«Манчестер Сити» афсонаси Серхио Агуэро инглиз клуби Абдуқодир Ҳусанов тимсолида ҳимоядаги муаммоларнинг узоқ муддатли ечимини топганига ишончи комил.
«Шаҳарликлар»нинг собиқ ҳужумчиси сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси аллақачон Хосеп Гвардиола жамоасининг муҳим бўлагига айланиб улгурган.
«Ҳусанов бу йил жуда яхши ўйинлар ўтказди. У нормал адаптация жараёнидан ўтди ва энди биз натижаларни кўряпмиз. У кучли, жуда тезкор ва яккама-якка курашларда ғолиб чиқади. У бор-йўғи 22 ёшда, демак, «Сити» ихтиёрида узоқ йиллар давомида хизмат қиладиган ажойиб ҳимоячи бор», — деди Агуэро «City Xtra»га берган интервьюсида.
«Келажак лойиҳаси»дан асосий ўйинчигача
2025/26 йилги мавсум кетма-кет жароҳатлар туфайли «Манчестер Сити» ҳимоя чизиғи учун ҳақиқий синов бўлди. Бундай вазиятда, аввалроқ келажак учун мўлжаллаб сотиб олинган Ҳусанов тез фурсатда ишончли вариантга айланди.
Ҳозирда ўзбекистонлик футболчи Манчестерда Марк Гехи каби янги ўйинчилар билан бир қаторда кенг кўламли ротациянинг бир қисми ҳисобланади. Агуэронинг фикрича, бундай даражадаги клуб учун ҳимоячилар танловининг кенглиги — ҳаётий заруриятдир.
«Барча турнирларда доим ғолибликка даъвогарлик қиладиган «Сити» каби жамоада турли позициялар учун вариантлар бўлиши яхши. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳимоячиларнинг жароҳат олиши бундай захирага эга бўлиш қанчалик муҳимлигини кўрсатмоқда», — дея хулоса қилди аргентиналик форвард.
Ҳусановнинг фаолияти
Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг январь ойида «Ланс» клубидан 40 миллион евро эвазига «Манчестер Сити»га ўтган эди. Жорий мавсумда у барча турнирларда 23 та ўйинда майдонга тушди.
Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоасида 2023 йилнинг июнь ойида дебют қилган. Жорий йилда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади.













