Россия футболининг ҳурматга сазовор легионерларидан бири бўлган босниялик футболчи фаолиятининг асосий қисмини ЦСКА клуби билан боғлади. Ўйинчи сифатида 20га яқин нуфузли совринларни қўлга киритган Раҳимич ҳозирда армиячилар жамоасининг мураббийлар штабида фаолият юритмоқда.
«Слуцкий футболни 5 бармоғидек билади»
- Элвир, сир бўлмаса айтингчи, «ота» деган бообрў тахаллус қаердан келиб қолган?
- Буни аниқ айта олмайман. Шуниси аниқки, машғулот пайтида кимдир менга «ота, ота», дея мурожаат қилди, қолганлар бу лақабни эслаб қолишди. Мен эътироз билдирмадим, аксинча, кўнглим кўтарилди.
- Фақат болакайлар сизни шундай чақиришадими?
- Нега энди? Учрашувлар ва машғулотлар пайтида ҳам, асосий таркибнинг ечиниш хонасида ҳам менга шундай мурожаат қиладилар.
- Бундан 4 йил аввал ўзингизда мураббийлик сиёғини кўрмаётганингизни эътироф этгандингиз? Энди у «кўриняптими»?
- Янги соҳа остонасида турибман. Шу боис, аниқ бирор фикр билдира олмайман. Албатта, нимагадир эришиш йўлида тер тўкишга тайёрман. Уддалай оламанми, йўқми, буни вақт кўрсатади.
- Ҳеч йўқ, қизиқиш пайдо бўлгандир?
- Шу иш билан шуғулланаётган эканманми, демак қизиқиш бор.
- Слуцкий штабидаги 1 йил сизга нима берди?
- Жуда кўп нарсаларни. Слуцкий менга нафақат футбол ёки мураббийликка оид, балки чин инсоний фазилатлардан сабоқ берди. Назаримда, Россияда унинг олдига тушадиган мутахассис йўқ.
- Штабдаги асосий вазифангиз нимадан иборат?
- Мураббий ёрдамчисиман. Турли топшириқларни бажараман. Бош мураббий ҳар биримизнинг вазифамизни аниқ белгилаб беради. Лекин назарий машғулотларда, рақиб жамоалар муҳокамасида биргаликда иштирок этамиз.
- Слуцкийнинг ўзига хос устунлиги нимада?
- У жамоани руҳлантиришга уста, одамлар билан муомала қилишни билади. Ҳар қандай футболчининг кўнглига йўл топа олади. Умуман, Слуцкий футболдаги барча икир-чикирлардан хабардор.
- Футболчиликдан мураббийлик соҳасига ўтиш қийин кечдими?
- Янги муҳитга мослашиш осон эмас. Фаолиятини якунлаган ҳар бир футболчи бу босқични босиб ўтади. Авваллари вазифам тайин эди - машғулотлар, учрашувлар. Энди эса қачон, қайси иш билан машғул бўлишим аввалдан маълум эмас. Лекин янги шароитга кўникиш қийин кечмади. Чунки жамоа менга яхши таниш, ёнма-ён тўп сурган жамоадошларимнинг кўпчилиги ҳамон шу ерда. Фақат мен... мураббий либосидаман.
- Эндиликда, жамоадошларингиз кўпроқ ҳурмат қиладиган бўлиб қолишгандир?
- Эҳтимол шундайдир. Аммо улар билан аввал ҳам дўст эдим, ҳозир ҳам шундай. Ёш футболчилар эса аввал ҳам ҳозиргидек ҳурматимни ўрнига қўйишарди.
- Мураббийлик фаолиятини асосий жамоада бошлаган эдингиз, энди ёш футболчилар билан ишлаяпсиз. Бунинг сабаби нимада?
- Аслида, ишни тажриба тўплашдан бошлашим керак эди. Мана, кўриб турганингиздек, уни амалга оширяпман.
- Ёшлар билан ишлаётганингиздан хафа эмасмисиз?
- Йўқ. Аксинча, ёшлар билан ишлаш анча қизиқарли. Улар мендан ниманидир ўрганишади, мен эса - улардан. Уларга боқиб, ёшлигимни эслайман.
