наврўз Алимов “Қўқон-1912”га қарши учрашувни асосий таркибда бошлади ва ўз ўрнини 85-дақиқада Алишер Ҳолиқовга бўшатиб берди. Навоийликлар эса учрашувда кичик ҳисобда имкониятни бой беришди ва натижада турнир жадвалининг 8-поғонасида қолишди.
Ойбек Нурбоев яна захирада қолди
“Қўқон-1912” таркибида ҳаракат қилаётган Ойбек Нурбоев бу сафар ҳам захирада қолди. Агар у “Қизилқум”га қарши ўйинда майдонга тушганида Алимов-Нурбоев қарама-қаршилигига гувоҳ бўлардик. Шундай бўлса ҳам Ойбекнинг жамоадошлари 1:0 ҳисобида зафар қучиб, 23 очко билан 12-ўринга кўтарилишди.
Саламат Қуттибаевда гол
“Олмалиқ” – “Шўртан” учрашувида 3-дақиқадаёқ мезбонларнинг Қорақалпоғистонлик ярим ҳимоячиси Саламат Қуттибаев ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 28 ёшли футболчи “Олмалиқ” сафидаги голлари сонини 3 тага етказиб олди. Мазкур учрашувда ғалаба қозонган “Олмалиқ” 38 очко билан 6-ўринда қолди.
Азамат Алланиязов 68 дақиқа ўйнади
Сўнгги ўйинларда кетма-кет гол уриб келаётган “Насаф” ҳужумчиси Азамат Алланиязов бу турда ўз ҳисобига гол ёздириб қўя олмади. Қаршиликлар ўз уйларида “Навбаҳор”ни йирик ҳисобда таслим қилишди. Учрашувда Геворкян ва Шомуродов “дубл” қайд этишган бўлса, яна бир гол Бақоев ҳисобига ёзилди, автогол сифатида. Азамат эса ўйиннинг 68 дақиқасида ўз ўрнини жамоадоши Алишер Юсуповга бўшатиб берди. Мазкур ғалабадан кейин “аждарлар” 51 очко билан “бронза” поғонада боришмоқда.
Фурқат Юсупов
Манба: www.Furkat.uz