Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Турма»дан термагача ёхуд Вардининг ғаройиб кечинмалари

Баҳо:
+ | -

Айни пайт АПЛ тўпурарлари рўйхатини бошқариб бораётган «Лестер» ҳужумчиси Жейми Варди атиги уч йил муқаддам бешинчи лига (!) клубида тўп сурарди, десак, кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Лекин бу - факт. Қуйидаги қизиқарли мақола Вардининг уй қамоғидан Англия терма жамоасигача бўлган йўлни қандай босиб ўтгани ҳақида.

Ҳаёт синовлари

Инсон тақдири жуда мураккаб. Чунончи, баъзида оддийгина байрам бутунлай ўзгариб, кулфатга айланиши ёхуд унинг ҳаётидаги энг яхши кун бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Масалан, 1982 йилнинг кузида таниқли Кевин Киган уни Данияга қарши ўйинга чақирмагани учун аразлаб, журналистларга энди ҳеч қачон терма жамоа қароргоҳига қадам босмаслигини айтганди. Бу кўнгилсизлик Англия терма жамоасида бироз саросима ҳолатини юзага келтирди ва икки йилдан сўнггина Бобби Робсон ҳужум чизиғига янги етакчи - «Лестер» форварди Гари Линекерни топа олди. Орадан ўттиз йил ўтди ва худди шу «Лестер»нинг яна бир аъзоси Жейми Варди май ойи ўрталарида «Баҳор куни» байрами муносабати билан рафиқаси ҳамда қизларига совға харид қилиш учун гул дўконига кирди. Варди дўконда гулдаста танлаб юрган вақтда унинг телефонига қисқа хабар келди. Қизиғи шундаки, бу «sms» одатдагидан кўра узунроқ бўлиб, аввал қуюқ саломлашиш билан бошланар, якунда эса Жеймининг терма жамоа қароргоҳига етиб келиши илтимос қилинарди. Хабар юборувчи шахс сифатида Англия терма жамоаси маъмури Мишель Фаррернинг номи кўрсатилганди. Табиийки, Варди буни ҳазилга йўйиб, хабарни ўчириб юборди ва телефонни чўнтагига солганча харидни давом эттирди. Тўғри-да, 28 ёшга бориб қолган футболчига терма жамоада нима бор?!

Байрамдан «эртак» сари

Аммо орадан бир соат ўтгач, Жеймининг телефони кетма-кет қўнғироқлардан ёрилаёзди.Танишлари уни терма жамоада тўп суриш имконига эга бўлгани билан табриклашар, эпчил мухбирлар эса интервью масаласида савол беришарди. Қисқаси, бу ҳеч қандай ҳазил эмасди. Вардининг дўсти ва ҳамкасби Эндрю Мэнганнинг BBC ходимига айтишича, у ўшанда илк бор Жеймининг кўзларида ёш кўрибди. Фаррернинг хабаридан бир сутка ўтгач, Варди «Лестер» стадионида Daily Telegraph мухбири Генри Уинтер билан термага чорлов масаласида суҳбатлашаётганди. Шу тариқа, футболчи байрамга тайёрланаётиб, «эртак»ка дуч келди: «Лестер»нинг 131 йиллик тарихида фақатгина 16 нафар футболчи терма жамоадан таклиф олишган ва энди «Кинг Пауэр» ўйингоҳининг кириш қисмида Шилтон, Бэнкс, Линекер ва бошқалар қатори, Жейми Вардининг улкан сурати пайдо бўлади. Бу - бугунги воқеалар. Энди саккиз йил илгари содир бўлган ҳодисаларни ёдга олсак...

Омадсиз кун

Саккиз йил илгари «байрам»нинг акси бўлганди: Варди қулоғи оғирроқ бир таниши билан Шеффилддаги тунги клубдан чиқиб, уйга кетаётганида, икки маст йигит уларга ташланиб қолади. Безорилар Жеймининг қулоғига махсус аппарат тақиб олган дўстини мазах қила бошлайдилар. Верди уларга сўз билан жавоб бермай, муштларини ишга солади... Оқибатда у ярим йиллик муддатга уй қамоғига ҳукм қилинади. «Яхшиямки, уйимда DVD дискларининг улкан коллекцияси бор эди», - деди у Mirror нашрига берган интервьюсида. Ким учундир бу жазо жуда азобли туюлиши мумкин, лекин ҳар ҳолда, уй - Пентонвиль турмаси эмас ва Варди оқшомлари саккизинчи лигадаги «Стоксбридж» номли ҳаваскорлар клубида тўп суриб, кундузи заводда меҳнат қилди. Эътиборлиси, Жейми ишлаган заводда имконияти чекланган кишилар учун махсус жиҳозлар ишлаб чиқариларди. Варди эса бу олижаноб мақсад йўлида астойдил тер тўкди. Ўшанда унинг футбол клубидаги маоши ҳафтасига 30(!) фунт, заводдаги ҳафталик меҳнат ҳақи эса 70 фунтни ташкил этган. Варди заводда резина маҳсулотларини печда тоблаш билан шуғулланар, оқибатда кечга бориб белида кучли оғриқ аломатларини сезарди. Шунинг учун гоҳида футболда орттирилган жароҳатни баҳона қилиб, бир кун-ярим кун дам олишга уринарди.

