Биласиз, Туриннинг “Ювентус” клуби сафида тўп сураётган испаниялик ҳужумчи Альваро Мората бир қатор гранд клублар эътиборида турган футболчилар сирасига киради.
“Кекса сеньора” дарвозабони Жанлуижи Буффоннинг айтишига қараганда, агар Мората ўз устида ишлашда давом этса, яқин вақт ичида жаҳондаги энг кучли 3-4 футболчи орасидан жой олиши мумкин экан.
- Мората – юксак истеъдод эгаси. У ҳаракатчан, ажойиб техникага эга ва тезкор тарзда ўйнайди. Агар у ўз устида янада кўпроқ ишласа, яқин вақт ичида бемалол энг кучли ўйинчилардан бирига айлана олади. Фақат у яхши ўйинчи ва буюк ижрочи ўртасидаги фарқни тезроқ тушуниб етса бўлгани, - дейди Буффон.
Таъкидлаб ўтамиз, 22 ёшли Мората “Ювентус” сафида ҳозирга қадар 50 та учрашувда 16 та тўп киритди ва 7 бор гол узатиш амалга оширди.