Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили

Германия чемпионатининг 2 нафар буюк форварди

Баҳо:
+ | -

Германия чемпионати деганда Левандовски, Обамеянг каби форвардларнинг такрорланмас финтлари, бетакрор ўйинлари кўз олдимизга келади. «Чемпионат» эса айнан юқоридаги «бомбардир»ларни бир-бирларига солиштирган ҳолда, уларнинг қай бири аъло деган саволга жавоб излайди.

 

Амплуа

 

Лавандовски – классик даражадаги марказий форвард, гол учун масъул инсон. Германиядаги фаолияти аввалида у асосан Лукас Барриос соясида қолиб кетарди, аммо бу кунлар ҳам ортда қолди. Хосеп Гвардиола ўз вақтида жамоасига «страйкер» керак эмаслигини англатмоқчи бўлиб, Левандовскига қанотлардан ортга қайтишни ўргатмоқчи ҳам бўлган, аммо бу поляк футболчиси айнан жарима майдонида кўпроқ фойда келтиришига алал-оқибат кўнишга мажбур бўлди.

 

Обамейянг «Дортмунд»да дастлаб ўнг қанотда тўп сурди, зеро марказий форвард ўрнини айнан Левандовски банд қилганди. Поляк «Бавария»га йўл олгач эса, Обама «Боруссия» ҳужумида 1-рақамли футболчига айланди.

 

Жисмоний кўрсаткичлари

 

Обамейянг, эҳтимол Германия чемпионатидаги энг тезкор ўйинчи эмасдир, аммо 1-рақамли форвард эканлиги аниқ. Фантастик даражадаги ёриб ўтишлар ва ҳайратланарли даражадаги тезлик айнан унга тегишли. Левандовски бу даражада бўлмаслиги мумкин, аммо уни секин ҳаракатланади деб айтиш ҳам нотўғри. Жисмоний жиҳатдан эса рақибидан анчайин устун. Бошқа томондан, Обамейянг жуда сакровчан ва кескин ўйнайди. Левандовскининг устун томони эса - курашиш илмини билишидир. У бу каби устунликларидан шу даражада фойдалана биладики, поляк ҳужумчиси билан яккама-якка курашда камдан-кам ҳимоячининг қўли баланд келади. Обамейянгга бу масалада ўз устида ишлаш зарар қилмасди. Иккала футболчи ҳам юқоридаги кўрсаткичлар бўйича табиат томонидан камситилмаган ва шуни эътиборга олиб, уларнинг жисмоний кўрсаткичларини тенг дейиш мумкин.

 

Меҳнаткашлиги

 

Левандовски – ҳужумда классик даражадаги марказий форвард ва рақиб ҳимоясини вайрон қилишда замонавий ҳужумчи. У доимо ҳаракатда бўлади, чарчоқ билмай ҳимоячиларни прессингда ушлаб туради. Энг муҳими, бунинг учун саломатлиги чидаш беради – 90 дақиқалик бундай юмушни ҳар ким ҳам кўтаролмаслиги аниқ. Обамейянг эса кўпроқ «тоза тўп»ларга ўйнайди. Томас Тухель бу йўналишда самарага эришиш учун Обамейянг билан фаол ишламоқда, аммо меҳнаткашлик борасида барибир Левандовски олдинда. Навбатдаги раунддаги тоза ғалаба.

 

Бош билан ўйнаш

 

Бош билан зарба бериш техникаси ҳақида гапирганда, 10 балли тизимда ҳар 2 футболчига 9 баҳосини қўйиш мумкин. Левандовски ҳам, Обамейянг ҳам осонлик билан тўпни дарвозанинг керакли нуқтасига жойлаб қўя олади. Иккалалари ҳавас қилса арзийдиган сакраш ва позиция танлаш иқтидорига эга. Лекин ҳимоячилар билан курашда поляк барибир ижобийроқ натижага эга. Обамейянг аниқ зарбалардан сўнг ва ҳимоячиларни ортда қолдириб зарба берса, Левандовски рақиб футболчиларини «яксон» қилганча тўпни дарвозага жойлаб қўяди. Шундай қилиб, бу борада ҳам у рақобатчисидан олдинда.

