Кириш Регистрация
15/05 00:00 Тоттенхэм 0-2 Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид 5-0 Алавес
15/05 01:00 Жирона 0-1 Вильярреал
15/05 22:30 Севилья 0-1 Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано 2-1 Гранада
15/05 23:45 Брайтон 1-2 Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас - Бетис
17/05 00:30 Альмерия - Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад - Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи

Ишлар - «беш!»

Баҳо:
+ | -

Бундеслигадаги жорий мавсум аста-секин қизғин паллага кириб бормоқда, зеро 9та тур ортда қолди: янги футболчиларнинг янги жамоа ўйинига мослашишлари учун етарли муддат. Демак, ўзини ижобий томондан намоён этишга улгурган ўйинчилар ҳақидаги дастлабки таассуротлар билан ўртоқлашиш мавриди келди. Қуйидаги рўйхатда ёзги трансфер пайтида Германия чемпионатига йўл олиб, ҳозирча фақат ёрқин тасаввур уйғотаётган чарм тўп усталари ҳақида сўз боради.

Дуглас КОСТА

«Шамол каби учқур» таърифи айнан бразилиялик футболчига мос. «Бавария»нинг чап қанотидан ўрин эгаллаган Дуглас Коста ҳар қандай рақибдан ўзиб кетишни уддалайди. Жорий мавсумда максимал тезлиги соатига 34,2 километр этиб белгиланган ўйинчини тўхтатиб қолиш ҳимоячиларга осон бўлмайди. Коста ҳозиргача тўпни олдинга ташлаб, сўнг­ра тезлашиш ҳолатини 39 марта бажарди. Ваҳоланки, у ҳозиргача 8та учрашувда майдонга тушган, «Вердер»га қарши баҳсни захира ўриндиғида кузатганди.

Бразилия терма жамоаси аъзоси «Бавария»нинг ҳужумдаги ўйин услубига тўла мос тушади. У айни дамда Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби вакили Рафаэль билан бирга бундеслиганинг энг яхши ассистентлари рўйхатини бошқариб турибди. Коста ҳозиргача шерикларини 5 марта голли пас билан таъминлаган.

У яккакурашларда ҳам фаол. Бу каби вазиятларнинг 53 фоизидан унумли фойдаланиши - асосан дриблингга таянадиган футболчи учун ёмон кўрсаткич эмас. Дарвоқе, у 59 фоиз ҳолатда рақибни ишончли тарзда алдаб ўтишни уддалайди. Бразилиялик ўйинчи Донецкнинг «Шахтёр»идан Германия чемпиони сафига қўшилганидан буён дастлабки дақиқаларданоқ майдонга тушяпти. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Рибери ва Роббен жароҳатдан фориғ бўлишгач, асосий таркибдаги рақобатни енгиш уларга осон кечмайди.

Юлиан ВАЙГЛЬ

Ушбу футболчи ўтган мавсум «Мюнхен-1860» клубининг битта ўйинини захира ўриндиғида кузатган бўлса, атиги икки марта ўйин қайдномасига киритилмади. Дортмунднинг «Боруссия» клуби ёш иқтидор эгаси ҳисобига ҳимоя ва майдон марказини мустаҳкамлаш, Нури Шахин, Свен Бендер ҳамда Гонсало Гас­тро кабиларнинг ўрни билдирмасликка интилди. Юлианнинг мунтазам равишда асосий таркибга киритилишини аввалдан тахмин қилиш қийин эди. 19 ёшли футболчи Томас Тухель тузган ўйин жараёнида муҳим ўрин тутяпти.

«Бавария» устози Пеп Гвардиоланинг фикрича, Германия термасининг 21 ёшга тўлмаган аъзолари мамлакат бош жамоасида ўйнашга муносиблар. Вайглнинг имкониятлари Тухелни ҳам бефарқ қолдирмади. Матбуот ушбу ярим ҳимоячига ўзига хос таъриф беришга ҳам улгурди - «Беккенбауэр каби нафосатли!»

Юлианнинг янги жамоага мослашуви кишини ҳайратлантиради. Ҳар бир ўйинда ўзини хотиржам тутади. Унинг узатмалари деярли ҳар бир вазиятда шерикларига аниқ бориб тушади. Бу борадаги ноаниқликнинг 10 фоизни ташкил этиши «Боруссия» аъзолари орасидаги энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди. Вайгль ҳар бир баҳсда тўпни ўртача ҳисобда 95 марта қабул қилади. Илкай Гюндоган билан бирга дортмундликлар ўйинига жозиба бахш этади.

