Кириш Регистрация

Баҳром Норсафаров: «Осиё чемпионатида юқори ўринлардан бирини кўзлаяпмиз»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон U-16 қизлар терма жамоаси айни дамда Осиё чемпионати финал босқичига тайёргарлик кўрмоқда. 4-15 ноябрь кунлари Хитойда қитъа биринчилиги бўлиб ўтади.

Жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналадиган мазкур чемпионатга ҳозирлик кўраётган терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Норсафаров билан мазкур мусобақа ва унда қизларимиз олдига қўйилган вазифалар тўғрисида суҳбталашдик.

— Терма жамоамиз қитъа чемпионатига қандай тайёргарлик олиб бормоқда?
— Тайёргарлик жараёни жуда яхши кетмоқда. 19 октябрдан йиғинларга киришдик. Қизлар машғулотларда ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Жамоамизнинг асосини “Машъал” клуби қизлари ташкил этгани ва улар менинг қўл остимда шуғулланишини инобатга олсак, қизларнинг барчасини имкониятини жуда яхши биламан. Бошқа клублардан келган футболчиларни эса йиғиннинг илк кунида тест қилиб олдик. Барча қизлар ҳам машғулотларда астойдил ишлашмоқда. Бундан кўнглим тўлаётганини айта оламан.

— Мусобқа олдидан гуруҳдаги рақиб жамоалар ҳам ўрганиляптими?
— Ҳа, албатта. Гуруҳимиздан ўрин олган бошқа терма жамоалар ўйинлари ҳам имкон қадар ўрганилмоқда. Уларнинг ўйинлари туширилган дискларга эгамиз ва назарий машғулотлар пайтида қизлар билан бу ўйинларни томоша қилиб, таҳлил қилишга уриняпмиз.

— Гуруҳдан чиқиш имкониятимиз қандай?
— Ҳар қандай мураббий ҳам ўзи ва шогирдлари олдига юксак мақсадлар қўяди. Зеро, бусиз ишлашнинг кераги бўлмай қолади. Шу боисдан биз ҳам юқори натижаларни кўзлаган ҳолда Осиё чемпионатига тайёргарлик олиб боряпмиз. Насиб этса, мақсадларимиз улкан.

— Футболчи қизларнинг кайфияти қандай? Жамоа руҳияти тўғрисида ҳам гапириб ўтсангиз…
— Йиғинда иштирок этаётган барчанинг кайфияти аъло. Барчамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда яхши кайфиятда машғулотлар олиб боряпмиз. Қолаверса, жамоада психолог ҳам иш олиб бормоқда. Бу ҳам бизга наф келтираётганини таъкидлай оламан.

— Терма жамоа олдига қандайдир аниқ вазифа қўйилдими?
— Бизнинг олдимизда мусобақада муваффақиятли иштирок этиш вазифаси турибди. Буни барчамиз яхши англамоқдамиз ва шунга монанд равишда тайёргарлик олиб борилмоқда. Насиб этса, қитъа чемпионатида юқори ўринлардан бирини эгалламоқчимиз.

— Терма жамоамиз Иордания U-16 қизларига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ўйин хусусида ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.
— Иордания терма жамоаси билан олдин ҳам учрашганмиз. Бу жамоани яхши биламиз. Ушбу термага қарши ўйин эса биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, айнан мазкур матч орқали биз Осиё Чемпионатига борадиган таркибни аниқлаб олишни режалштирганмиз. Қолаверса, тактик жиҳатдан жамоамиз ўйинга баҳо бериб олиш имконига эга бўламиз. Шу сабабдан ҳам бундай ўртоқлик учрашуви ташкил этилаётганидан хурсандмиз.

Дмитрий Попов суҳбатлашди.

Манба: sports.uz
Киритилди: 02:25, 22.10.2015.
Ўқилди: 2677 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.