 

Техника

 

Тана тузилишига нисбатан олганда Левандовски жуда чаққон ва тўп билан юмшоқ муомала қила олади. Форвард ўта мураккаб узатмаларни ҳам аъло даражада ўзига бўйсундиради, тўп учун курашга кам вақт сарфлайди. Жарима майдонида поляк футболчиси рақибнинг 2-3 ҳимоячисини нафақат жисмоний кўрсаткичлари, балки техникаси ёрдамида ҳам алдаб ўтиши мумкин. Обамейянгнинг тўп билан муомаласи рақобатчисидан қолишмайди – габонлик футболчи тўпни қабул қилаолмай ёки ўзига бўйсундиролмаган ҳоллар жуда ҳам кам. Аммо жарима майдонидаги «дриблинг» – унинг кучли томони эмас. Обамейянгга ҳудуд керак ва шундагина у тутқич бермайди. Левандовски ҳам албатта Златан эмас, бироқ у хоҳлаган даражадаги узатмани ошира олади. Манна нима учун Гвардиола уни «Бавария»да ҳали-ҳамон уни сақлаб турибди. Поляк – туғма «бомбардир», аммо жуда сахий ўйинчи. Мюллер ва Роббенлар билан бир-бирларини яхши тушунишади. Обамейянг ўнг қанотда ёмон ўйин кўрсатишининг боиси у қанот узатмаларни жарима майдонига кўнгилдагидай оширолмайди. Қисқа «пас»ларни эса аъло даражада бажаради ва Томас Тухель ҳам габонлик футболчи янги ғояларни осон қабул қилаётганидан хурсанд. «Боруссия» таркибида Обамейянг иштирокидаги 2-3 бор тўп оширишли комбинациялар ҳам кам эмас. Бироқ голга тортадиганлари озроқ. Тўп узатишлар бўйича Левандовски яна юқорида.

 

Зарба

 

Айнан бу борада ҳар 2 футболчи кўрсаткичларини ўта юқори даражада дейиш мумкин. Обамейянг кўп бор жарима майдонидаги зарбалар ёрдамида гол киритган – унинг услуби кўплаб дарвозабонлар учун ўта ноқулай. Узоқ масофаларда ҳам буни уддалайди, жарима майдонида ҳам ўнг оёғида, ҳам чапида бирдай аниқ зарба беради. Габонлик тўпни посбон устидан ошириши, коптокни айлантириб юбориши ёки уни бор кучи билан тепиши мумкин.

 

Левандовскининг заҳираси ҳам кам эмас. У жарима тўпларини бажармайди, аммо айнан жарима майдонида рақибидан кўпроқ тўп киритади. Полякда ўнг оёқда  жуда кучли ва қаттиқ зарб бор. У чап оёғида дарвоза томон тепмасликка ҳаракат қилади, аммо бу сўл оёқ унга фақат юришда ёрдам беради, дегани эмас.

 

Руҳият

 

Левандовскида муҳим баҳслар борасида тажриба катта – ҳар қалай у Чемпионлар Лигаси фаналида ўйнаган, мазкур турнир ярим финалида «Реал» дарвозасига 4та тўп киритган. Полякнинг руҳияти мустаҳкам ва масъул ўйинларни аъло даражада ўтказади. У асосий юлдуз саналган Польша термасида бу айниқса сезилади.

 

Обамейянг ҳозирча муҳим ўйинларда ўйнашни ўрганяпти, аммо буни у яхши уддалаяпти. Габонлик умуман камдан-кам ҳолларда ёмон ўйнайди ва бу унинг ижобий томони. Баҳслар олдидаги ҳаяжон уни мутлақо қийнамайди.

 

Манба: «Чемпионат».

 

И.ОБИДОВ тайёрлади.

 
Киритилди: 22:12, 15.10.2015.
Ўқилди: 3234 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.