«Билакузук» ва совуқ душ

Уй қамоғида яшаш - унчалик осон эмас. Шу боис, тез орада Вардининг билагида махсус ускуна - электрон «билакузук» пайдо бўлди. Бу асбоб унинг қаерда тургани ҳақида полицияга маълумот бериб турарди. Жеймига нисбатан ўқилган ҳукмга кўра, у кечги соат 18:30дан эрталабки 06:30гача уйда бўлиши шарт эди. Шунинг учун у жамоасининг сафар ўйинларида фақат бир соат ёки бир бўлим тўп суриб, кейин уйга шошиларди.

Варди Daily Telegraph нашрига интервью берар экан, «Стоксбридж»даги ажойиб хотираларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, саккизинчи лигада фақатгина шу жамоа бошқаларидан бир жиҳати билан яққол ажралиб турган - ўйиндан сўнг душга эртароқ етиб келганларга иссиқ сув насиб қилган. Кечикканлар эса доим совуқ сувда ювинишга мажбур бўлишган. Шунингдек, футболчилар либосларни ўзлари харид қилиб, ўзлари ювишган. Вардини эса ўша пайтлари буларнинг ҳаммаси қониқтирган - ахир у 2002 йили ҳам бир марта футболдан кетишга мажбур бўлганди. Бу борада батафсил фикр юритиш учун янада ортга қайтиб, унинг таржимаи ҳолига назар ташлаш талаб этилади.

Болалик

Жейми моҳир кранчи ва латофатли адвокат аёл оиласида туғилиб ўсади. Омадни қарангки, уларнинг уйи «Шеффилд Уэнсдей» стадиони яқинида жойлашганди (ёдингизда бўлса, бу иншоот Англия кубоги ярим финали ўйинидаги фожиа билан тарихда қолган. Ўша машъум ўйинда «Ливерпул»нинг 96 нафар мухлиси ҳаётдан бевақт кўз юмган). Варди эса ўша пайтлари Крис Уоддлнинг ўйинларидан завқланиб юрган болакай эди. Ўшанда Крис «Олимпик»дан «Шеффилд»га ўтиб, клубни Англия кубоги ва Англия лига кубоги финалига олиб чиққанди. Шубҳасиз, унинг ҳаракатларига мафтун бўлган Жейми «Шеффилд» машғулотларига қатнай бошлади ва 15 ёшга етганида, бирдан футболдан кўнгли совийди. Чунончи, мураббийлар унинг бўйи ўсмаётганидан хавотирга тушиб, бундай «пакана»ларга футболда нон топиш қийин эканини астойдил тушунтиришади. Албатта, кичик жуссали Жейми бундан қаттиқ хафа бўлади ва футболга боғлиқ орзуларни бир четга суриб, Ротерхэмдаги коллежга ўқишга киради. Бироқ орадан бироз вақт ўтгач, унинг бўйи тез суръатда ўса бошлайди ва нақ 20 сантиметрга узаяди. Шунда Жеймининг дугонаси унга футболга қайтишни маслаҳат беради ва Варди «Стоксбридж» машғулотларига қўшилади. Яна бир эътиборли жиҳати, худди шу аёл бир неча йилдан сўнг Вердига Элла исмли қизча туғиб беради. Ота бўлгандан кейин эса қаҳрамонимиз ҳаётида ўзгаришлар рўй бериши аниқ эди.

Оилали «катта одам»

Албатта, ёш оилада чақалоқ туғилса, ташвишлар ва шубҳасиз, харажатлар ҳам ортади. Шу боис, Варди ота бўлгач, заводдаги ишни йиғиштириб,  бешинчи лига клуби - «Флитвуд»га ўтди. Ўша кезлари ушбу жамоа хўжайини Энди Пайли жамоасини тўртинчи лигада кўришни истаб қолди ва айни мақсадда «Хайбери» стадионининг сиғимини ҳам кенгайтирди. Афсуски, клуб футболчилари Пайлининг шунча меҳнатини бир пул қилиб, дастлабки олтита турда рақиблар дарвозасига атиги учтагина тўп йўллашди, холос. Энг қизиғи, ҳар учала тўп ҳам бунгача оддий почтачи ва завод ишчилари билан ўйнаб юрган Варди ҳисобига ёзилганди. Умуман олганда, Пайли бу ярим профессионал футболчи борасида сира адашмади: уни 150 минг фунтга сотиб олди, Варди эса унга бири-биридан ажойиб 31та голни ҳадя қилди (ҳаммаси ўйин ҳолатидан урилган). «Флитвуд» бу голлар ёрдамида тўртинчи лигага чиқиб олди, Пайли эса фурсатни қўлдан бой бермай, энг севимли футболчиси - Жеймини «Лестер»га мўмайгина пулга сотди - 1 миллион фунт! Лекин келишувнинг шундай банди ҳам бор эдики, агар Варди Англия термасига жалб қилинса, «Лестер» «Флитвуд»га яна қўшимча бонус ҳам тўлаши керак. Таъкидлаш лозимки, уддабурон Энди 25 ёшли футболчини сотаётганида нима қилаётганини жуда яхши биларди - июнь ойига келиб, Пайли Daily Express нашрига бу воқеани сўзлаб бераркан, ўзини кулгудан тўхтата олмади: «Шубҳасиз, «Лестер»дагилар ўша пайтда Вардининг термага чақирилиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтира олишмади ва шунинг учун биз таклиф қилган қўшимча шартга осонликча рози бўлишди. Мен эса бир нарсани аниқ билардим - охир-оқибат биз ҳеч нарса йўқотмаймиз, аммо тақдир тақозоси билан, кўп нарсага эга чиқишимиз мумкин эди».