Энтони МОДЕСТ

Ҳужумчи Энтони Уджнинг ёзда «Вердер»га ўтиши «Кёльн» фанатларини ҳайрон қолдирганди. Бироқ янги мавсумнинг илк ўйинидан сўнг нигериялик футболчини ҳеч ким ёдга олмади. Чунки «Хоффенхайм»дан келиб қўшилган Энтони Модест кубок баҳсида «хет-трик» қайд этди, жамоа эса 4:0 ҳисобида зафар қучди. Клубнинг янги аъзоси чемпионатнинг дастлабки турида Штутгартда битта гол уриб, бир марта самарали тўп узатиши билан ёдда қолди. Франциялик иқтидор эгаси шу зайл барқарорлик кўрсатишда давом этмоқда. Ҳозиргача сермаҳсуллик бобида 8 очко тўплашга улгурди - 6та гол ва 2та голли пас. Айнан Модестнинг хизматлари эвазига «Кёльн» жорий мавсумнинг 8та туридан сўнг ўз ҳисобига 13та гол ёзиб қўйди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида клуб атиги 6та гол билан кифояланганди.

Умуман, Модест «Кёльн» футболчилари томонидан урилган 17та голнинг 11тасида бевосита иштирок этди. Франциялик ўйинчи жамоасининг тўртта ўйинида ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди. Бундеслигада бундай давомийликни ҳозирча ҳеч ким қайд этганича йўқ. Мавсум арафасида France Football нашрига интервью берган ҳужумчи 15та тўп киритиш нияти борлигини яширмаганди. Модест шундай кайфиятда давом этса, мақсадига етиши муқаррар.

Йоханнес ГАЙС

«Ёш бўлишига қарамай, у бундеслиганинг энг яхши олти нафар ўйинчиларидан бири бўлиб турибди», - «Шальке» бош мураббийи Андре Брайтенрайтер биринчи турдан кейиноқ Гайсга шу тариқа қисқа ва аниқ таъриф берди.

22 ёшли ярим ҳимоячи ёзда Майнц­ни Гельзенкирхенга алмаштирди. «Шальке» мутасаддилари ёш ўйинчининг салоҳияти ва иқтидорига шубҳа қилмаяптилар. Гайснинг асосий таркибдан муқим ўрин эгаллаётганига ҳайратланмаса ҳам бўлаверади. Ҳозиргача ўтказилган тўққизта ўйиннинг барчасини дастлабки дақиқалардан бошлаган футболчи фақат бир марта алмаштирилди.

Бу табиий ҳол, зеро таянч ярим ҳимоясида рақиб режасини барбод этиш билан шуғулланувчи Гайс жамоасининг ҳужумларидаги ранг-барангликка замин ҳозирлайди. Унинг узатмалари деярли барча вазиятларда манзилга аниқ етиб боради. Жорий мавсумда 72 марта узоқ масофага тўп оширган футболчи мазкур кўрсаткич бўйича етакчига айланган. «Шальке» рақиблари дарвозаси томон йўлланган 24та зарбада бевосита Гайснинг иштироки бор. Шунингдек, у стандарт вазиятларни ҳам аъло даражада ижро қилади - ҳозиргача унинг аниқ тўп узатмаларидан сўнг уч марта тўп киритилди.

Ведад ИБИШЕВИЧ

Ушбу футболчи «Герта» сафига қўшилгач, иккинчи ёшлик даврини бошдан кечирмоқда. Сўнгги пайтларда Ибишевични «Штутгарт»да деярли кўрмаётгандик. Босниялик футболчи жароҳат ва беқарорликка қарши астойдил курашди, аммо аввалги ҳолатини тиклай олмади. Мавсумнинг иккинчи ярмида Ибишевич майдонда бор-йўғи 173 дақиқа ўйнади, 10та баҳсда захира ўриндиғида ҳам кўриниш бермади. Шу тариқа, чемпионат якунлангач клубни тарк этди. Голлар-чи? Албатта, бирор марта тўп киритмади.

Берлиндаги фаолияти эса айнан Ведад ўйлаган режа асосида кечяпти. 31 ёшли футболчида қатъиятлилик сезилмоқда. 4-турда захирадан майдонга тушган бўлса, кейинги 5та ўйиннинг бошланғич таркибига киритилди.

Ибишевичнинг майдонда борини бериб ўйнаётганини сезиш қийин эмас. Ҳар бир баҳсда ўртача ҳисобда 11,4 километр масофани босиб ўтади, 22 марта тўпни олдинга ташлаб югуради ҳамда яккакурашларнинг 67,8 фоизини ўз фойдасига ҳал қилади. Бу уринишлар самара бермай қолмади - олтинчи ва саккизинчи турларда «дубль» қайд этган форвард «Герта»нинг иккита муҳим ғалабасига муносиб улуш қўшди.

Ўткир Умаров тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:40, 26.10.2015.
Ўқилди: 3074 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.