- 1999 йилда туғилган ўсмирларга устозлик қиляпсиз, шундайми?
- Ҳа, мен ва Максим Боков. Расман у бош мураббий ҳисобланади. Аммо юмушларни бўлишиб олмаганмиз, ҳамкорликда ишлаяпмиз.
- Эшитишимизча, ўғилларингиз ҳам академияда таҳсил олишаётган экан...
- Ҳа, Умар 2002 йилда туғилганлар гуруҳида, Мажид - 2007 йилда туғилганлар билан.
- Бундан чиқди, ҳам ёқимли, ҳам фойдали ишни амалга ошираётган экансиз-да - бошқаларга сабоқ бериш жараёнида фарзандларингизга ҳам доимо кўз-қулоқ бўлиб турасиз.
- Тўғри, ҳозирда фарзандларимга, оиламга кўпроқ эътибор қаратяпман. Футболчилик давримда бўш вақтим жуда оз бўларди. Демак, аввалги қарзларимни узяпман.
- Россияга Австриянинг «Форвертс» клуби орқали келган экансиз. Ўша жамоада қайси таниқли футболчи тўп сурганини биласизми?
- Хабарим йўқ. Қизиқ, ким экан у?
- Олег Блохин, собиқ иттифоқ чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар, «Олтин тўп» соҳиби.
- Буни қаранг-а, билмаган эканман. Шундай машҳур футболчининг жамоасида ўйнаганимдан фахрланаман.
- Сизни Австриядан Махачқалъага қайси шамол учирди?
- «Анжи»га келишим тарихи анча узоққа бориб тақалади. Аслида, менежер Бебич мени «Мерида» (Испания иккинчи дивизиони) кўригига таклиф этганди. Бир ҳафта ичида кўрикдан ўтиб, ўртоқлик учрашувида майдонга тушдим. Фақат шартномани имзолаш қолганида томонлар молиявий томондан келиша олмадилар. Ўша оқшом меҳмонхонада Алексей Прудников қўнғироқ қилиб, «Анжи»га таянч ярим ҳимоячиси кераклигини айтди. Бебич мени тавсия қилди. У пайтда «Анжи» ҳақида ҳеч нарса билмасдим.
- Махачқалъада ёрқин таассуротлар қолдирадиган жиҳатларга дуч келганмисиз?
- Нима десам экан? Бинойидек шаҳар, аэропорт... Ўзингиз у ерда бўлганмисиз?
- Бир неча йил аввал.
- Демак, у ердаги вазиятни тушунасиз. 1999 йилда мен урушдан кейинги Боснияга келиб қолгандек эдим. Лекин секин-аста шаҳар кўзимга ўзгача кўрина бошлади. Баъзи бир муаммолар бўлсада, биз футбол билан машғул эдик, мухлислар доимо яхши муносабатда эдилар. Қолаверса, биз асосан, Москвада қолардик, машғулотларимиз Новогорскда, баъзан Кисловодскда ўтарди. Махачқалъага узоғи билан 2-3 ҳафтага борардик.
- Шаҳарни сайр қилишга вақт топа олганмисиз?
- Албатта, у ерда томоша қилишга арзийдиган, сифатли ресторанлар кўп.
- ЦСКАнинг «Анжи»га қарши илк учрашувида томонлар келишувига биноан иштирок этмаган экансиз...
- Тўғри, ҳатто Махачқалъага ҳам бормагандим.
- Сергей Перхун фожиасидан қачон хабар топдингиз?
- Кечки пайт ўйин натижасини билиш мақсадида жамоа маъмурига қўнғироқ қилдим. У учрашувда ҳисоб очилмаганини айтиб, Перхунни шифохонага олиб кетишганини маълум қилди. Вазиятнинг шунчалик жиддийлиги хаёлимга ҳам келмаганди - ўйин пайтида футболчининг рақиб билан тўқнашиб кетиши оддий ҳол-ку. Машғулотга келгач, Сергейнинг комада эканидан хабар топдим. Кўпчилик тўпланиб, уни кўргани шифохонага бордик... Афсуски, Перхун оламдан ўтди.
