Жаҳон футболи тарихидаги энг машҳур инсонлардан бири ҳақида "Интерфутбол" газетаси Football.ua унинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда ҳикоя қилади.
«Ҳозир «инқилобчи» деган ибора бутун бадани «татиуровка» билан қопланган ва сочларини ажабтовур турмаклаган ҳолда телевизион реалити-шоуда иштирок этаётган ёш йигитларга нисбатан ишлатилмоқда. Аслида, «инқилобчи» бўлиш учун сенда нимадир бўлиши керак. Диктаторлар замони ва уруш пайтларида яшаган инсонларнинг қалбида бу нарса бўлган. Бахтимизга, бугунги Францияда ҳаммаси у даражада ёмон эмас».
«Одамлар мени «қўзғолончи» деб аташса титраб кетаман. Златан ва Балотеллини ҳам шундай дейишади. Биз бундайин номга муносиб бўлиш учун нима қилдик? Ҳеч нарса. Ҳа, биз яшаётган тузум баъзида бизни бошқаларга нисбатан ноқулай аҳволга тушириб қўяди, аммо бу бирор нарсани исботлайдими? Биз ҳаётимизни хавф остига қўймаяпмиз, оиламиз тақдири учун таваккал қилмаяпмиз».
«Менинг давримдаёқ биз футболдан катта пул топардик. Сўнгги 15 йилда айрим нарсалар жуда ўзгариб кетганини қалбимиз айтиб турибди. Аслида эса, ҳеч нарса ўзгармаган», ҳаммаси аввалгидай. Ҳа, биз футболдаги катта муаммолар билан курашишимиз керак, коррупцияга қарши ўт очишимиз даркор. Аммо ўйиндаги пул - бу медиа томонидан яратилган система фарзанди ва унда футболчилар актёр ролини ўйнашади».
«Футболда рақибинг бўлади. Кинода эса асосий рақиб - сенинг ўзинг. Кинода ёмон ўйнасанг мағлубиятга учрайсан».
«Мен ҳаётни у даражада жиддий қабул қилмайман... У билан шунчаки ўйнашишим мумкин».
«Ўйлайманки, муҳаббат борасида тажрибам етарли. Барча қувончлар майда-чуйдада. Жамиятда тутган ўринларини каттакон уйлари, қимматбаҳо автомобиллари орқали намойиш қилмоқчи бўлган одамлар эса аслида бахтсиздирлар. Уларга раҳмим келади».
«Саволларга нима учун жавоб бериш керак? Суқрот атрофдагиларни ўз-ўзларига савол беришга ўргатишга интилди ва жавоблар қандай бўлиши билан унчалик қизиқмади. У шунчаки ўйлаш жараёнини ишга туширди».
«Мен одам эмасман. Мен - Кантонаман».