Кириш Регистрация

Футбол хаёллари тилга кўчганда (давоми)

Баҳо:
+ | -

ФИФА|ОФК мураббий-инструктори Ислом Аҳмедовнинг бу галги тавсиялари асосан, болалар футболида эътибордан четда қолаётган айрим жиҳатларни ўз ичига қамраб олади. Бу маслаҳатлар яшил майдонга аста-секин қадам қўяётган футболчиларни шуғуллантиришни ўз зиммасига олган мураббийлар фаолиятида қўл келса, ажабмас.

Мен буюк футбол мутахассиси, афсонавий мураббий Б. Аркадьевнинг сўзларидан парча олишни маъқул кўрдим. Келгусида ҳам унинг тажрибаларига таяниш ниятим йўқ эмас.

Маҳоратнинг футболдаги ўрни қандай?

Эътибор берсангиз, аксарият ўйинчилар фаолиятларининг сўнгги паллаларидагина ҳақиқий футбол намойиш этишни бошлайдилар. Бошқалар эса масаланинг асл моҳиятини тушунмаган ҳолда бутсаларини михга илишади. Ҳеч нимани тушуниб улгурмай, ўзларини мураббийликка уришади, ҳеч нимани тушунмай, ёш авлодни шуғуллантиришади.

Футболчилар жисмоний ҳолатлари ёмонлашган пайтдагина астойдил ўйнашга интиладилар. Бу масалага ке­йинроқ батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса футболдаги маҳоратнинг ўрни хусусида гаплашсак.

Ўқув-машғулот жараёнига ўзгартириш киритишдан мақсад - ҳар бир ўйинчи яхши сифатларини фаолиятининг сўнгги паллаларида эмас, балки энг порлоқ даврида намойиш эта олсин.

Биз болалар, ўсмирлар ва ёшлар билан ишлаш чоғида шундай йўл тутайликки, кейинги машғулот жараёнида, ўйиндан-ўйинга уларнинг МАҲОРАТлари ошаверсин.

Фикрларимни ўқиётган барча мураббийлар ҳамда футбол ихлосмандларига шуни айтмоқчиманки, футболдаги МАҲОРАТ тушунчасини аниқ анг­лаб олиш лозим. Хўш, аслида бу нима ўзи? Бир сўз билан айтганда, бу футболни ТУШУНИШ дегани!

Вақт ўтгани сайин футболчи ўйин амалиётига эга бўлиб бораверади. Буни ўша спортчининг бир неча йилдан сўнг майдонда намойиш этган ўйинига қараб англаб олиш қийин эмас. Кимдир буни эртароқ англайди, кимдир кечроқ, айримлар эса айни хусусиятдан умрбод мосуво бўладилар. Хўш, бу нимага боғлиқ? Футболчи айнан кучга тўлган пайтида шу тушунчани англаши учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак?

Сир эмаски, футболда тўртта омил муҳим аҳамият касб этади - техника, тактика, жисмоний ва руҳий тайёргарлик. Аммо нимадир ўхшамаса, ҳамма футболчининг жисмоний ҳолати ёмонлигини рўкач қилади. Ёмон томони, маҳоратли ўйинчилар тайёрлаш хусусида гап кетганда, бор эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратамиз. Ахир илмий асосланган, рақамларга таянган, аниқ тавсияларга эга бошқа услублар ҳам бор-ку.  Қачонки шогирдларимизнинг футболни тўғри тушунишларини таъминлай олсак, ҳақиқий футбол гувоҳига айланамиз. Тўғри, турли жисмоний сифатларни ривожлантириш лозимлигини инкор этолмаймиз, аммо уларни амалга ошириш учун маълум давр бўлади. Футболда иккита муҳим сифатлар бор - куч ва аэробик имкониятлар.

Куч специфик машғулотлар эвазига ривожлантирилмайди. Аэробик имкониятлар эса аксинча, айнан ўзига хос машғулотларда кучайтирилади. Кўпчилик мазкур фикрга қўшилмаслиги мумкин. Бунга уларнинг ҳаққи бор.

Биз ҳозир профессионал футбол ҳақида гапиряпмиз. Майдонда тўп суришни хоҳлаганлар орасидан саралаб олинган ўйинчилар билан ишлаяпмиз. Улардаги туғма қобилият бошқалардан ажралиб туришларига замин яратади. Болаларни шуғуллантириш ва тарбиялаш чоғида асосий эътиборни техника ҳамда ўйин пайтида фикрлаш салоҳиятини юксалтиришга қаратишимиз даркор. Бош­қа сифатларни уларга табиат инъом этиб бўлган, шундай экан, ўйин ҳолатидан чалғимай, бошқа спорт турларида ишлатиладиган жисмоний тайёргарлик услубларидан фойдаланиш керак. Болакай футболга дастлабки қадамларни қўйсаю, машғулот жараёнларида умуман бошқа, футболга тааллуқли бўлмаган ишлар билан шуғулланиши ачинарли, албатта. Ваҳоланки, у клуб ёки мактабга айнан футбол ўйнаш мақсадида ташриф буюради. Шундай паллаларда мураббийларга қуйидагича хитоб қилгим келади: «Майдонни ажрат, болаларни иккита жамоага тақсимла, тўпни бер ва четга чиқиб, уларнинг футболдан роҳатланишларини жим кузат!» Асосийси, ушбу ёш авлод вакиллари улғайгач, техник жиҳатдан етукликка эришсинлар, ўйинни ҳис қилиш салоҳиятлари ривожлансин. Биз тактиканинг 12 ёшдан бошлаб ўргатилишидан яхши хабардормиз. Бунга қадар улар тўп билан муомала қилиш техникаси, ўйинни уқий олиш қобилиятини кучайтиришлари лозим. Бунинг учун улар машғулот жараёнида  ўйин машқларига кўпроқ вақт ажратишлари муҳим. Уларни футбол қоидаларига максимал даражада яқинлаштириш мақсадга мувофиқ - тўпни ол ва берма, ҳужум қил ва ҳимоялан, ҳаммаси шу йўналишда давом этади. Барча ўйинлар кичик майдонда бўлиб ўтиши, иштирокчилар сони 5 нафардан ошмаслиги аҳамиятли. Уларнинг ҳар бири кўпроқ ўйнаши талаб этилади. Битта техник элементни кўрсатиш керак, болакай уни бажаришга уриниб кўради. Мураббий унинг хатосини кўрсатгач, ёш футболчи ўша ҳаракатни яна бир марта амалга оширади, хоҳласа, уйида ҳам бўш вақтларида шу машғулотни такрорлаши мумкин. Машғулотда бунинг учун атиги 15 дақиқа кифоя қилади. Қолган вақтини ўйнашга сарфласин. Мураббийнинг вазифаси - кичик майдондаги ўйин қоидасини тушунтириш, четдан туриб кузатиш ва ўйинга халақит бермаслик. Футбол ўйинининг ўзи зарур жисмоний сифатларни ривожлантиради. Тўп билан яхши муомала қила оласанми, демак танангни ҳам назорат қила олишинг лозим. Болаларнинг ўйнашига халал бермаслик натижасида уларнинг масъулиятни ўз зиммаларига олишлари, мустақил қарор чиқаришни ўрганишларига замин ҳозирлаймиз. Шу тариқа, етук шахсни тарбиялаган бўламиз! Бу услуб болакай 12 ёшни қаршилагунга қадар давом этади. Кейин эса тактик жараёнларни бемалол олиб бориш мумкин. Улар бунга тайёр турадилар.

(Давоми кейинги сонларда).

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 22:25, 26.10.2015.
Ўқилди: 2268 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.