Қон қақшаган «МЮ»

«Лестер»даги иккинчи мавсум Вардилар оиласида иккинчи қиз - София дунёга келди. Футболчининг ўзи эса жамоага анча мослашиб, 16та голи билан жамоанинг АПЛга қайтишини таъминлади. Кейин... кейин эса «МЮ»га қарши ўша машҳур учрашув бўлиб ўтди. Ушбу баҳснинг 16-дақиқасида «МЮ» 0:2 ҳисобида олдинда бораётганди. Ҳаммаси одатдагидек... Лекин шундан сўнг «қизил иблислар» учун даҳшатли туш бошланди: аввалига Вардининг узатмаларидан кейин иккита жавоб голи урилди. Сўнгра қаҳрамонимизнинг саъй-ҳаракатлари билан «тулкилар»га икки марта пенальти тепиш ҳуқуқи берилди ва ниҳоят, Вардининг ўзи ҳам гол урдию, ҳисоб 5:3 кўринишига келди.

Шу тариқа, «МЮ» АПЛ тарихида илк бор икки тўп фарқи билан олдинда бораётиб, аламли мағлубиятга учради. Лестер эса шундан кейинги уч ойда худди дуоибад қилингандек, ғалаба нималигини билмади. Лекин булар муҳим эмасди. Асосийси, айнан «МЮ»га қарши ўйиндан сўнг Рой Хожсон мунтазам равишда Жеймини кузата бошлади. 9 май куни «тулкилар»нинг «Саутгемптон»га қарши ўйинини стадионда томоша қилди, 7 июнда эса Жеймини Дублинга олиб бориб, Уэйн Рунининг ўрнига майдонга туширди.

Ҳечдан кўра, кеч

Футболчи сифатида ўзига ишончи бениҳоя ортган Варди янги мавсумда чинакам юлдузлардек тўп сура бошлади. Қолаверса, унда янгидан-янги истеъдод ва хусусиятлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, Жеймининг янги мавсумда киритган етти тўпидан учтаси футболчи жароҳатланган пайтга тўғри келгани барчани ҳайрон қолдирди. Зеро, шу учта гол дарвозаларга йўлланган пайтда Жеймининг қўли гипсда эди. Тўғри, мустаҳкам қилиб чирмалган гипс қадим замонлардаги оғир кишан каби кишига халақит қилмас. Аммо бу матоҳ спортчига, хусусан, футболчиларга қўшимча енгиллик ёки устунлик ҳам бермайди. Шуни инобатга олсак, Вардининг метиндек иродасига тан бермай илож йўқ. Қолаверса, Жеймининг тобора қизиб бораётган АПЛнинг жорий мавсумдаги ўйинларида киритган голлари сони 12-поғонадаги «Уотфорд»нинг умумий голлари сонидан ҳам кўпроқ. «Челси» ёхуд «МЮ» тўпурарлари эса унинг олдида кўримсиз ҳайкалга айланишган, гўё. Шундай экан, Варди энди Хожсоннинг таклифларига ортиқча ҳаяжонларсиз муносабат билдиряпти, деб бемалол айта оламиз. Ахир уни шунга арзигани учун ҳам термага чақиришади-да! Гари Линекер бир вақтлари термадаги дебютидан ярим йил ўтиб, Англия чемпионатида тенги йўқ мерганга айланганди. Бир ярим йилдан сўнг эса у ЖЧда тўпурарлик мақомини ўзлаштирган. Варди ҳам эндигина 28га тўлди. Шундай экан, ҳали ҳаммаси олдинда. Буни яхши англаётган футболсевар инглизлар терма жамоа ўйинлари ўтадиган стадионга қуйидаги ёзув битилган улкан баннерлар билан келишмоқда: «Бўш келма, Жейми!».

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:38, 18.10.2015.
Ўқилди: 3302 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.