Кириш Регистрация

Игорь Сергеев: «Олтин очко»лар учун курашамиз»

Баҳо:
+ | -

Игорь Сергеев жорий мавсум Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлишга номзод футболчи. Бу йил унга рақобат туғдирадиган фақат бир ҳужумчи бор - Баҳриддин Ваҳобов. Аммо Игордан фарқ­ли ўлароқ,  «Қизилқум» вакили ўз жамоасининг асосий пенальтичиси эканини инобатга олсак, Сергеевнинг голлари қадри анча ошиши турган гап. Игорь мавсум давомида 17та  гол урган бўлса, ушбу тўплардан фақат учтаси пенальтидан киритилган. У билан уюштирган суҳбатимиз айнан ҳужум масаласига бағишланди. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда «Пахтакор» - «Металлург» ўйини сабабли юзага келган вазиятга ҳам тўхталиб ўтдик.

- Игорь, «Металлург» билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг турли гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу ҳолат сиз ва жамоангизга салбий таъсир ўтказмаяптими?

- Мен ҳамма нарсага эътибор қаратавермайман. Бутун фикру хаёлим фақат ўйинга йўналтирилган ва ортиқча муаммолар билан бошимни қотирмайман. Албатта, сўнгги воқеаларга беписанд бўлиш жуда қийин. Аммо бундай ҳолат менда фақат соф спортча ғазабни қўзғайди, холос. Майдонга тушиб, ўз ўйиним билан ким аслида кимлигини исботлаб бермоқчиман. Биз - футболчимиз ва ҳар доим ўз ишимизни тўғри бажарганмиз. Ҳар бир ўйинда 90 дақиқа тер тўкиб, меҳнат қиламиз ва бошқа нарсани билмаймиз. Шундай экан, сўнгги воқеалар биздаги ғалабага бўлган иштиёқни янада оширди, холос.

- Ушбу мавсум тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб, ҳақли равишда етакчилар сафида боряпсиз. Аммо сўнгги учрашувларда негадир голларни фақат пенальтидан уряпсиз. Мавсум давомида киритган 17та тўпингизнинг фақат учтаси пенальтидан амалга оширилган.

- Гап шундаки, жамоамизнинг асосий пенальтичиси Кахи Махарадзе ҳисобланади. Аммо сўнгги ўйинларда у мазкур вазифани менга топширди. Биласизми, бутун мавсум давомида оғир учрашувларда майдонга тушгандан сўнг, бундай масъулиятли иш баъзан оғирлик қилиб қолиши мумкин. Кахи деярли ҳар бир ўйинда тўлиқ иштирок этди. Бу эса футболчини чарчатади. Эски жароҳатлар қўзғаб қолиши мумкин, танада оғриқ ҳис қиласиз. Мавсум охирига келиб, ҳар қандай футболчида ноқулайликлар пайдо бўлади. Яна руҳий зўриқиш ҳам бор. Шу сабабли бўлса керак, Кахи пенальти тепишни менга топширди. Мен эса гол уриб, шу орқали жамоамга ёрдам беряпман. Аммо бу билан ўйинда гол уришдан тўхтаб қолганим йўқ, насиб қилса, келгуси учрашувларда албатта, рақиб дарвозаларини ишғол қиламан.

- Сизда ҳужумчиларга хос иқтидор бор, аммо нима учундир ўша маҳоратдан кўп фойдаланавермайсиз. Масалан, биринчи даврада «Бун­ёдкор»га қарши кечган баҳсда индивидуал маҳорат эвазига ажойиб тўп киритиб, 1:0 ҳисобидаги ғалабага сабабчи бўлгандингиз. Аммо бундай голларингиз кўп эмас. Сабабини билсак бўладими? Нима учун индивидуал маҳоратдан кўп фойдаланмайсиз?

- Футбол фақат бир киши томонидан ўйналмайди, жамоа бўлиб тўп суриш лозим. Шундай экан, нима учун шерикларимга пас бериш имкони бўлган вақтда рақибни алдашим керак? Ахир бу билан тўпни йўқотиб қўйишим ва жамоамни қийин аҳволга солиб қўйишим мумкин. Тўғри, жарима майдончаси ичида ёлғиз қолганда рақибни алдашга ва дарвоза томон зарба беришга ҳаракат қиламан. «Бунёдкор»га қарши кечган ўйинда ҳам худди шундай вазият юзага келган эди ва мен ундан фойдаландим. Аммо қулайроқ вазиятда турган жамоадошимни кўрсам, албатта, унга пас бераман. Футбол фақат индивидуал маҳоратдан иборат эмас, ғалабаларга бутун жамоа бўлиб эришиш керак.

- Араб футболчиларига эътибор қаратсак, улар рақибни алдашда мутлақо тортинмасликларини кўрамиз. Бу ҳолат эса ўз навбатида, техник маҳоратни кучайтиради. Ўзбек футболига айнан шундай ўйинчилар етишмаётгандек. Ҳатто техник маҳорати борлар ҳам ундан фойдаланмасликка ҳаракат қиладилар. Бу муаммони қандай ечиш мумкин?

- Арабларда болаликда футбол шу йўналишда ривожлантирилади. Улар ёшликдан рақибни алдашга мойил бўладилар, шу сабабли техник жиҳатдан кучли кўриниши мумкин. Аммо уларда бош­қа муаммо бор - жамоавий ўйин намо­йиш этишда оқсайдилар. Масалан, араб ҳужумчиси беш нафар ҳимоячини ҳам алдашга ҳаракат қилаверади. Алдаб ўта олса-ку, майли, акс ҳолда, тўпни олдириб қўяди ва жамоасини оғир аҳволга солиб қўйиши турган гап. Бизда ҳам шундай футболчилар бор, аммо бош­қа жамоадошинг қулайроқ вазиятда турганда нега тўпни унга узатмаслик керак? Ўша 5 нафар рақибни жамоадошинг билан комбинация ташкил қилиш эвазига доғда қолдириш мумкин-ку! Шуниси ишончли эмасми?

- Бу ҳолат масъулиятни ўз зиммангизга олишдан қўрқишга олиб келмайдими?

- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Масалан, шахсан ўзим ҳужумчи сифатида қулай вазиятга чиқдимми, албатта, зарба бераман. Аммо ўзимдан ҳам яхшироқ ҳолатда турган жамоадошимни кўрсам, тўпни унга узатиб беришим турган гап. Бироқ ҳар доим ҳам эмас. Гап шундаки, агар ҳужумчи мудом бир хил ўйнаса, рақиб ҳимоячилари уни тезда «уқиб» оладилар. Бу эса ҳужумдаги самарадорликни «ўлдириши» аниқ. Мен рақиб кутмайдиган қарор қабул қилишга интиламан. Бир сафар дарвоза томон зарба берсам, бошқасида жамоадошимга тўп узатишим мумкин. Шунда ҳимоячилар нима қилишингизни олдиндан била олмайдилар.

- Олий лигада кураш авжига чиқмоқда. Мавсум охирида босим кучайиб кетмаяптими?

- Босим бор, албатта. Ҳозир ҳар бир ҳаракатинг бутун бошли мавсумга татиши мумкин. Шу сабабли, имкон қадар энг яхши ўйинларимизни намо­йиш этишга интилмоқдамиз. Ҳар бир учрашувда «олтин очко» учун майдонга тушяпмиз. Бундай вақтда ҳеч кимга осон бўлмайди. Умид қиламанки, жорий йил ҳам чемпионликка эришамиз. Бунинг учун бутун жамоа ҳамжиҳатликда курашамиз...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:13, 19.10.2015.
Ўқилди: 3279 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.