Халқаро футбол федерацияси хулосасига кўра, Давид Оспина ўтган мавсум бетакрор Жанлуижи Буффондан ҳам яхши ўйнабди.
Ҳа, ФИФА томонидан «Олтин тўп»-2015га даъвогар футболчилар рўйхати эълон қилингач, турли мунозара-баҳслар, эътироз-муносабатлар бошланиб кетди. Айниқса, Италия спорт журналистлари кучлироқ айюҳаннос солишмоқда. Улар газеталарнинг биринчи саҳифасини айнан шу воқеликни кескин танқид қилиш учун ажратишди. Гап шундаки, ФИФАнинг бошланғич рўйхатида «Ювентус» клуби ва Италия терма жамоаси дарвозабони Жанлуижи Буффонга жой топилмади. Ваҳоланки, у ўтган мавсум ўзининг бой коллекциясини 3та миллий соврин ва ЧЛ финалида иштирок этгани учун олган медаль билан тўлдирди.
Эътиборлиси, ФИФА рўйхатини биринчи бўлиб, El Mundo Deportivo (Каталония) нашри эълон қилди. Маълум бўлишича, ФИФА қўмитаси аъзоларидан бири маълумотни электрон почта орқали вақтлироқ жўнатган. Айтиш жоиз, 59 нафар даъвогардан иборат ҳозирги рўйхат декабрь ойи бошида анча қисқаради. Яъни ФИФА улардан 23 нафарини қолдиради.
Энг кўп вакил «Барселона» ва «Реал» жамоаларидан - 7 нафардан. Шунинг баробарида Жерар Пике ва Серхио Бускетс четда қолишди. Лекин Қатарга йўл олган Хави бор.
Энди ҳақиқий жанжал тўғрисида... Жанлуижи Буффон қани? Рўйхатга Клаудио Браво («Барселона»), Мануэль Нойер («Бавария»), Тибо Куртуа («Челси»), Давид Де Хеа («МЮ»), Давид Оспина («Арсенал») каби дарвозабонлар киритилган пайт «Жижи»нинг сояда қолгани ғалати. Тўғри, Нойер, Куртуа ва Де Хеанинг энг кучли 5 нафар дарвозабон қаторига киришлари тайин - бу борада баҳслашиш ноўрин. Аммо «Барса» кипери - Бравочи? У чемпионатда яхши ўйнаган бўлсада, ЧЛда бир дақиқа ҳам ҳаракатланмади. Ҳа, тан олиш керак, Браво Америка кубоги-2015 финалининг ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида ҳам қаҳрамонлик кўрсатди. Хуллас, ФИФА чилилик киперни бутун дунёда футболни тараққий эттириш лойиҳаси доирасида даъвогарлар сафига қўшган, чоғи. Шу маънода айтсак, ФИФА Браво номзодини кўрсатиш билан чекланса ҳам бўларди. Аммо колумбиялик Давид Оспинага ҳам жой ажратдики, буниси энди умуман тушунарсизлик. Унинг ЧЛ-2014|2015даги статистикасига қаранг: 3та ўйин, - 4та гол. Ваҳоланки, «Арсенал» рақиблари Оспина дарвозасига битта ўйинда ўртача 6,25 мартадан зарба йўллашган. Buffonata - айюҳаннос солди La Gazzetta dello Sport нашри. Ахир «Жижи» ЧЛнинг 13та ўйинида иштирок этиб, 10та гол қўйиб юборди, холос. Унинг дарвозаси томон эса, нақ 153 марта зарба йўлланган. Умуман, ЧЛ финалида ўйнаган «Юве»дан 6 нафар футболчи номзоди кўрсатилган ҳолда, унинг асосий юлдузи, охирги йиллардаги муҳим «фигура»сини назардан қочириш ғалати эмасми? Жуда ғалати.
Муносабат
- Ҳаттоки, нима дейишга ҳам ҳайронман. Кимнидир ранжитишни истамайман. Аммо шуни таъкидлайманки, Буффоннинг йўқлиги - майнавозчилик. Марчело Липпи.