Бокс бўйича Бутунжаҳон боксчилар ассоциацияси (WBA) йўналишидаги супер оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасидаги жанг Россиянинг Москва ёки Грозний шаҳарларидан бирида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ТАСС нашри боксчининг менежери Тимур Дугазаев берган маълумотга таяниб хабар тарқатди.
«Жаҳон чемпионлиги унвони учун асосий даъвогар Лукас Браун ҳисобланади. Ҳозир биз мазкур жанг санасиини WBA томонидан тасдиқланишини кутиб турибмиз. Браунга қарши жанг Россияда – Москва ёки Грозний шаҳарларидан бирида бўлиб ўтади. Буни Рамзан Қодиров билан муҳокама қилиб олишимиз керак», - дейди Дугазаев.
Олдинроқ, Чагаевнинг пуэрто-риколик Фрес Окендога қарши 17 октябрда бўлиб ўтиши керак бўлган жанги Окендонинг жароҳат олгани сабаб бекор қилинганди.
Чагаев ҳисобида ҳозиргача ўтказилган жангларда жами 34 ғалаба (21 нокаут), иккита мағлубият (Владимир Кличко ва Александр Поветкиндан) ва бир дуранг натижаларини қайд қилган. Браун эса ўтказган 23 жангининг барчасида (20 нокаут) ғалаба қозонган.