- Фожиа қизғин баҳсларга сабаб бўлганди. Гўёки, Будун Будунов Перхунга атайлаб жароҳат етказган эмиш. Сиз қандай фикрдасиз?
- Йўқ, бу фикрга умуман қўшилмайман. Тасодифий фалокат. Футболчиларнинг бош уриштиришлари тез-тез учраб турадиган ҳолат. Такрорий лавҳани эса кўрганим йўқ.
- Нима учун?
- Кўришни истамадим. Оғир..
- Шундай фалокатларга дуч келганмисиз?
- Ҳа, «Анжи»да Иброҳим Гасанбеков деган ҳужумчи бўларди. Баланд бўйли, бақувват йигит, доғистонликларга доимо қувонч улашарди. У автоҳалокат туфайли ёруғ дунёни тарк этганди...
«Газзаевга ўхшаган
мураббий бошҚа йўҚ»
- Газзаев - фаолиятингиздаги энг эҳтиросли мутахассисми?
- Ҳа, Газик - бетакрор мураббий! Эҳтирослар ҳаммамизда - менда ҳам, сизда ҳам, Слуцкийда ҳам бор. Аммо Валерий Георгиевичга ўхшаши йўқ.
- Унинг ўта дарғазаб ҳолатини эслай оласизми?
- Газзаев қаршилик кўрсатмай таслим бўладиганларга тоқат қила олмасди. УЕФА кубоги доирасида «Парма» билан учрашиб («Парма»-ЦСКА-3:2), сафардан мағлубият билан қайтгандик. Ваҳоланки, ўшанда 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Валерий Георгиевичнинг дарғазаб ҳолатини кўрсангиз эди! Лекин ҳовуридан тушгач, тамоман бошқа инсонга айланади.
- Устозлар билан келиша олмай қолган вақтларингиз ҳам бўлганми?
- Йўқ, мен барча мураббийлар билан тил топиша олганман. Балки, вазмин табиатлидирман? Қолаверса, катталарни ҳурмат қилишга ёшлигимдан одатланганман.
- Жамоа кайфиятини кўтариш учун мураббийлар турли усуллардан фойдаланадилар - кимдир латифа айтади, бошқаси оташин нутқ сўзлайди...
- Слуцкий баъзан фантастик ёки тасодифий голлар видеотасмасини 2-3 дақиқа намойиш этиш орқали шогирдлари руҳиятини кўтаради.
- Фаолиятингиз давомида неча марта ЦСКАни тарк этиш имкониятига эга бўлгансиз?
- 3 ёки 4 марта.
- Таклифлар Россия клубларидан келганми ёки хориждан?
- Хорижий жамоалардан. Бироқ мен уларга қиё ҳам боқмаганман. «Бешиктош», «Дуйсбург», «Штутгард» жамоаларининг таклифларини рад этганман.
- Футболчилик даврингиздаги совринларингиз қанча ва улар орасида энг қадрлиси қайси?
- Ҳаммаси бўлиб 17-18та совринга эга чиққанман. Ҳар қайси совриннинг ўз қиймати бор? Лекин УЕФА кубоги, Россия кубоги-2002 ва илк чемпионликнинг қадри баландроқ.
- Айтишларича, сизни ҳакамлар ҳам ҳурмат қилишар экан...
- Бўлиши мумкин, чунки мен ҳеч қачон улар билан баҳслашмаганман.
- Евгений Гинер сизга 1 умрга ЦСКАда қолишни таклиф этган экан...
- Тўғри, у пайтда ҳали футболчи эдим. Гинер менга шундай деганди: «Шартноманг қачон тугашининг нима аҳамияти бор? Сен барибир, ҳаётинг охиригача шу ерда қоласан!» Бу масалага кейин умуман қайтмадик.
- Орзуларингиз борми?
- Менимча, ҳар қайси инсоннинг орзуси бўлиши керак. Босния терма жамоаси билан ЖЧда, ЦСКА билан ЕЧЛда ғолиб чиқиш ниятидаман. Балки гапларимни ҳазил тариқасида қабул қиларсиз? Лекин бу - ҳақиқат. Инсон орзу билан тирик!
Исроил Раҳимов тайёрлади